Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Спорт майдончаси ўрнига маиший хизмат кўрсатиш биносими?

Спорт майдончаси ўрнига маиший хизмат кўрсатиш биносими?

Фото: «mapio.net»

Келажак ёшларники. Улар маънан ва жисмонан соғлом бўлиши керак. Бунинг учун эса шароит яратиш лозим. Дейлик, президент қарори асосида ҳудудларимизда қурилаётган боғчалар келажак учун. Нукусда Ибройим Юсупов номидаги, Қашқадарёда Абдулла Орипов номидаги, Андижонда Муҳаммад Юсуф номидаги, Фарғонада Эркин Воҳидов номидаги мактаб-интернатларнинг очилиши ҳам ёшлар учун.

Давлатимизда қилинаётган шунча ишлар бир тарафу Яшнобод тумани мутасаддилари Алимкент маҳалласида бор спорт майдончасини бузиб ўрнига маиший хизмат кўрсатиш биноси, маҳалла маркази, автотураргоҳ, кичкинагина болалар майдончаси ва фаввора, кафтдеккина кўкаламзор ҳудуд қилишмоқчи бўлаётгани бир тараф. Лойиҳада акс этган жимитдеккина болалар майдончаси (эътибор қилинг, спорт майдончаси эмас!) ва кўкаламзор ҳудуд худди болалигимизда уйдаги қадимий гилам, дўппи, чопонларни олиб, ўрнига хўразқанд бериб кетувчи чайқовчиларнинг алдашига ўхшайди.

Мен ҳам шу маҳаллада яшайман. Аммо якшанба кунлари ҳам ишда бўлганим сабабли спорт майдончамиз бузилиб, атрофи ўраб олинганига унчалик эътибор бермабман. Билгач, биринчи қилган ишим Алимкент маҳалласи раиси Собиржон Нишоновга қўнғироқ қилиб вазият билан танишиш бўлди. Раиснинг айтишича, бу ишлар президент фармони ва Яшнобод тумани ҳокимининг ташаббуси билан қилинаётган экан. Мен раисга «бунда аҳолининг розилиги керак эмасми?» десам, «аҳолининг ҳеч қандай розилиги шарт эмас, лойиҳага президент қўл қўйган, мен ҳокимдан топшириқ бўлгани учун рози бўлиб қўл қўйиб бердим» деб совуққонлик билан жавоб берди.

Президентнинг катта-катта ишларни амалга ошириш учун фармонга, қарорга, фармойишга қўл қўйгани ҳақида биламан, кўраяпмиз, лекин Алимкент маҳалласидаги спорт майдончасини бузиб, ўрнига кичкина дам олиш маскани, кичикроқ маҳалла маркази ва уч-тўрт қаватли катта маиший хизмат биноси қурилиши ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйиб беришига ақли бор одам ишонмайди.

Раиснинг бу гапи президент номини сотишдан бошқа нарса эмас. Яна қаранг, Алимкент маҳалласи раисига аҳоли розилигининг умуман кераги йўқ, халқ номидан ўзи қўл қўйиб бераверган. У яна қўшимча қилдики, «аҳолига қўйиб берсанг, у жой чиқиндихона бўлса ҳам ўтираверади».

Жаноб раис, ваҳоланки, ўзингиз ҳам кўриб-билиб турибсиз, у ер аввал спорт билан шуғулланиш учун шароити бор ўртамиёна майдонча эди, аҳоли розилигисиз хўжайин чиқмоқчи бўлган тадбиркорнинг «шарофати билан» бугун чиқиндихонага айланди. Негаки, тадбиркор у ерга шифер синиқлари, темир-терсак, шох-шабба, қаердандир олиб келинган эски ғиштларни ташлаб чиқиндихонага айлантирди.

Фуқаролар ушбу ишлардан норозилигини билдириб кўп жойга боришди, шикоят қилишди. Аммо «уларнинг бахтига» шикоят яна айланиб Яшнобод тумани ҳокимиятига келаверади. Демак, Яшнобод тумани ҳокими Дилмурод Турдиевга спорт майдончасидан кўра маиший хизмат кўрсатиш биноси керак, келажак авлоднинг соғлом бўлиши уни қизиқтирмайди.

Маҳалла раиси Собиржон Нишонов рўкач қилаётган «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда спорт майдончасини бузиб, ўрнига маҳалла маркази қуринглар дейилмаган. Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, «Маҳалла» фондига «2018 йилнинг 1 декабригача Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар марказларида «Маҳалла маркази» мажмуалари биноларини, 2021 йилнинг 1 декабригача фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини намунавий лойиҳалар ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш (реконструкция қилиш, таъмирлаш), шунингдек уларни зарур мебель жамланмаси, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва интернет тармоқлари билан жиҳозлаш» каби ишлар вазифа қилиб берилган. Шунингдек, фармон шарҳида шундай сўзларни ҳам учратамиз: «Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, болалар спорт майдончалари, маиший хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш мақсадида 2017—2021-йилларга мўлжалланган ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилади».

Фармон шарҳидаги «болалар спорт майдончалари» деган жумлани бежиз қорага бўямадик. Негаки 2017—2021-йилларга мўлжаллаб ишлаб чиқилаётган ҳудудий дастурларда болалар майдончаларини қуриш ҳам кўзда тутилган. Президент ҳатто маҳаллалар ҳақидаги фармонда ҳам мамлакат болаларининг тақдирини ўйлаяпти, уларнинг соғлом бўлиб вояга етиши учун спорт майдончалари қуриш ҳақида топшириқ бераяпти. Шундай вазиятда Яшнобод тумани ҳокими ва Алимкент маҳалласи раисининг бор спорт майдонини бузиб, ўрнига маҳалла маркази баҳонасида маиший хизмат кўрсатиш биносини қурмоқчи бўлганига нима дейиш мумкин?

Қурилаётган иншоотлар лойиҳасига назар ташласак, улар «Тошкентбошплан» ЛИТИ лойиҳаси асосида эмас, хусусий план асосида қурилаётганини кўриш мумкин. Бундан бу иншоотлар ўзбошимчалик билан қурилаяпти деган хаёлга боради киши.

Маҳалла ҳудудида ташландиқ ҳудудлар камми? Модомики, маҳалла маркази барибир қурилиши керак экан, бинони ўша ташландиқ ҳудудларда қуришсин, шунда бир қаровсиз жой обод масканга айланади. 

Алимкент аҳолиси номидан шуни айтган бўлардимки, холис одамлар, холис раҳбарлар маҳалламизга келиб ҳақиқий вазиятни ўрганишсин, аҳоли билан мулоқот қилишсин, уларнинг бу ишларга муносабатини – рози ё норозилигини сўрашсин! Ким бузган бўлса, Алимкентнинг келажаги бўлган ёш авлоднинг соғлом бўлиб вояга етиши учун спорт майдончамизни тиклаб берсин! Ёки ўша тадбиркор маиший хизмат кўрсатиш ва маҳалла маркази биносини ўша ҳудуднинг бир чеккасига қуриб, бузиб ташлаган спорт майдончаси ўрнига замонавий спорт майдончаси қуриб берсин! Шунда аҳоли ундан мингдан-минг рози бўлади.

Фозил Жабборов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг