Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фотомақола. «Сени Оролқум дейишларини истамайман!»

Фотомақола. «Сени Оролқум дейишларини истамайман!»

Фото: «Xabar.uz»

Устюртдан Орол денгизигача бўлган узоқ йўлни босиб ўтгунимизча қош қорая бошлади.

Бу ҳудудлар бизда худди бошқа сайёрага тушиб қолгандек таассурот уйғотди. Унинг табиати, манзараси Ўзбекистоннинг бошқа ҳеч бир ерига ўхшамайди. Каньонлар, чинклар... Туз кўплигидан оппоқ тус олган тупроқ оёқ остида худди қордек ғичирлаши ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Айниқса, тақир чўлда чиғаноқларнинг сочилиб ётгани, одамзодга «кўраяпсанми, яқиндагина бу ерлар денгиз эди, энди эса чўлга айланди» дея мунгли боқиб турганга ўхшайди. Бир авлод кўз ўнгида (тарих учун бу жуда қисқа муддат) қуриб бораётган денгиз ўрнида ҳосил бўлган Оролқум саҳроси ҳали денгиз қолдиқларидан буткул қутулмагани учун ўзини жуда ноқулай сезаётгандек туюлди менга. Чўл бостириб келаётгани билан денгиз ҳам таслим бўлмаяпти... Икки унсурнинг бешафқат кураши кўз ўнгимизда рўй бераяпти. Албатта, бу курашда одамлар денгиз тараф (кеч бўлса-да), лекин кучлар тенг бўлмагач, борини сақлаш, қолганидан тўғри фойдаланиш, бундан буёғига фожиа деб қарамай ундан унумли фойдаланиш йўлларини қидиришни бошлашди. Чайқалиб-чайқалиб кетаётган автомобилда шу ҳақда ўйлаб борарканман, камгап ҳайдовчимиз Ойберган аканинг овози эшитилди, «тенгиз» деди у секингина.

Барчамиз бирдан ҳушёр тортдик.

— Тенгизга яқинлашиб қолдик дейман, — деди Ойберган ака энг қадрли нарсаси ҳақида гапираётгандек овози ғурур ва фахрдан титраб, кейин қўли билан ўнг тарафга ишора қилди.

Ҳамма машина ойналарига ёпишди, лекин олдинда оппоқ текисликдан бошқа ҳеч нарса кўринмасди. Биздан олдин келган машиналар қаторидан жой олганимиздан сўнг атрофга ҳайрон бўлиб қарадим. Чунки бу яқин атрофда денгиз кўринмас, ҳеч бўлмаса шабада ҳам сув нафасини олиб келмасди...

— Қани денгиз?! — дедим йўл бўйи жиддий келган одам наҳотки ҳазиллашган бўлса деган хаёлда.

— Шу томонга қараб юраверасизлар... У ёғига машина бормайди, — деди Ойберган ака қуюқ туман томонни қўли билан кўрсатиб.

Шошганча туз босган майдон бўйлаб юриб кетдик. Оёқ ости худди қорда юргандек ғичирлайди. Ҳар қадам босганингизда оёқкийимингиз ботиб кетаверади. Юриш осон эмас. Бироз юргандан сўнг туман юпқалашиб, узоқдан ҳамроҳларимиз кўринди. Атрофга ғалати жимлик чўккан. Ҳамма денгизни тезроқ кўриш истагида олдинга интилади. Бироздан сўнг туман буткул тарқаб, кўм-кўк тасмадек бўлиб сув кўринди.

Денгиз! Ўз-ўзидан кўнглим қувончга тўлиб, сув томон югурдим.

Орол!

Қартайиб, хасталанган Орол бизни бироз бегонасираб қарши олгандек туюлди. Тўлқинлари шошмади. Секин-секин жимирлаб, ошиқмай қирғоқ томон келар ва яна секингина ортга қайтарди.

Денгиздан қўлимга бир ҳовуч сув олдим. Кўнглимдан ғалати туйғулар ўтди. Йиғлагим келди. «Қуримагин, илтимос! Сен яшашинг керак! Бизга жуда кераксан, Оролжон! Сени Оролқум деб аташларини истамайман! Кечадан буён шу сўз кўнглимга тошдек ботаяпти. Сен денгизсан, Орол денгизисан...». Орол кўнглимдан ўтганларни тушунгандек жимирлаб қўйди.

Хаёлларимни Октябр аканинг сўзлари бўлди. Жонкуяр, ўз денгизини, ўз Мўйноқини жондан ортиқ яхши кўрадиган Октябр ака энди Орол фожиаси ҳақида гапирарди:

— Орол денгизи ҳақидаги илк маълумотлар X-XI асрларга тегишли. Уни тарихчилар Қипчоқ кўли деб ёзишган.

Орол денгизи ҳақида маълумот расман 1848 — 1849-йилларда қайд этилган бўлиб, у харита Лондонда чоп этилган...

Мўйноқда 33 миллат вакиллари яшаган, кўплари сургун қилинган зиёли кишилар бўлган.

Орол куйчиси деб аталган Рафаэл Матевосян ҳақида Октябр ака тўлқинланиб сўзлади.

— 1965-йилларда Рафаэл Матевосян бир куни тонгда қаттиқ йиғи-сиғи ва шовқиндан уйғониб кетади. Хаёлига биринчи бўлиб «уруш бошланибди!» деган совуқ фикр келади ва югуриб ташқарига чиқади.

Балиқчилар бор овоз билан йиғлашар, одамлар табиатнинг тушунарсиз ҳодисаси олдида ваҳимага тушишганди. Рассом ваҳима сабабини аниқлаш учун атрофга аланглаб, қотиб қолади. Кечагина тўлқинланиб турган денгиз бир кечада салкам икки юз метр чекинганди! Қайиқлар сувсиз қолган балиқдек бир ёнга ёнбошлаб қолган... Тўсатдан келган офат барчани чўчитиб қўйганди.

Аслида бу офат тўсатдан келмаган, суви камайиб бораётгани ҳақида денгиз йиллар давомида ишоралар берган, чайкалар ўз уйларини ташлаб кетган, балиқларнинг айрим турлари ўз маконини тарк этган, айримлари эса қирилиб кета бошлаган. Лекин одамлар ҳушёр тортишмаган!

Бундан қаттиқ таъсирланган рассом кўплаб суратлар чизади. Унинг Орол денгизини тараннум этувчи суратлари ҳозир Мўйноқдаги ўлкашунослик музейида сақланади.

Сувнинг бир кечада камайишига турли сабаблар кўрсатилади. Айримлар сув ости ерларининг ёрилиши туфайли сув Каспий томонга оқиб кетган деса, айримлар собиқ иттифоқ даврида аллақандай махфий операциялар ўтказилиб, портлаш рўй берган дейди. Бошқа тахминларга кўра сувни ўйламай сарфлаш, Мирзачўл қўйнида шаҳар яратишдек ғайриоддий истак сабаб Орол денгизи ўз қирғоқларидан чекинган.

Бу тахминларнинг қай бири ҳақиқатлигини билмаймиз, балки ҳеч қачон билмасмиз ҳам. Лекин факт шуки, денгиз кетди, ўз қирғоқларидан анча узоқларга кетди. Ўзи билан бирга сув жониворлари ва атрофга кўрк бериб турган ўсимликларни ҳам олиб кетди.

 Артемия ва ривожланиб бораётган туризм соҳаси

Яқин-яқин вақтларгача Орол денгизи Марказий Осиё иқтисодиётини ривожлантириш, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва барқарор инфратузилмани шакллантиришда муҳим ўрин тутар эди. Айтишларича, Оролбўйи сув ҳавзаларида йилига 35 минг тоннагача балиқ овланган, Амударё ва Сирдарё миллионлаб одамларнинг қишлоқ хўжалигида иш билан бандлигини таъминларди.

Сўнгги эллик йилда Орол денгизининг суви салкам 14 баробар камайди, шўрланиш даражаси эса 25 баробар ортган. Натижада денгиздаги балиқ ва бошқа мавжудотлар деярли йўқолиб битган.

Аслида Оролбўйида рўй бераётган фожиа кўламини рақамлар билан ифодалаб бўлмайди. Денгизнинг қуриши бутун Марказий Осиёда иқлим кескин ўзгаришига олиб келди, ёзнинг ўта иссиқ, қишнинг ўта совуқлиги, тоғлардаги музликларнинг эриши тезлашгани шароитни янада оғирлаштирди.

Афсуски, бугунги кунда Оролни тўлиқ тиклаш имкони йўқлиги аён бўлмоқда. Оролнинг қуриган қисмида ҳосил бўлган миллионлаб гектардан ортиқ майдондаги янги саҳро тобора кенгайиб бормоқда. У ерда ҳар йили 100 миллион тонна чанг ва туз атмосферага кўтарилиб, анча олисларга ҳам тарқалмоқда.

Шундан сўнг тезкор чоралар кўрила бошланди, юқорида айтганимдек, энг аввало Амударё суви қумга сингиб кетишининг олди олиниб, алоҳида сув ҳавзаларида балиқчиликни ривожлантириш йўлга қўйилди.

Октябр ака бизга денгиз қирғоқларидаги сувда сузиб юрган қизил жонзотлар ҳақида ҳам гапириб берди. Артемия деб аталадиган бу жонзотлар савдоси билан шуғулланиш ҳозирги кунда ҳудудда анча ривожланган.

Маълумотларга кўра Орол денгизининг ҳар бир литрида 1960-йилларда 10-12 грамм туз бўлган. Сув таркиби ўзгаргач, маҳаллий балиқлар қирилиб кетганлиги сабабли унга қалқонбалиқ сингари ҳар хил океан балиқлари олиб келинди. Орол денгизи сувида фақат битта жонзот яшаб қолди. У ҳам бўлса — артемия.

Балиқчилик соҳасини ривожлантиришда артемия цисталарини кўпайтириш яхшигина самара берди.

Бугунги кунда Орол денгизидан артемия цисталарини йиғиб олиб сотиш билан шуғулланувчи ўндан ортиқ фирма ва корхоналар мавжуд. Уларни балиқчилик билан шуғулланувчи қатор давлатлар сотиб олмоқда. Ўзимиздаги балиқчилик билан шуғулланувчи корхоналарга ҳам етказиб берилаяпти.

Қолаверса, бугунги кунда денгиз соҳили сайёҳлар учун дам олиш ҳудудига айлантирилмоқда. Дунёнинг турли мамлакатларидан келувчи сайёҳлар мазкур ҳудудга одамзотнинг тузатиб бўлмас хатоси туфайли қуриётган денгизни ўз кўзи билан кўришни исташи табиий. Уларга қулай шароит яратиб бериш, туристларни жалб этиш мақсадида айни пайтда Орол денгизининг суви сақланиб қолган Оқтумсиқ бурунида сайёҳлар сайр қилиши, денгизнинг тузли сувида сузиши ва бетакрор Орол, Устюрт ландшафтларидан баҳраманд бўлиши учун 12 ўтовдан иборат туристик мажмуа ташкил этилган. Биз ҳам айнан мана шу мажмуага жойлашдик.

Оролбўйида юзага келган экологик мувозанатни мустаҳкамлаш, чўлланишга қарши курашиш, сув ресурсларидан тежаб-тергаб фойдаланиш, Оролбўйи аҳолисининг генофонди ва саломатлигини сақлаш учун шароит яратиш, аҳоли турмушини яхшилаш учун шароит яратилмоқда.

Оролни қутқариш халқаро жамғармасига аъзо бўлган деярли барча мамлакатлар Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари каби сувни тежаш, Оролбўйини қайта тиклаш ва ривожлантириш бўйича миллий дастурларни амалга оширмоқда. Сувни тежайдиган технологиялар кенг жорий қилинмоқда.

Бундан ташқари туз бўронлари минтақага хавф солишини камайтириш мақсадида Оролқумнинг 310 минг гектардан зиёд ерида саксовулзорлар яратилди, ўрмон ва тўқайлар барпо этилаяпти. Натижада туз кўчирмайдиган яшил белбоғлар пайдо бўлмоқда.

Октябр Дўспановнинг айтишича, Оролга обиҳаёт қайтмоқда. Айрим сув ҳавзаларида балиқчилик тикланмоқда. Табиий ҳавзаларда сув кўпайган.

Бу дунё қанчадан-қанча мўъжизаларни кўрган, балки саъй-ҳаракатлар бесамар кетмас, балки кун келиб денгизнинг бир қисми тикланар. Ҳар ҳолда яхши ният қилган яхши-да... Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган «UzWaterAware» лойиҳаси доирасидаги Марказий Осиё минтақавий экология маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил этилган медиа-турнинг якуний қисмини тез орада эътиборингизга ҳавола этамиз.

Дилфуза Собирова

Мўйноқ — Тошкент

Давоми бор

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг