Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёевдан таъзия: Ўзбекистон Қаҳрамони вафот этди

Шавкат Мирзиёевдан таъзия: Ўзбекистон Қаҳрамони вафот этди

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тизимида кўп йиллар самарали меҳнат қилиб, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган ва халқимиз ҳурматига сазовор бўлган Ўзбекистон Қаҳрамони Аваз Эргашев шу йил 25 декабр куни вафот этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

А.Эргашев сўнгги йилларда нафақада бўлишига қарамасдан, жамоат ишларида фаол иштирок этиб, қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш, ёшларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, аграр тармоқни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришиш борасида ўзининг маслаҳат ва ёрдамини аямай, аҳоли ўртасида юксак обрў-эътиборга эга эди.

Унинг кўп йиллик самарали меҳнати давлат томонидан муносиб тақдирланиб, Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан мукофотланган эди.

Ўзбекистон Қаҳрамони Аваз Эргашев
Фото: ЎзА

Ўзбекистон Қаҳрамонининг вафоти муносабати билан Ўзбекистон ҳукумати — Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов, А.Арипов, З.Мирзаев, Б.Юсупов, Т.Жўраев марҳумнинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.

Маълумот учун, А.Эргашев 1949 йилда Жомбой туманида туғилган. Фаолияти давомида Жомбой туманидаги жамоа хўжалигида бригада бошлиғи, бош агроном ва хўжалик раиси вазифаларида, шунингдек, «Жомбой дон» акциядорлик жамияти, туман машина-трактор паркида раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилган. 2009-2015 йилларда Жомбой туманидаги «Аваз агро ҳосил» фермер хўжалиги бошлиғи сифатида самарали фаолият олиб борган.

Таҳририятимиз номидан А.Эргашевнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг