Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев болалардаги туғма касалликларни барвақт аниқлаш бўйича давлат дастурини тасдиқлади

Шавкат Мирзиёев болалардаги туғма касалликларни барвақт аниқлаш бўйича давлат дастурини тасдиқлади

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 25 декабр «2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қарорга мувофиқ, 2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури иловага мувофиқ тасдиқланади. Қуйидагилар Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди:

— «Она ва бола скрининг» марказларини юқори технологик диагностика тиббиёт ускуналари, бутловчи буюмлар, реагентлар ва зарур материаллар билан жиҳозлаш орқали уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

— ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойида аёлларни марказий кўп тармоқли туман (шаҳар) поликлиникаларида туғишдан олдин оммавий текшириш ва хавф гуруҳига кирадиган ҳомиладор аёлларда генетик синдромларни биокимёвий текширишни босқичма-босқич жорий этиш йўли билан ҳомилада туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш ва уларга барвақт ташхис қўйиш чора-тадбирларини такомиллаштириш;

— ҳомилада ва кичик ёшдаги болаларда хромосом синдромлар диагностикасида лаборатория диагностикасининг замонавий усулларини, шу жумладан, цитогенетик ва молекуляр-цитогенетик технологияларни жорий этиш;

— болаларда ирсий касалликларга барвақт ташхис қўйиш усулларини такомиллаштириш орқали чақалоқларни оммавий текшириш, шунингдек, бемор болаларни дори воситалари ва даволайдиган овқатлар билан таъминлаш орқали ирсий касалликларни даволаш самарадорлигини ошириш;

— «Она ва бола скрининг» марказларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва амалий соғлиқни сақлашга замонавий жаҳон тажрибасини жорий этган ҳолда халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Нукус, Бухоро, Самарқанд ва Фарғонадаги «Она ва бола скрининг» марказларида минтақалараро цитогенетик лабораториялар ташкил этилиб, улар юқори технологик тиббиёт диагностика ускуналари билан жиҳозланади.

Давлат дастурини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Соғлом авлод учун» халқаро нодавлат хайрия жамғармаси томонидан белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кириладиган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган юқори технологик диагностика тиббиёт ускунаси, бутловчи буюмлар, реагентлар, зарур материаллар, болалар даволовчи овқати, дори воситалари 2023 йил 1 январгача бўлган муддатда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно) озод қилинади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Соғлом авлод учун» халқаро нодавлат хайрия жамғармаси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан биргаликда аҳоли орасида туғма ва ирсий касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олиш зарурлиги тўғрисида кенг тушунтириш ишларини ташкил этиши бўйича топшириқ берилди.

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С.Касимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.В.Акмалов зиммасига юкланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг