Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев Ховосдаги ғўза даласини кўздан кечирди

Шавкат Мирзиёев Ховосдаги ғўза даласини кўздан кечирди

President.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Ховос туманидаги «Саховат» фермер хўжалиги даласида бўлиб, ғўза ривожини кўздан кечирди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

«Бек кластер» корхонасига қарашли мазкур хўжаликда жорий мавсумда ғалладан 455 тонна ҳосил олиниб, 314 миллион сўмдан зиёд соф фойда кўрилган. Бўшаган майдонга экспортбоп дуккакли экинлар экилган.

Ҳозирда 50 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда.

Давлат раҳбари далага кириб, пахта ривожини кўздан кечирди.

Бу ерда Сардоба сув омбори қурилган, зараркунандаларга қарши курашиш учун Сирдарё вилоятига бюджетдан 10 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган.

— Далага чиқишдан мақсад нима ўзи? Даромад топиш! Даромадни эса биринчи навбатда қўшимча ҳосил таъминлайди. Шунинг учун теримгача ҳар бир тупга камида бештадан кўсак, гектарига беш центнердан пахта қўшишга ҳаракат қилиш керак, — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда вилоят туманлари ва секторлар раҳбарлари, нуронийлар, фермер ва тадбиркорлар билан учрашув бўлди. Унда қишлоқ хўжалиги ва кичик бизнесни ривожлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.

Сирдарё вилоятида бу йилги ҳосил учун 73 минг гектар майдонда чигит экилган. Баҳор ойлари серёғин келгани оқибатида айрим майдонлар бузилиб, қайта экилган.

Вилоят ва соҳа мутасаддиларига қолоқ майдонларнинг ҳар бир контури бўйича назоратни йўлга қўйиб, биостимуляторлар билан ишлов бериш, барча агротехник тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Бу йил пахтанинг харид нархи ўтган йилгига нисбатан қарийб 1,3 баробарга кўпайтирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг