Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шофирконлик тўралар одамларнинг арпасини хом ўрди

Шофирконлик тўралар одамларнинг арпасини хом ўрди

Фото: Ҳасан Саломов

Шофирконда гап тарқади. «Президент томорқаларни олармиш». Бир-икки танишлар менга қўнғироқ қилиб, «Ҳақиқатан ҳам томорқаларимизни олишадими?», «Президент шундай кўрсатма бергани ростми?» дея сўрашади. Уларнинг кўнглини тинчлантириш учун «Йўқ, бўлмаган гап, ака» дейман. Чунки Президентнинг ҳар бир учрашув ва нутқини синчковлик билан кузатиб борадиган одам бундай сафсатага ишонмаслиги турган гап.

«Шофирконда ҳамма нарса бўлиши мумкин»ми?

Шов-шувлар болалаб турган бир паллада қишлоққа боришимга тўғри келди. Одамлар салом-аликдан ҳам аввал «Томорқаларимиз кетадими энди?» деб сўрашар, мен эса «Қўрқманг, томорқангизга ҳеч ким тегмайди», «Дунё бесўроқ эмас, Президент томорқани даромад манбаига айлантиринглар деб турган бир пайтда биров сизнинг томорқангизга киришга журъат қилолмайди» деб уларнинг кўнглини тинчлантираман.

Фото: Ҳасан Саломов

Дақиқа ўтгани сайин айни шу шов-шувлар ҳақиқатга айланиб борди. «Ҳоким, прокурор, начальник мелиса фалон қишлоққа бориб, ҳамманинг томорқасини шудгор қилиб ташлабди», «Фалон қишлоқда одамлар ўзини «Магнум»нинг тагига ташламоқчи бўлибди», «Эрта «Магнум» келаркан, индин келаркан». Бу миш-мишлар оғиздан-оғизга кўчди. Одамлар тўй-маъракада ҳам, ифторликда шуни муҳокама қилди. Биров «Президентнинг бундай топшириқ берганига ишонмайман» деса, бошқаси «Шофирконда ҳамма нарса бўлиши мумкин» дейди.

Гапга қўшилиб, фикр билдирмоқчи бўлсам, «Сендақалар давлатнинг ёпиқ сиёсатини қаердан ҳам билардинг», «Уйнинг гапи кўчага тўғри келмайди деб шунга айтадилар, ўртоқ журналист» деб оғзимга уради. Одамларнинг кесатиқ билан айтаётган гапларидан бир нарсани уқаман: улар адолат исташаяпти, нажот исташаяпти. Биров ҳокимнинг калласига бир уриб, «одамларнинг томорқасига яқинлашма» дейишини кутаяпти. Аммо бу ишни ким қилади? Ҳамма бало ана шунда. Мен эса оддий журналистман. Оддий журналист ҳокимга гап уқтира олармиди? Шундай бўлса-да, Шофиркон туман ҳокимига қўнғироқ қилдим.

Ўзимни таништиргач, нима сабабдан одамларнинг томорқалари олинаётганини сўрадим. Ҳоким Президент қарорига кўра фақатгина  экилмаётган ва самарасиз ишлатилаётган томорқалар олинаётганини айтди. Қишлоқдошларимга ҳокимнинг гапларини тўтиқушдек такрорладим. Улар эса мени вайсақига чиқаришди. Мирзоқул, Ревгари, Наққош, Бобоато қишлоқларидаги барча томорқалар олинганини айтиб мени ҳоким билан тили бирга чиқаришди.

Орадан икки-уч кун ўтгач, ўша қора «Магнум» бизнинг қишлоққа ҳам етиб келди.

Қора «Магнум»

Дарвоқе, қора «Магнум»га ҳарбий формадаги икки одам ҳам қўшилиб келган. Улар ҳақиқатан ҳам ҳарбийми ёки йўқми, бунисини аниқ билмайман. Чунки улар хизмат гувоҳномаси тугул, исм-фамилиясини ҳам айтгани йўқ. Улар шунчаки, одамларнинг кўзини қўрқитиш учун келгандай фикр уйғотади одамда.

– Ҳеч бўлмаса, томорқаларни олиш тўғрисида бирорта қоғоз кўрсатинглар, ахир 18-асрда яшамаяпмиз-ку, – дедим ҳарбий формадаги одамга.

– Ҳужжат керак бўлса, ҳокимиятга боринг, – дейди ҳарбий йигит. – Бизга шундай топшириқ берилган.

— Ўша топшириқни ким берган, биродар? – дейман ўжарлик билан.

— Маълумот олмоқчи бўлсангиз туман ҳокими билан учрашинг. Мен маълумот берадиган бюрода ишламайман. 

Ҳарбий акамиз билан суҳбатимиз самарасиз якунланди. Бу пайтда қора «Магнум» одамларнинг томорқасининг ярмидан кўпини ағдариб ташлаган эди. «Магнум» келишини эшитган баъзи одамлар бир кун олдин ерини бўктириб суғорган бўлса, бошқаси бедапояни бузиб картошка жўякларини тортган эди. Мақсад эса битта: бири суғорилган ерга таркторни киритишолмайди деб, бошқаси картошка экишга тайёр қилиб қўйилган ерни бузишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайди деб ўйлашган.

Тўралар одамларнинг арпасини хом ўрди

Аммо улар чучварини хом санашган экан. Ҳокимиятдаги тўралар ҳеч нарсадан қўрқмади. Ҳатто бир ой-ярим ойда пишиб етиладиган буғдой ва арпага ҳам раҳм қилмади. Тўралар одамларнинг арпасини хом ўрди. Энди савол туғилади. Сиз арпангизни хом ўришга мажбур қилган ҳокимиятга дўст бўлармидингиз? Ғурури бор одам ҳеч қачон дўст бўлмайди.

Фото: Ҳасан Саломов

Энди масаланинг иккинчи томонига эътибор қаратинг: Президент ҳар бир чиқишида одамларни давлатга дўст қилайлик деб таъкидлайди. Унинг бу каби чиқишларидан кейин ҳамма сайёр қабулга зўр берди. Гўёки қанча кўп сайёр қабул ўтказилса, шунча кўп муаммоларга ечим топиладигандек.

Тараққиётимизнинг янги даврида «Давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойил ҳаётга татбиқ этилди. Одамларнинг катта-кичик муаммолари имкон доирасида ҳал этилаяпти. Энг асосийси, давлат ўз фуқароларига эътибор қаратиб, уларни эшита бошлади. Буларнинг ҳаммасининг замирида битта мақсад ётибди: одамларни давлатга дўст қилиш. Аммо шофирконлик тўраларнинг куракда турмайдиган бу каби қилиқлари халқни давлатга қарши қайрамайдими? Ахир кечқурин телевизор орқали томорқадан унумли фойдаланиш ҳақида кўрсатув эфирга узатилса-ю, эрталаб битта трактор ва тўрт ҳарбий келиб 30 йилдан буён фойдаланиб келаётган ерингизни шудгор қилса, давлатга ишончингиз қоладими?

– Ҳокимият ерларни олишга шошмаслиги керак эди, – дейди оқработлик Ҳайит Ҳожиев. – Ҳеч бўлмаса, тирамо(куз)гача кутиши керак эди. Одамларга шу ҳосилни йиғиб олишга имкон бериш керак эди.

Тел-Авивда тоғангиз борми?

Инсон табиати қизиқ, айниқса, шофирконликларнинг. Тумандошларим ҳар доим тенглик принципига тўла амал қилишни, бойни ҳам, камбағални ҳам бир кўзда кўришни талаб қилади. Бу эса кўпчиликка ёқмайди. Ҳаққини талаб қилган кимга ҳам ёқади дейсиз. Суриштирув жараёнида бир нарсага амин бўлдим. Шофирконлик тўралар ҳокимиятга яқин одамларнинг томорқаларига тегишмабди. Барака топишсин. Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди деб шунга айтишса керак-да. Ҳокимиятга яқин одамларга «Томорқангизга картошка-пиёз экмасангиз, кейинги йил сизнинг томорқангизни ҳам оламиз» деб шарт қўйишибди. Бирорта мард «Бошқаларга ҳам шундай шарт қўйиб томорқаларини қайтиб берайлик» демабди-я.

– Ҳокимият томорқангизга картошка экинг, пиёз экинг деб бирор марта ҳам огоҳлантиргани йўқ, – дейди қишлоқдошларимдан бири. – На оғзаки, на ёзма огоҳлантиришсиз 8 сотих томарқамни шудгор қилиб ташлади. Хом ўрилган арпа ва буғдойнинг уволи уради бу ҳокимни. Ҳоким одил бўлса, қоғоз кўрсатсин, ҳаммага бир кўз билан қарасин, ўзиникиларнинг ерини ҳам олсин. Ахир уларнинг «Тел-Авивда тоғаси йўқ-ку».

Шофирконликлар назарида Тел-Авивда (Исроил пойтахти) тоғангиз бўлса, сиз ўта қудратли одам ҳисобланасиз. Тумандошларим Тел-Авивни Москвадан ҳам, Вашингтондан ҳам қудратлироқ шаҳар деб билишади. Мободо, сизга алоҳида эътибор кўрсатишса, «Ака, Тел-Авивда тоғангиз борми?» деб ҳазиллашиб қўйишади. Шофиркончасига айтганда, бизнинг қишлоқда ҳам уч-тўрт кишининг Тел-Авивда тоғаси бор экан. Чунки уларнинг томорқасига ҳеч ким тегмади.

Салласи деса, калласини олиш керакми?

Қишлоқдошларимнинг топшириғи билан Тошкентга қайтиб келгач, томорқалардан фойдаланиш тартиби билан қизиқдим.

Томорқа ерларидан фойдаланишни тартибга солиш ҳақида энг сўнгги меъёрий ҳужжат жорий йилнинг 18 мартида қабул қилинган. Ҳукуматнинг «Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида томорқани олиб қўйиш тартиби ва шартлари белгиланган. Қарорда жумладан, шундай дейилган: якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқасида асоссиз равишда қишлоқ хўжалиги экинлари экмаган ёки уни ободонлаштирмаган ер эгаларига ер солиғининг 3 баробари миқдорида жарима қўлланади. 

Дарвоқе, ҳукуматнинг мазкур қарори билан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ташкил этилган. Кенгаш тупроқ-иқлим шароити ва сув таъминотидан келиб чиқиб, экин ва мевали дарахт турларини, томорқада етиштириладиган маҳсулот миқдорини ўрганади. Агар томорқангизга белгиланган экинлар, мевали ва манзарали дарахтлар экилмаган бўлса ёки ер участкаси ободонлаштирилмаганлиги аниқланса, кенгаш сизни огоҳлантириши лозим. Огоҳлантириш хатининг бир нусхаси сизга ҳам берилиши шарт.

Ёзма огоҳлантиришдан сўнг сизга озиқ-овқат, мевали ва манзарали дарахт экиш учун бир ҳафта муҳлат берилади. Агар шу давр оралиғида ҳам ўзгармасангиз, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси туман ҳокимига тақдимнома киритади. Ундан у ёғи туман ҳокимининг виждонига ҳавола. Ҳоким одил бўлса, сизга ер солиғининг 3 баробари миқдорида жарима қўллайди. Боланг оч қолса, менга нима ғам деса урди худо. Арпангизни хом ўриб, ерингизни шудгор қилади. Худди бизнинг ҳокимтўрадек.

«Расмий лабиринт»

Ҳукумат қарори билан танишиб чиққач, дастлаб Шофиркон туман ҳокимига қўнғироқ қилдим. Ҳоким аравани қуруқ олиб қочди.

– Ким чиқарди бу гапни? – дейди туман ҳокими Жаҳонқул Равшанов. – Одамларнинг томорқаларини олиб бошимиз нечта, ака? Фақат томорқасидан самарасиз фойдаланаётганларнинг айбини бўйнига қўйиб, 3 баробар солиқ солаяпмиз.

– Менда томорқаларни шудгор қилаётган «Магнум» тасвири туширилган фото ва видео тасмалар бор, ака, – дейман ҳоким бувага.

– Ҳасан ака, ҳокимиятга келинг, бафуржа гаплашамиз, – дейди Жаҳонқул Равшанов.

Ҳоким билан суҳбатимиз самарасиз якунлангач, Бухоро вилояти ҳокимлигидаги мутасаддилар билан боғланишга уриндим. Ўзини Насриддин Маҳмудов деб таништирган мулозим ҳам ўзини ҳеч нарсадан хабари йўқ одамдек тутди.

– Мен ҳам бу ҳақида бир эшитгандайман, – дейди Насриддин Маҳмудов. – Билишимча, томорқасидан самарасиз фойланаёттган одамларнинггина томорқаси олинаяпти. Баъзиларининг ери эса алмашлаб берилаяпти. Сиз бу ҳақида тўлароқ маълумот олмоқчи бўлсангиз Рустам Норов билан гаплашинг.

Насриддин ака берган рақам орқали Рустам Норовга қўнғироқ қилдим. Рустам ака ҳам анойи эмас экан. Мени фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши раҳбари Асқар Нозимовга йўллади.

– Телефон рақамимни ким берди сизга? – дейди Асқар Нозимов салом-аликдан кейин.

– Рустам акадан олдим, – дейман мен ҳам. – Шофирконликларнинг томорқалари ёппасига олинаётгани ҳақида нима дея оласиз?

– Менга қаранг, ука, – дейди Асқар Нозимов. – Биз янги тузилган кенгашмиз. Вазифамиз – томорқадан унумли фойдаланишни ўргатиш. Томорқа бериш ҳам, олиш ҳам бизнинг вазифамизга кирмайди. Аммо саволингизга билганимча жавоб бераман. Шофирконда томорқасидан самарасиз фойдаланаётганларнинг ерлари олинаяпти. Бошқа ҳеч нарса билмайман. Сиз Насриддин Маҳмудов билан боғланиб тўлиқроқ маълумот олишингиз мумкин.

Алҳазар, расмий лабиринтнинг ичига тушиб қолдим шекилли. Униси бунга солади, буниси унга солади, 4 нафар мулозим ҳам дастурланган компьютерга ўхшаб бир хил жавоб қайтарди-я. Тўртовлоннинг ҳам гапи бир жойдан чиқди. Аммо ҳақиқат бошқа жойда. Ҳақиқат шуки, улар пастга тушиб, халқ билан мулоқот қилмаган. Ҳақиқат шуки, улар одамларнинг ташвиши билан қизиқмайди. Ҳақиқат шуки, улар кўрганни кўрмасликка олиб ўрганган. Ҳақиқат шуки, улар одамларнинг ҳақиқий аҳволини билмайди.

Робинзонга ўхшанг тўралар

Маболағасиз айтаяпман. Ҳар бир ҳоким Робинзон Крузога ўхшаши керак. Робинзон Жумавойга гапиришни ўргатган бўлса, ҳоким одамларга кўпроқ даромад топишни ўргатсин. Робинзон Жумавойга «Одам гўштини еманглар», «Сут ичинглар» деб ўргатган бўлса, ҳокимтўра одамларга «Беда экманглар», «Картошка-пиёз экинглар», «Дарахт экинглар, кўпроқ фойда оласизлар» деб ўргатиши керак.

Одамларни даромад олиб турган икки қарич еридан маҳрум қилиш, кейин «Расмий лабиринт» ясаш эса мард ҳокимнинг иши эмас. Бугун икки қарич еридан ажраган одам нима қилади? Иш излаб Россияга кетади. Йўлда кетаётиб, автобуси ёниб кетса нима бўлади? Оқтўбада 52 нафар ватандошимизнинг куйган жасади ҳали ҳам кўзимизни очмадими?

Мақола сўнгида шофирконликларнинг кичкинагина илтимосини етказсам. Тумандошларимиз «томорқаларни олиш операцияси»ни ҳукумат назорат қилишини истайди. Бош вазир ёки Бош прокурор раҳбарлигида комиссия тузилса деган фикрда. Ким ҳақ, ким ноҳақ эканини республика комиссияси бориб ўргансин. Оқни оқ десин, қорани қора. Томорқасидан самарасиз фойдаланган фуқароларга жарима солсин, розимиз. Ердан унумли фойдаланиш бўйича маслаҳат берса, яна яхши. Ана ундан кейин ҳам ўзгармаган одамнинг ерини тортиб олсин. Ҳеч ким, ҳеч нима демайди. Аслида бу ишларни маҳаллий тўралар ҳам қилса бўлади-ю, аммо улар яна қоғозбозлик ва кўзбўямачилик қилишади-да. Яна таниш-билишчиликка йўл қўйилса, «Тел-Авивда тоғаси борлар»га ёнбосишлар бўлса, оддий халқ додини кимга айтади.

Ҳасан Саломов,
журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг