Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев наманганлик сайловчилар билан учрашди (фото)

Шавкат Мирзиёев наманганлик сайловчилар билан учрашди (фото)

Фото: Президент Матбуот хизмати

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 27 сентябрь куни Наманган вилояти сайловчилари билан учрашди.

Учрашувни номзоднинг Наманган вилояти бўйича ишончли вакили И.Нажмиддинов очди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.

Бу дастур барча соҳаларни қамраб олган ўнта устувор йўналишдан иборат. Жумладан, илм ва инновацияларга асосланган янги иқтисодиётни барпо этиш, фаол тадбиркорлик ва манзилли молиявий кўмак орқали камбағалликни қисқартириш, қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, таълим сифатини кучайтириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш, халқчил ва инсонпарвар давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юритиш, маданий-маънавий соҳаларни юксалтириш бўйича режалар бегиланган.

Охирги беш йилда Наманган вилоятида маҳаллий саноат қарийб 2 баробарга ўсгани, жами 277 мингта янги иш ўрни яратилгани қайд этилди. Шу билан бирга, аҳолининг яшаши ва ишлаши учун шароитларни яхшилаш бўйича долзарб масалалар кўп.

Номзоднинг дастурида келгуси беш йилда Наманган вилоятида 400 мингта янги иш ўрни яратиш, аҳоли даромадини камида 2 бараварга ошириб, камбағалликни 2 бараварга  қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Хусусан, тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 164 минг иш ўрни ташкил этиш мўлжалланган. Вилоятда “драйвер” бўлган тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика, қурилиш материаллари, мебелсозлик каби соҳаларда 7 миллиард долларлик 10 мингдан зиёд инвестиция лойиҳасини амалга ошириш орқали 150 мингта янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган.

Хизматлар соҳасининг асосий “ўсиш нуқталари” ички ва ташқи туризм, савдо ва логистика йўналишлари бўлиши таъкидланди. Наманган вилоятини йилига ўртача 1,5 миллион нафар сайёҳларни қабул қилувчи марказга айлантириш мумкинлиги айтилди.

Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар давом эттирилиб, 80 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланади. 11 минг гектардан зиёд майдон аҳолига очиқ танлов асосида, узоқ муддатли ижарага берилади.

Маърузада уй-жой қуриш, йўл-транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, вилоятда келгуси беш йилда жами 16 минг хонадонли 700 та кўп қаватли уй қурилади. Марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 85 фоизга етказилади. Янги шифохоналар ташкил этилиб, аҳолига юқори технологик тиббий хизматлар кўрсатиш кўлами кенгайтирилади.

Наманганда келгуси беш йилда 7 та олийгоҳ ташкил этилиб, жами олий ўқув юртлари сони 10 тага етказилади. Ибрат ижод мактаби негизида Чет тиллар олийгоҳи ташкил этилади.

– Мен оддий зиёли оиласида улғайганман, инсон ҳаётда ўз мақсадига эришиш учун тинимсиз ҳаракат қилиши, қийинчилик ва муаммолардан қўрқмаслиги кераклигини чуқур англайман. Бу борада бутун халқимиз қатори юраги тоза, оқкўнгил наманганлик юртдошларимизнинг ишончи ва ёрдамига таянаман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Учрашувда партия вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва бошқаларни ҳам шунга даъват этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг