Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Суд Қарши шаҳар ҳокимининг хатти-ҳаракатини қонунга зид деб топди

Суд Қарши шаҳар ҳокимининг хатти-ҳаракатини қонунга зид деб топди

Фото: «Sputnik»

Муаммо мураккаброқ бўлса кошкийди, нари борса, амалдорнинг битта қабулида битадиган иш. Шугинага фуқаро, яна денг бева аёл озмунча сарсон бўлдими?!

Муаммо қуриб битказилган уй-жойни фойдаланишга қабул қилиш ва нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилашга оид эди. Яъники, ўтган асрнинг саксонинчи йилларида фуқаро Насим Нодировга Қарши тумани Араловул қишлоғидан уй-жой қуриш учун 12 сотих ер майдони ажратиб берилади. Қурилиш ишлари битгунча қишлоқ тумандан олиниб, Қарши шаҳарига бириктирилади ва маҳалла фуқаролари йиғини мақомини олади. Хонадон эгаси қурилиш ишларини якунлаб, оила аъзолари билан яшаб юраверди-ю аммо уй ҳужжатларини тартибга келтиришда минг бир муаммога дуч келади. Энг ёмони, Насим Нодиров 2015 йилда вафот этгач, муаммо бир қадар оғирлашди. Негаки, марҳумнинг уйга нисбатан эгалик ҳуқуқи муаллақ экан, оила аъзоларининг меросга оид ҳуқуқи ҳам очиқ қолаверади-да .

Марҳумнинг беваси Қарши шаҳар ҳокимига мурожаат қилди. Бироқ муроди ҳосил бўлмади. Ҳокимликнинг топган асосини қаранг: ер майдони  Араловул қишлоғидан ажратилган, сиз эса «Араловул» маҳалла фуқаролар йиғинидаги уйни кўрсатяпсиз, бундай номувофиқлик сабаб масалангизни ҳал этолмаймиз, вассалом! Аёл: «Илгари Қарши туманига қарашли  Араловул қишлоғи ҳудуди ҳозир Қарши шаҳрига ўтган, қишлоқ эса маҳалла фуқаролар йиғинига айлантирилган, шугинани тушуниш наҳот шунчалар қийинми?!» деганича қолаверди.

Ҳокимликда масалага нуқта қўйилишига кўз етмагач, Қарши шаҳар маъмурий судига мурожаат қилди. Суд раиси ишни обдон ўрганди, ҳолатни жойига чиқиб, кўрди. Сўнг хулоса қилдики, уй-жой қонуний ажратилган ер майдонига қурилган, унга эгалик ҳуқуқи белгиланиши бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига путр етказмайди, баски, Қарши шаҳар ҳокимлигининг мазкур масалага боғлиқ хатти-ҳаракати қонунга зид!

Шу тариқа суд Қарши шаҳар ҳокими зиммасига марҳум Насиров Насим томонидан қуриб битказилган уй-жойни фойдаланишга қабул қилиш ва эгалик ҳуқуқини бериш мажбуриятини юклади.

Бўлди, масала ҳал.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг