Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Соғлом турмуш тарзи қандли диабетнинг олдини олади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Соғлом турмуш тарзи қандли диабетнинг олдини олади

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Миллий матбуот марказида «Аҳолини, айниқса, ёшларни қандли диабет касаллигидан ҳимоя қилиш чора-тадбирлари: натижалар, муаммолар ва ечимлар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда таъкидланишича, эндокрин касалликлар орасида қандли диабетга қарши курашиш эндокринологиянинг долзарб вазифасидир. Ҳозирда дунё бўйлаб 425 миллион қандли диабет ҳолати қайд этилган бўлса-да, аммо амалда касалланган беморлар икки баробар кўп. Шу боис, сўнгги йилларда юртимиздаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида ушбу касаллик билан оғриган беморларнинг миллий регистри олиб борилмокда. Натижада, эрта ташхис қўйиш ва ўрин босувчи дори-дармон билан таъминлаш, ўзини ўзи назорат қилиш усуллари ёрдамида беморларни кузатиш ва ўқитишни оптималлаштириш, бу соҳада жойларда эндокринологларни қайта ўқитиш яхшиланди. Келгусида кадрлар етишмовчилигининг бартараф этиш, яъни 30 минг аҳолини 1 нафар эндокринолог шифокор билан таъминлаш, шу билан бирга, уларнинг билим ва малакасини оширишга ҳам алоҳида аҳамият берилади.

«Аҳолининг репродуктив саломатлиги, оналар, болалар ва ўсмирларнинг соғлиғини сақлашни янада кучайтириш борасида тасдиқланган Давлат дастури доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида ҳудудлар кесимида 42 нафар 1-тур қандли диабет билан оғриган бемор болалар «Медтроник», «Минимед-715» инсулин помпалари ва унинг анжомлари билан таъминланди. Натижада болаларнинг соғлом ҳаётга қайтишига эришилди. Жорий йилда ҳам марказ томонидан ўтган йил декабрь ойидаги дастур доирасида харид қилинган 50 дона инсулин помпалари йил давомида 50 нафар қандли диабетнинг 1-тури билан оғриган бемор болалар ва ўсмирларга, 5 нафар ҳомиладорликни режалаштирган, қандли диабетнинг 1- ёки 2-тури билан касалланган аёлларда қўлланилиши режалаштирилган. – Қандли диабет билан оғриган болалар, ўсмирлар ва ушбу касалликнинг 1-турига чалинган катта ёшлилар ҳамда инсулин билан муолажа қилинадиган 2-тур беморлар кўпроқ эътиборга муҳтож бўлишади. Ушбу гуруҳ беморлар юз фоиз давлат томонидан инсулин билан таъминланмоқда, – дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори Феруза Ҳайдарова. – Қандли диабетни ўз вақтида аниқланиш ва самарали даволаш асоратлар юзага келишини камайтиради, беморлар ҳаётини узайтириб, асоратларни даволашда кетадиган сарф-харажатларни камайтиради. Касалликни даволаш баробарида, унинг олдини олиш энг муҳим вазифадир. Айниқса, 2-тур қандли диабетнинг олдини олиш соғлом турмуш тарзи ва тиббий маданиятга боғлиқ. Яъни, овқатланиш тартибига риоя этмаслик, камҳаракатлилик, семизлик ва қон босимининг юқори бўлиши ушбу хасталикнинг асосий сабабларидир. Яна бир эътиборли жиҳати, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан юртимизнинг айрим вилоятларида 45 ёшдан ошган аҳоли орасида қандли диабетнинг скрининги ўтказилмоқда. Барча вилоят эндокринологик диспансерларини эса ўз вақтида узлуксиз равишда зарур реактивлар, хусусан, гликирланган гемоглобин ва қалқонсимон без гормонлари реактивлари билан таъминлаш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, 1-тур қандли диабет болалар ва ўсмирларни аналог инсулинлар, инсулин юбориш учун махсус мосламалар (инсулин шприц-ручкалари) ва ўз-ўзини назорат қилиш воситалари билан тўлиқ таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг