Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Спортчилар трендда, қўшиқчилар трендда. Тадбиркорлар-чи?

Спортчилар трендда, қўшиқчилар трендда. Тадбиркорлар-чи?

Фотоколлаж: «Xabar.uz»

Катта ҳаётга қадам қўяётган ёшларнинг деярли барчасини «муваффақиятга эришиш учун нима қилиш керак?» деган савол қийнайди. Нафақат ёшлар, ҳатто катталарни ҳам.

— Вақтини беҳуда ўтказадиган ёшлар кўп. Аммо хорижлик тенгдошлари билан рақобатлашиб, катта ютуқларга эришиб келаётган ўзбекистонлик йигит-қизлар ҳам талайгина, — деган эди интервьюларининг бирида Азиз Муртазоев. — Ким билсин, балки уларнинг муваффақиятга қандай эришгани ОАВда кўпроқ ёритилса, вақтининг қадрига етмаётган ёшларда керакли мотивация пайдо бўлармиди?..

Азиз Муртазоев ўзи ким деган савол пайдо бўлиши мумкин кўпчиликда. Азизбек «Facebook» компаниясида ишлаётган оддий қорақалпоқ йигити. Барча каби оддий мактабда умумтаълим фанларини ўрганган. Сўнг Ўзбекистон миллий университетида ўқиган. Унинг муваффақияти сири ҳам оддий – Азиз мустақил билим олиш имкониятларидан, ахборот технологияларидан оқилона фойдалана олган. Албатта, аниқ фанларни яхши билиши, технологияларини тушуниши ва хорижий тилда эркин мулоқот қилиши унга бу йўлни осонлаштирган. Лекин барчасига у ўз кучи, интилиши билан эришган. Кейинчалик хориждаги таълим ҳам, «Samsung», «Amazon», «Facebook» каби дунёнинг йирик компаниялари унга иш таклиф қилиши ҳам шу интилишлари, вақт ва имкониятдан унумли фойдаланиб, ўз билимларини мустақил равишда ривожлантиргани маҳсули. Бошқа сир йўқ бу ерда.

Азиз каби дунё саҳналарида муваффақиятга эришаётган ёшларимиз кўп. Юртимизда ўз лойиҳаларини амалга ошираётган ва бунинг ортидан ўнлаб, юзлаб тенгқурларини иш билан таъминлаётган тадбиркор ёшлар ҳам бисёр. Шунчаки, улар трендда эмас.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мамлакатимизнинг фаол ёшлари билан биргаликда кам таъминланган оилалар ҳамда қийин шароитли ёшларга компьютер саводхонлигини ошириш ва инглиз тилини ўргатувчи «Ўзбек орзуси» лойиҳасини йўлга қўйгани ҳақида хабар қилганмиз.

Лойиҳа мақсади эълон қилингач, унда иштирок этиш истагини билдирган фаол ёшлар билан бир қаторда юртимизда муваффақиятли иш олиб бораётган тадбиркорлар ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб чиқишди.

«Ўзбек орзуси» лойиҳаси раҳбари Тимур Аллаяров. Фото: «Xabar.uz»

Шу тариқа «Ўзбек орзуси» ғояси бежиз туғилмагани намоён бўла бошлади. Аммо лойиҳа раҳбари Тимур Аллаяровнинг айтишича, ҳали ҳаммаси олдинда. Ҳали жиддий синовлар кўп. Айниқса, лойиҳанинг асоси ва таянчи ҳисобланган кўнгиллиларга имкон қадар кўпроқ ахборот ва билим бериш лозим. Ахир айнан улар келгусида юзлаб ёшларга сабоқ беришади. Айнан улар минглаб ёшларда мотивация уйғотиб, уларнинг болалик орзуси ва келгуси муваффақиятларга ишонтиришлари лозим. Чунки ўз ишига, келажагига мотивацияси бўлмаган инсон муваффақият қозона олмайди.

«Ўзбек орзуси» лойиҳаси кўнгиллилари. Фото: «Xabar.uz»

Шу мақсадда кўнгиллилар учун ҳар ҳафтада бир марта махсус тренинглар ташкил этилаяпти. 2 февраль  куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўтказилган тренингда улар омма олдида маъруза қилиш ва нотиқлик санъатини  ривожлантириш бўйича малака оширдилар.

Ташаббусни қўллаб-қувватлаётган тадбиркор ва мутахассислар. Фото: «Xabar.uz»

Тренингда ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаётган йирик тадбиркор ва мутахассислар — «Dekos» компанияси раҳбари Ҳасан Мамасаидов, «Тайный советник» агентлиги мутахассиси Дилфуза Расулова, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш институти директори Актам Жалилов иштирок этишди.

Актам Жалилов:

— Институтимиз истиқболли кадрлар тайёрлаш баробарида, ёшларнинг муаммоларини чуқур таҳлил қилиш билан ҳам шуғулланади. Ўрганишларда маълум бўлаяптики, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг асосий сабаби бандлик муаммосига бориб тақалмоқда. Кам таъминланган оилалар ҳамда қийин шароитли ёшларга ҳунар ўргатиш, уларни муваффақият сари руҳлантиришга қаратилган бу лойиҳанинг аҳамияти қай даражада экани шу биргина фактда ҳам яққол кўринади.

Дилфуза Расулова:

— Бу тренингда кўнгиллилар иштирок этаяпти. Айнан сизлар ёшларга таълим беришдек, тўғри йўл кўрсатишдек ўта муҳим жараён бошида турибсиз. Эртага ҳар хил характерга эга ёшлар билан ишлайсиз, уларнинг ҳар бирига индивидуал ёндашув талаб этилади. Турли характерли ёшлар аудиторияси билан муваффақиятли ишлашнинг энг катта сири нимада, биласизми? Бу — тўғрисўзлик!

Ҳасан Мамасаидов:

—  Ҳақиқатан сизларнинг олдингизда жуда катта ва машаққатли вазифа турибди: тенгдошларингизга нафақат билим улашишингиз, балки ўзига хос генератор сифатида юзлаб, минглаб ёшларни муваффақият сари  руҳлантиришингиз керак. Бунда аввало ўз кучингизга ишонинг, шунда ўзгалар сизга ишонишади.

Одатда спортчи ва қўшиқчилар ёшларга мотивация берувчи ўзига хос генератор ҳисобланишади. Эндиликда тадбиркорликни ҳам трендга олиб чиқиб, ёшларга мотивация берадиган кучга айлантириш вақти келди. Чунки муваффақиятли тадбиркор нафақат инсонларни руҳлантиради, балки кўплаб иш ўринларини яратиб, жамиятга реал фойда келтиради ҳам.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг