Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Солиқ тўлаб... сарғайдим!»

«Солиқ тўлаб... сарғайдим!»

Иллюстратив сурат

Розия аянинг номида Андижон шаҳрининг Буюк Турон маҳалласида жойлашган биттагина хонадон бор. Оиласи билан шу ерда яшаб келяпти. Фарзандларини ўқитди, олий маълумотли қилди, ортиқча мол-мулкка ошинмади.

Энди бу ёғини сўрасангиз, ая эсини таниганидан бери бирорта олтин балиқ ёки кўзадан сеҳргар жин чиқиб, уй-жой совға қилмаганлиги ҳам рост гап. Маҳаллага пенсия тарқатаётган банкир йигитлар билан келган солиқ инспекторига иккита уйи йўқлигини тушунтиролмай жони ҳалак бўлди! Роппа-роса бир ой аввал ДСИга бориб, ер ва мол-мулк солиғини тўлаб келган эди. Тўлов паттаси ҳам бор. Аммо солиқчи тушмагур қани энди буни тушунса? «Иккита участкангиз бор, тамом. Пенсиянгиздан ушлаб қоламан!»

Можарога маҳалла раиси аралашди. «Иккита участкаси йўқлигига мен кафилман», деб жиғибийрони чиқди. Яна у «Бу ерда қандайдир тушунмовчилик бор. Пенсиясига нимага чанг соляпсизлар?» — деди.

Алқисса, салкам ярим соатлик диққатбозликдан сўнг онахонга пенсия пулини бериб юборишди. Дилхиралик эса хаёлидан кетмай қолди.

Ахир шу йил 12 октябрь куни солиқ идорасига бориб текширтирган, жами 204 минг сўм қарзи борлигини айтишган. Инспекция биносида «Ипотекабанк»нинг коммунал кассаси жойлашган экан. Дарҳол қарзини тўлаган. Шундан кейин, мана, тағин «иккита ҳовлингиз бор, иккитага тўлайсиз», деган маълумотга дуч келди. Розия ая «Шошмай тур-чи, раҳбарингга бориб, адабингни бердираман!» дея Андижон шаҳри давлат солиқ инспекциясига келди.

Чучварани хом санаган экан: раҳбарни ҳам, ўринбосарларини ҳам топишнинг имкони бўлмади. Инспекциянинг ҳали у, ҳали бу ходимига учрайвериб, тўрт соат сарғайди. Бунинг устига, инспекторлардан бири кафтдек қоғозга мол-мулкдан 62 минг, ер солиғидан 76 минг сўм қарзингиз бор, деб ёзиб берди. Ая «Мана квитанция! Тўлаганман!» деган эътирозига «Муаммони банк ҳал қилади!» деган совуққина жавобни олди. Кассага борса, «Пулингизни ўша куниёқ ўтказганмиз», деб изоҳ бериб туришибди.

Ҳайрон бўляпсизми? Қарзини тўлаган, ҳужжатлари бор, аммо пуллар ерга кириб кетганми, осмонга учиб кетганми  ҳеч бир солиқ ходими тайинли гап айтмади. «Фалончига учранг, пистончига учранг...» деб оворайи сарсон қилишди. «Аловуддиннинг сеҳрли чироғи» фильми қаҳрамони айтганидек, «Тушда кўрган ўнг бўлолмас, ўнгда кўрган туш бўлолмас. Туш билан ўнг  ўнг бўлолмас, ўнг билан туш  туш бўлолмас...» деганлари шу-да!

Розияхон Абдураҳмонова таҳририятимизга келди. Муаммога ойдинлик киритишга уриндик. Шаҳар давлат солиқ инспекциясининг солиқ тўловчилар билан ишлаш бўлими инспектори Умиджон Азизов «Бу масалада прогноз бўлимига учрайсиз», деб йўл кўрсатди.

Прогноз бўлимидагилар эса менга: «Фуқаролар томонидан тўланган солиқ суммалари айрим ҳолларда техник носозлик туфайли базада кўринмай қоляпти. Ботиржон деган ҳамкасбимиз тўлов масаласига аниқлик киритиб беради. Дастурга унинг компьютери орқали кирилади. Ўшанга учранг. Аммо Ботиржон бугун ишга чиқмади», деб бошларини сарак-сарак қилишди.

 Бир вақтнинг ўзида солиқ, кадастр идоралари ҳамда давлат хизматлари агентлиги компьютер базасида кўриниб турадиган янги дастур ишга тушган,  дейди инспекциядан Буюк Турон маҳалласига бириктирилган инспектор Элдорбек Фозилов.  Фуқаро тўлаган пул солиқ базасида турибди. Уни кадастр базасига бириктириб қўйилса, бошқа муаммо йўқ.

Р.Абдураҳмонованинг номида иккита уй-жой бор, деб айюҳаннос солишди. Бу ҳақда шу йилнинг 30 август санасида яшаш манзилига икки хил тўлов хабарномаси юборилди. Қаранг, ҳар икки ҳужжатда манзил бир хил, солиқ тўловчининг идентификация рақами бир хил, бироқ кадастр рақамлари ҳар хил. Бу компьютернинг хатоси эмиш. Бугун солиқ инспекциясига кириб, мурожаат қилаётган фуқароларни кузатсангиз, компьютер базасидаги чалкашликлар кўпчиликни сарсон қиляпти.

Вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Андижон шаҳар филиали мутахассиси Илҳомжон Долимов бу масалада одамларга тушунтириш керак, деб ҳисоблаяпти.

 Розияхон ая бундай машмашага дуч келган ягона солиқ тўловчи эмас. Яқинда бир фуқаро ҳам солиқ қарзи кўпайиб кетганлигини айтиб, мурожаат қилди,  дейди у.  Унинг идентификация рақами (СТИР)га иккита уй бириктириб қўйилган экан. Солиқ инспекциясидан бизга юборишибди. Уч томонлама дастур ёрдамида аниқлик киритдик: бошқа бир фуқаронинг номидаги уй-жойга, ҳақиқатан ҳам, солиқ ходимларининг хатоси туфайли унинг СТИР рақами тушиб қолган экан. Дарҳол хатони тузатдик...

Кўряпсизки, занжирли ҳалқага ўхшаш солиқ-кадастр базасидаги хатоликлар кўпчиликни сарсон қиляпти. Бу ҳол давлат хизматлари агентлигида маълумотнома тақдим этиш жараёнида ҳам учрайди. Чунки «занжир»нинг бир учи агентликка боғланади.

Дарвоқе, Розияхон аянинг шикояти бўйича Андижон шаҳар давлат солиқ инспекциясидан расмий изоҳ олиш учун борганимизда, навбатчи ходимлар техник воситалар, хусусан, қўл телефони билан ичкарига киритмаймиз, дейишди. Солиқ тизимида шундай қоида борми?

Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикасининг «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунида «Журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида... мансабдор шахс қабулида бўлиш; маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқига эга»лиги белгилаб қўйилган. Шундай қилиб, суриштирув жараёнидаги «тўсиқ»лар туфайли фуқаро мурожаатини ўрганиш ярим йўлда қолди.

Нурилло Нўъмонов,
журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг