Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев кимё саноатидаги камчиликларни бирма-бир санаб ўтди

Шавкат Мирзиёев кимё саноатидаги камчиликларни бирма-бир санаб ўтди

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 28 декабр куни кимё саноати корхоналарининг бугунги молиявий-иқтисодий ҳолати ва соҳани ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Кимё саноатида ютуқлар билан бир қаторда узоқ йиллар давомида сақланиб келган тизимли муаммолар ҳам бор. Масалан, минерал ўғит ишлаб чиқарувчи саноат корхоналари оғир молиявий аҳволга тушиб қолган.

— Қишлоқ хўжалигини молиялаштиришга умуман эътибор берилмагани ёки масалага юзаки ёндашилгани ушбу соҳадаги ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида нуқсонлар юзага келишига сабаб бўлмоқда, — деди Президент.

«Ўзкимёсаноат» АЖга тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018-2019 йилларда кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва рақобатбардошлигини оширишнинг аниқ чора-тадбирлари дастурини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир муаммо — асосий технологик ускуналарнинг эскирганидир. Бунинг оқибатида ишлаб чиқаришнинг технологик тартиблари издан чиқмоқда, маблағ етишмаслиги сабабли ускуналар жорий ва капитал таъмирдан ўтмаяпти.

Йиғилишда илмий-тадқиқот, малака ошириш ва диагностика марказлари ҳамда лойиҳа институтлари фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Кимё соҳасини ривожлантириш ва жаҳон бозорларида рақобатбардошликни таъминлаш, тармоқни тубдан диверсификациялаш кўп жиҳатдан илмий-тадқиқот, лойиҳалаш, инжиниринг, диагностика марказлари ва, асосийси, малакали кадрлар салоҳияти билан бевосита боғлиқдир. Аммо бу йўналишдаги аҳвол ҳам ҳозирча қониқарсиз ҳолатда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, «Ўзкимёсаноат» АЖга тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, Жанубий Корея кимёвий технологиялар тадқиқотлари институти билан биргаликда «Ўзкимёсаноатлойиҳа» лойиҳалаш институти ва Тошкент кимёвий технологиялар илмий-тадқиқот институти негизида илмий-тадқиқот, инжиниринг ва лойиҳалаш, диагностика ҳамда ходимлар малакасини ошириш йўналишларини ўзида мужассам қилган ягона марказни яратиш вазифаси топширилди.

Муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг