Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

SOS: Тошкентдаги боғ қуриб қолади (фото)

SOS: Тошкентдаги боғ қуриб қолади (фото)

Тошкентдаги қовжираб бораётган боғ.

Фото: «Xabar.uz»

Ўтган йилдан буён юртимиз бозорларида олманинг нархи баланд. Унинг турли сабаблари бор. Бироқ бозорларимизда меваларнинг кўпайиши, витаминларга бой бу неъматлардан юртдошларимиз баҳраманд бўлиши учун боғлар барпо этилмоқда.

Тошкент давлат тиббиёт академиясининг 1-клиник касалхонаси, 12-корпуси орқасида ҳам ана шу эзгу мақсадда боғ яратилган. Қарийб 10 гектар майдонга мевали дарахтлар экилган. Кўчатларни томчилатиб суғориш учун тизим ҳам қилинган. Боғмисан боғ бўлган. Аммо шу кунларда бу боғнинг аҳволи жудаям хароб. Дарахтлар суғорилмаяпти, бегона ўтлар қовжираб хунук манзарани юзага келтирган. Худо кўрсатмасин, агар бу ерга олов тушса, бутун боғ ёниб кули кўкка соврилиши мумкин.

Боғнинг оқава сув ичган жойлари яшнаб турибди, демак қаров бўлса, боғ ўзига келади. Фото: «Xabar.uz»

Тўғри, оқава сувлар келганлиги сабабли айрим жойларда меваси бор дарахтлар яшнаб турибди, аммо умумий аҳвол оғир – тезда эътибор ва қаров бўлмаса боғ қуриб қолиши мумкин. Шу атрофда юрганлардан сўраб-сўриштирганимизда боғнинг боғбони ҳам бор экан, пишган мевалар ҳам йиғиштириб олинаркан. Айримлар боғ давлатга қарашли, дейишди.

Боғнинг катта қисми хароб бўлиш арафасида. Фото: «Xabar.uz»

Шаҳарда боғ яратишнинг ўзи бўлмайди. Унга қанча меҳнат ва маблағ сарфланган. Замонавий суғориш тизими ўрнатилган. Наҳот шундай имконият бўла туриб, боғга ҳеч ким эътибор бермаса... Шуларни ўйлаб турсам, ушбу клиникадан даволанаётган бир отахон «Ўғлим, сиз ҳам дарахтларга ачиниб кетяпсизми?» дея гап бошлади.

— Боғни оралаб кўрсам, ичкарида каламушу сичқонларга ҳам кўзим тушди, меваси қотиб қолибди, кимга қарашли бўлишидан қатъи назар мевали дарахтлар увол бўляпти, ўғлим, зудликда эътибор берилмаса, боғ қуриб битади, — деди отахон бош чайқаб. — Ҳеч бўлмаса, шу атрофдаги 10та оилага шартнома асосида бир гектардан бўлиб беришса ҳам, бу ердан тонналаб мева олиш мумкин, камига бир нечта хонадоннинг қозони қайнайди болам.

Бу боғга эътибор керак. Фото: «Xabar.uz»

Отахон ҳақ. Боғга меҳр ва эътибор керак. Клиникада қоровул бўлиб ишлаётган бир акахон боғ шаҳар ҳокимлигига қарашлигини айтди. Бу гапда жон борга ўхшайди, чунки, шифохона ҳудудидаги дарахт ва гул кўчатлари гуллаб-яшнаб турибди, аммо қўшни боғ кун сайин қуриб боряпти. Шаҳар каттаконларидан мадад сўраймиз — боғга эътибор қаратинг, қуриб қолмасин, уволи тутмасин...

Абдуғани Абдураҳмонов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг