Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Соғлиқни сақлаш вазири саратонга чалинмаслик учун нима қилиш кераклигини айтди

Соғлиқни сақлаш вазири саратонга чалинмаслик учун нима қилиш кераклигини айтди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Бугун Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган Ўзбекистонда онкология хизматининг бугунги ҳолати, онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлаш, онкология хизматини янада ривожлантириш масалаларига бағишлаб матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов замонавий тиббий тадқиқотларга таяниб, онкологик касалликлардан ҳимояланиш йўлларини баён этди.

Энг аввало, соғлом овқатланиш маданиятига риоя этиш зарур. Чунки  онкологик касалликларнинг келиб чиқишига, аввало, нотўғри овқатланиш жиддий сабаб бўлмоқда. Яъни, таркибида инсон соғлиғи учун зарарли моддалари бўлган озиқ-овқат ва ичимликларни истеъмол қилиш саратонга олиб келиши замонавий  илм-фанда тўлиқ тасдиғини топди. Бундай озиқ-овқатлар қаторига қизил гўшт, колбаса ва бошқа қайта ишланган маҳсулотлар, ёғли таомлар, шакар, тузни киритиш мумкин.

Бундан ташқари, чекиш, ичиш, семизлик  ҳам саратонни келтириб чиқарувчи омиллар сирасига киради. Бундан ташқари,соғлом турмуш тарзига тўла риоя этиш, белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтиш, болаларни юқумли касалликларга қарши ўз вақтида эмлатиш, жисмонан фаол бўлиш онкологик касалликларнинг олдини олишнинг муҳим омилидир.

Алишер  Шодмонов, Соғлиқни сақлаш вазири

Матбуот анжуманида қайд этилишича, аҳоли орасида бу йўналишда тиббий-профилактика, диагностика ва даволаш ишларини тизимли асосда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда тиббиётнинг бошқа йўналишлари каби онкология хизмати ҳам халқимизнингталаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб такомиллаштирилмоқда.

Энг аввало, соҳа ривожини янги босқичга кўтариш мақсадида онкология муассасалари раҳбарияти бутунлай ўзгарди. Вилоятлардаги онкология диспансерлари Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг филиалига айлантирилди. Марказда ишлаётган ўн нафардан кўпроқ малакали олимлар ва етакчи мутахассислар вилоят филиалларига раҳбар этиб тайинланди. Натижада ҳар бир вилоятда олдинлари қилинмаган энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли амалга оширила бошланди. Илмий изланишларга кенг йўл очилди.

Онкология муассасаларини дори-дармон билан таъминлаш яхшиланди. Сир эмас, яқин-яқингача онкологик беморларни дори-дармон билан таъминлаш бор-йўғи 26 фоизни ташкил этар, бу халқимизнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати берган маълумотга кўра, «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори соҳада ечимини кутаётган бундай муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Қарорда белгиланган вазифалар ўз вақтида ижро этилиши натижасида бугунги кунга келиб онкология муассасаларини дори билан таъминлаш 3 баробарга ошди. Жорий йил охирига бориб деярли тўлиқ таъминиши кўзда тутилган.

Мазкур қарор асосида, шунингдек, онкология соҳасида  профилактика, диагностика, скрининг ва даволаш ишлари ҳам  такомиллашмоқда. Аҳоли орасида онкологик касалликларнинг олдини олиш мақсадида сут бези ва бачадон бўйни саратони скрининг тадқиқотлари бошлаб юборилди. Сут бези саратонини эрта аниқлаш учун 13 та мобил, 16 та стационар маммографик ускуналар харид қилинмоқда. Қизилўнгач, меъда ва колоректал саратон бўйича Фарғона вилоятида тажриба тариқасида скрининг тадқиқотлари режалаштирилган. Бундан ташқари, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази олимлари ва етакчи мутахассисларидан тузилган гуруҳлар жойларга чиқиб, маҳаллий шифокорлар учун янги тиббий технологиялар юзасидан маҳорат дарслари ташкил этмоқда, аҳолига маслаҳат, ташхис, даволаш ёрдами кўрсатилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг