Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сизга ёрдам керакми ёки тенглик?

Сизга ёрдам керакми ёки тенглик?

Фото: «tashkent.kamolot.uz»

«Камолот» орқали имтиёзли уй олиш мен учун доим жумбоқ бўлиб келди. Ишонаманки, «Камолот»га аъзо бўлмаса-да, етарлича фаол ва ўз касбида уста ёшлар кўп. Тузилиши «Камолот»га ўхшаш, аммо принциплари ундан фарқ қилувчи ташкилотлар бир нечта бўлиб, улар ўртасидаги рақобатда ютиб чиққан томон имтиёзга эга бўлганида, мен учун жумбоқ балки қолмасди. Аммо жангда ғолиб чиқмаган томоннинг имтиёзли бўлиши ва шу имтиёз истагидаги ёшларнинг унга оқиб келиши ҳали ғалаба дегани эмас. Иқтидорларни рағбатлантириш яхши, шу билан бирга улардаги танлов ҳуқуқини ҳам ҳурмат қилиш керак.

Футбол журналистиман. Футболчидаги кўтарма пулига қарши курашишни мақсад қилганман. Жангни ютмай туриб 100 миллионли бўлиш мен учун яна бир жумбоқ. Қўшимчасига 1 йиллик маош ва мукофот пуллари кафолатланган футболчида яна қандайдир мотивация қолишига шубҳам бор. Рақобатда ютиб чиққани ҳолда бонусга эга бўлганида, мен учун жумбоқнинг ўзи қолмасди. Кўтарма пулига Европа клубларидаги рақобатнинг жуда катта эканидан келиб чиқиб, Месси ёки Роналду муносиб. Бироқ бизда қандай рақобат бўлиши мумкин, агар деярли ҳамма клуб давлат корхонаси томонидан молиялаштирилса ва кўтарма пулини олаётган футболчилардан ақалли биттаси ўз қобиғидан чиқиб кета олмаса?

Менинг давлат газеталарида фаолият олиб борадиган касбдошларим бор. Улардан айримлари биноси аукционга қўйилганидан нолиб мақолалар ёзишни бошлади. Юқоридаги икки қатлам майли, энди журналистлардаги бу заифликни кўриб, шу постни ёзишга қарор қилдим. Чунки уларни ҳам ўша ғалати имтиёзлар шу ҳолга келтирган деб ўйладим.

Бозор иқтисодиёти ҳақида бонг ураяпмизми, демак, капитализмни истаяпмиз. Энди ҳаракатларимизни ҳам шунга мослаш фурсати келгандек. Биринчи хатбоши пионерлар ҳаракатидан, иккинчиси уруш йилларидан қолган сарқитдан, учинчиси эса маълум идеология таъсиридан четга чиқа олмай, ўсишдан тўхтаб қолган механизмдан фарқ қилмаётгандек.

Зулфиячилар ёки яна бир нимачилар мендан хафа бўлишмасин, улар қанча кўп имтиёзга эга бўлса, савия шунча тушиб кетиши оддий ҳақиқат. Биз имтиёзга эгалар орасидангина кимларнидир саралаб олганимиз билан бу жамики ёшларнинг энг яхшисини рағбатлантирдик дегани эмас. Унутмайликки, катта ҳаётда имтиёзларсиз муваффақиятга эришган тенгдошларимиз барибир бир калла устун бўлиб қолаверади. Нима демоқчиман, кичик бизнесни ривожлантириш йўлида дастлабки йиллари учун тадбиркорга имтиёз берилиши балки яхшидир (бу соҳага рости ақлим унча етмайди). Бироқ икки тенг иқтидорнинг бирига имтиёз бериб, иккинчисига бермай, уларни ўзаро рингга ташлаш — тенглик дегани эмас.

Футболда ҳам шундай. Ўша Месси ёки Роналду ҳеч бир имтиёзларсиз 18 ёшидаёқ жаҳонга танилиб бўлганди. Биз ўзбек футболида ёшларга рақобат йўлида қанча кўп имтиёз ва эркинлик берсак, шунча нимжон футболчиларни тарбия қилаверамиз. Менинг наздимда имтиёз рақобатни ўлдириб қўймаслиги керак. Аслини олганда тизим тўғри бўлса, имтиёз шарт ҳам эмас. Аксинча, ўша Мессиларга ўхшаб имтиёзларсиз ёриб чиққанлар катта футболда яшаб кетади. Уларни қаттиқ ердан униб чиққан ниҳолларга ўхшатиш мумкин. Бироқ ёш футболчининг атрофини рақобатдан тозалаб, кейин ундан катта мақсадларни кутиш энди абсурд. Бундай ниҳоллар қаттиқ шамолда синиб кетиши ҳақиқатга яқинроқ.

Энди учинчи хатбоши хулосасига келаман. Бугун кўпчилик ўқиётган «Дарё», «Газета», «Кун» ёки «Хабар»нинг устунлиги биласизми нимада? Улар мажбурий обуна эвазига яшамайди. Улар ўзининг митти офиси учун фалон миллион сўм пул тўлайди, давлатга солиқ тўлайди, давлатдан бир тийин пул олмайди. Шу боис ҳам чўкиб кетмаслик учун доим ҳаракат қилади, интилади. Мени кечирасизу, шу талабга жавоб бермаган нашр ҳам, журналист ҳам жамиятга кўп нарса бера олмайди. Ўша газеталар уйида юзга яқин устозларимиз, соҳасининг етук намояндалари меҳнат қилаяпти, уларга эътирозим йўқ. Ишонаманки, уларга ҳар қандай ҳолатда ҳам талаб бўлади. Аммо ишлаб турган тизим эскиргани ҳам ҳақиқат (ҳеч бўлмаганда ўзим учун). Ёки сиз кўча-кўйда давлат нашрлари талаш бўлаётган ҳолни яқин орада кўрдингизми?

Оқибатда журналистика заифлашди. Шунинг учун ҳам биз миллионлик ютуқни бизга беришларини сўраб, биз энг зўри деган иддао билан «Олтин қалам»га югуриб юрибмиз. Унинг тепасида турган заиф қатлам етакчилари эса таг-томиридан чириб бораётганини ҳис қилмаяпти. Агар қадримиз бўлганида ўша демагоглар бир йил давомида ОАВни кузатган, энг яхшиларни саралаган ва ҳар соҳанинг олди журналистларини йил сўнгида чақириб, уларни рағбатлантирган бўларди. Чунки Пулитцер олиши учун бирор журналист файл папкада йил бўйи эълон қилган мақолаларини кўтариб, АҚШ журналистлари уюшмасига югуриб бормайди.

Сифатли журналистлар, матбуот, телевидение албатта керак. Ҳамма жойдан қалампирнинг иси анқиб туриши ёки публицистика ўлиб, кетидан шоу-биз вакиллари журналистликка даъво қилиши шарт эмас. Аммо ўша сифатли ОАВга ҳам замонавий қарашлар жуда жоиз. Токи улар давлат орқасидан кун кўрар экан, ўсишига ишонмайман.

Мен тенглик, танлов ҳуқуқи, капитализм ҳамда мафкура борасидаги қарашларимни шу постга жуда палапартиш тарзда тиқиб ташладим. Камолотчи журналист сифатида танилиб, меҳнатларим учун «Олтин қалам», ватанпарварлигим учун орден ёки квартира сўрашим ҳам мумкин. Аммо бунда менинг заиф нуқталарим пайдо бўлади. Бироқ ватанпарварликнинг солиқларни вақтида тўлаб, жиноятдан, пасткашликдан узоқ юриб, яхши фарзанд тарбия қиладиган кўриниши ҳам бор (ҳозирча шуниси маъқул). Шу йўлдагиларга ярим йўлда енгилмасликларини тилаб қоламан.

Диёр Имомхўжаев


Ушбу блогпост «Оммавий тадбирлар ҳақида» деган ном билан Ўзбекистон блогерлари чемпионатининг иккинчи босқичига тақдим этилган. Чемпионатга келиб тушган бошқа ижодий ишлар билан танишиш учун ушбу ҳаволага ўтинг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг