Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шуҳрат Сатторов

Ким нени изласа, топгай бегумон...

«Сингапур мўъжизаси»нинг сири нимада? «Ўзбек мўъжизаси»га оз қолдими?

«Сингапур мўъжизаси»нинг сири нимада? «Ўзбек мўъжизаси»га оз қолдими?

Сингапур ва «Tashkent City»

Коллаж: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан сўнг ҳар бир ўзбекистонлик энди ҳаёти тубдан ўзгариши, ривожланган мамлакатлардаги каби, тез орада энг муносиб ва фаровон ҳаётга эга бўлишини ҳис қилди. Чиндан ҳам қисқа муддатда бу мақсадга эришиш мумкинми? Давлатимиз раҳбари таъкидлагани каби, табиий бойликларимиз етарли, халқимиз меҳнаткаш, ёшларимиз заковатли. Хўш, тарихда ана шундай ноёб ҳодисалар бўлганми? Мен мана шу ширин ўй-хаёллар оғушида манбаларни титкилашга тушдим. Ва, топдим! Сингапур!

Сингапур — Жануби-шарқий Осиёда жойлашган, 719.9 км2 майдонга, 6 миллион аҳолига эга орол-давлат.

Адоғига етаётган йилнинг 9 августида мустақиллигининг 52 йиллигини нишонлаган Сингапур, сиёсатчи ва иқтисодчиларнинг фикрича, фуқаролари учун юксак турмуш даражасини қисқа давр ичида яратиб бера олган жаҳоннинг энг муваффақиятли давлати. Хўш, қандай қилиб табиий бойликлардан мосуво бу кичик давлат қисқа фурсат ичида «Осиё йўлбарси»га айланди? Ушбу саволга жавоб топиш учун бу халқнинг яқин тарихида содир бўлган ўзгаришларга назар солишга киришиб кетдим.

Озиқ-овқат, уй-жой, саломатлик, таълим ҳамда бўш иш ўринлари азалдан инсон эҳтиёжининг бош омиллари ҳисобланган. Сингапур 1965 йилда Малайзия таркибидан ажралиб чиққанида унинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадларининг ўртача миқдори 500 АҚШ долларини ташкил қилган. Ўша даврда Африканинг Гана давлати ҳам Сингапур каби учинчи дунё мамлакати ҳисобланган. Бу ўта паст даража бўлмаса-да, фуқаролар турмуши тўкин-сочинликдан йироқ эди. Ўша йилларда ҳукумат ташаббуси билан озиқ-овқат дастурлари амалга оширилган, жумладан, мактаб ва боғчаларда Сингапур болаларига бепул сут маҳсулотлари улашилган.

Кичик ва камсонли аҳолига эга, табиий бойликлар тугул, тайинли ўтмиши мавжуд бўлмаган давлатнинг тақдири, гарчи мустақилликдан сўнг мавҳум кўринган эса-да, мамлакат тезда оёққа тура бошлайди. Буни жамиятшунослар қуйидаги омиллар билан боғлашади: қулай географик жойлашув, ҳалол ҳукумат (!!!) ҳамда хорижий тадбиркорлар билан яқин ҳамкорлик.

Бунда Сингапур Республикасининг биринчи Бош вазири Ли Куан Юнинг хизматлари беқиёс. Унинг «Учинчи дунё мамлакатидан Биринчисига!» шиори остида ўтказилган ислоҳотларини кўп ўтмасдан ҳар бир фуқаро ҳис қила бошлайди.

Бугунги кунга келиб, Сингапур давлатининг йиллик даромади ҳар бир фуқарога 55000 АҚШ долларини ташкил қилади. Буни иқтисодчилар «иқтисодий мўъжиза» деб аташади. Бугун сингапурликларнинг 90 фоизи шахсий уй-жойига эга. Даромади 20 фоиздан кам бўлган оилаларнинг ҳам 80 фоизи шахсий уйларига эгалик қилиши уларнинг юқори турмуш тарзидан дарак беради.

Сингапур қандай қилиб иқтисодий муваффақиятларга эришди?

Бунда унинг географик жойлашуви муҳим аҳамият касб этади. Малакка бўғозининг остонасида жойлашган бу ҳудуддан жаҳон денгиз савдо-сотиғининг 40 фоизи кесиб ўтади.

Иккинчидан, Бош вазир Ли Куан Ю хорижий тадбиркор ва сармоядорларга кенг қучоқ очади. Натижада, европалик пулдорлар Сингапур томон ошиқадилар. Бу эса давлат ғазнасига маблағ олиб кела бошлайди, ишчи ўрни яратилишига сабаб бўлади.

Учинчидан, Ли Куан Ю кичик, самарадор ва ҳалол ҳукумат яратишга ҳаракат қилган. Сингапурга қўшни давлатларга айнан ана шу жиҳат етишмас эди. Қолаверса, Бош вазир топшириғига кўра, маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар ўртасида бизнесни осонлаштиришга оид сўровлар мунтазам ўтказилган, тадбиркорлар дардига қулоқ тутилган. Сингапур бугун ҳам Жаҳон банкининг «Бизнес қилиш» рейтингида етакчи ҳисобланади.

Тўртинчидан, Ли Куан Ю ҳукуматининг жамиятда қонун устуворлигини қатъий ўрнатгани, қонун олдида ҳар бир фуқаронинг тенг жавоб бериши Сингапур муваффақиятининг омили бўлди. 

Бешинчидан, Ли Куан Юни «иқтидорларнинг раҳнамоси» дейишар эди. У иқтидорли фуқароларни масъулиятли лавозимларга қўйиш ва уларга яхши маош тайинлашга ҳеч қачон иккиланмаган. Шу билан бирга, Сингапурда мансабни суиистеъмол қилиш ҳам қаттиқ жазоланган.

Олтинчидан, мамлакат топаётган пулларини биринчи навбатда ҳарбий куч-қудратга эмас, саломатлик ва таълимга сарфлай бошлайди. 1965 йилда Сингапурда туғилган 1000 нафар боладан 35 фоизи нобуд бўлган бўлса, 1985 йилга келиб, бу кўрсаткич 10 фоизга тушади.

Еттинчидан, Сингапур болалари жаҳоннинг энг самарали ва яхши таълим тизимлари асосига қурилган мактабларда ўқийдилар. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг «Асосий универсал кўникмалар» рейтингида 15 ёшдаги сингапурлик ўқувчилар математика ва аниқ фанлар бўйича жаҳонда биринчи ўринда туришади. Бу ташкилотнинг ўқувчилар саводхонлигини баҳолайдиган «PISA» тестига кўра, сўнгги 5 йилликда сингапурлик талабалар «муаммоларга ечим топиш» имтиҳонларида мутлақ етакчилик қилишмоқда. Жумладан, 2017 йилнинг 25 декабрида эълон қилинган рейтинг бунинг исботидир.

Саккизинчидан, таълим соҳасидаги экспертларнинг фикрича, Сингапур иқтисодий тараққиёт ва турмуш даражасини юксалтиришни таълим билан боғлаган. Хусусан, бу ерда биринчи ўринда таълим бериш стандарти ишлаб чиқилади. Бунинг учун катта маблағ сарф қилинади. Айниқса, энг яхши ўқитувчиларни жалб этиш ва уларнинг нуфузини оширишга аввалбошданоқ алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозир ҳам Сингапурда ўқитувчиларни жаҳоннинг энг нуфузли таълим муассасалари битирувчиларининг орасидан ёллаш анъанаси сақлаб қолинган. Шу билан бирга, бу ўқитувчиларнинг барчаси Миллий таълим институтида қайта тайёрловдан ўтказилади. Бу эса таълим сифатини назорат қилиш ва меҳмон-ўқитувчиларга миллий таълим тизимини ўргатишда муҳим.

Натижада, осиёлик мазкур қашшоқ давлат жаҳоннинг беқиёс қазилма бойликларига эга бўлган Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Осиё минтақасидаги барча давлатларни ривожланишда ортда қолдирди.

Хўш, Сингапур ниманинг ҳисобига ривожланди? Бу саволнинг жавоби битта — уддабурон етакчилик ҳисобига! Ота-онаси инглиз тили муаллимлари бўлган Ли Куан Юни болалигидан «Kuan Yew», яъни «нур ва ёрқинлик» деб чақиришар эди. Бу исм «аждодларига шон-шавкат келтирувчи» деган маънони беради.

Миллат отаси сифатида тан олинган ва давлатни 30 йил бошқарган Ли Куан Ю ўз иродасини намойиш қилди, нафақат аждодларига, миллатига шон-шавкат ҳамда фаровонлик келтирди, ўз ваъдасига биноан халқини «биринчи дунё» давлатлари қаторига қўша олди.

Ли Куан Юнинг сафдошлари ягона жамоа бўла олишди. Бу кучли жамоанинг қоидалари аслида жуда содда: юқори салоҳиятли одамларни миллатга бош қилиш, амалий ишбилармонлик муҳитини яратишга уриниш ҳамда ҳалоллик!

Юқори салоҳиятли одамларни миллатга бош қилиш деганда ҳукумат давлат бошқарувига қариндош-уруғларни эмас, энг муносиб номзодларни тайинлашга одатланган.

Сингапурда амалий ишбилармонлик муҳитини, фуқаролар учун қулай ҳаёт тарзини яратишга уриниш ғилдиракни қайта кашф қилишдан фарқланади. Сингапур бирор муаммога ечим топишда бошқа давлатнинг тажрибасини яқиндан ўрганади ва ўзлаштириб олади. 

Ҳалоллик — давлат тараққиётининг ўзаги. Боиси, коррупуция — «учинчи дунё» мамлакатлари мағлуб бўлаётган ягона ғанимдир. Бугунги Сингапур асосчиларининг халқ олдидаги юксак хизматлари ҳам ана шу хислат билан чамбарчас боғлиқ.

«Сингапур мўъжизаси» — эртак эмас! Улар эришдими, биз ҳам эришамиз. Ўзбекистонда бизнес учун қулай шароит яратилмоқда, коррупция батамом йўқ бўлиш арафасида, таълим сифати ҳукумат эътиборида, халқ саломатлигига катта маблағ сарф этилмоқда, ёш ва иқтидорли, садоқатли кадрлар давлат бошқарувига келмоқда, ҳукумат бошқарувидаги аҳилликни ҳар биримиз ҳис қиляпмиз. Мен ривожланмаслик ва «ўзбек мўъжизаси»ни яратмаслик учун бирор сабаб кўрмаяпман.

Фақат бир ҳақиқатни унутмаслик лозим — ўзгаришларни, фаровон ҳаётни биргина давлат раҳбаридан кутиш, унинг зиммасига юклаб қўйиш — хато. Ҳаётимизни ўзгартириши мумкин бўлган энг қудратли куч — бу биринчи галда биз, ўзимиз. Ҳаётимизни ўзгартиришдан олдин эса ўзимизни ўзгартиришимиз лозим. Зеро, энди кечагидаек ўйлаш, фикрлаш ва яшаш мумкин эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг