Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сурия ва Туркияда террорчи ташкилотлар сафида бўлган 4 нафар шахс қидирилмоқда

Сурия ва Туркияда террорчи ташкилотлар сафида бўлган 4 нафар шахс қидирилмоқда

Ёшларимиздан айримлари халқаро террористик ташкилотлар сафида жангари бўлиб юргани барчамизни ташвишга солади...

Фото: «novorosinform.org»

Ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи 2018 йилнинг апрелида Бўз ва Улуғнор туманидаги фаолияти якунида Андижон вилояти имом-хатиблари билан ҳам учрашди. Жорий йилнинг февраль ойида ҳам улар билан учрашилиб, вилоятдаги ижтимоий-маънавий муҳит ва диний вазиятнинг таҳлили, мавжуд камчилик ва муаммолар биргаликда муҳокама қилиб олинган эди.

Бу галги учрашувда Ўзбекистон Республика Президентининг Давлат маслаҳатчиси Рустам Комилов маъруза қилди ва бугуннинг долзарб масалаларига барчанинг эътибор қаратди.

Хусусан, чекка ва чегараолди туманлардаги диний вазиятни доимий назорат қилиш, аҳоли, айниқса, вақтинча ишсиз фуқаролар, уюшмаган ёшлар билан тарғибот ва профилактика тадбирларини тизимли ташкил этиш, маҳаллаларда ислом динининг асл тинчликпарвар, маърифатпарвар моҳиятини тарғиб қилиш борасидаги тарғибот ишларини кучайтириш ҳақида сўз борди.

Меҳнат мигрантлари орасида кенг кўламли тушунтириш тадбирларини мунтазам ўтказиш, улар томонидан юртига қайтиб келгандан сўнг ўз яқинлари ва қариндошлари орасида ёт ғояларни тарғиб қилишга йўл қўймаслик, аҳолининг турли қатлам вакиллари, айниқса ёшларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини ошириш, дин борасидаги саволларига аниқ ва равшан, Қуръон оятлари ва ҳадислар асосида жавоб бериш учун ўз устида ишлаб, касбий маҳоратини юксалтириш зарурлиги қайд этилди.

Ўтган қисқа муддатда махсус ҳисобдан чиқарилган фуқароларни тўғри йўлга бошлаш, уларга ислом динининг инсонпарварлик дини эканини тушунтириш, уларни соғлом турмуш тарзига қайтариш борасида ишлар қилиниб, элликдан ортиқ махсус ҳисобдан чиқарилган шахсларга ижтимоий ёрдамлар кўрсатилган.

Шу билан бирга имом-хатиблар эътиборидан четда қолаётган, лоқайдлик ва эътиборсизлик сабабли ишлар талаб даражасида бажарилмаётгани жиддий танқид қилинди.

Вилоятда мавсумий ишлаш мақсадида хорижга кетган фуқаролар ўртасида экстремистик оқимлар таъсирига берилиш, юртига қайтиб келгандан сўнг ўз яқинлари ва қариндошлари орасида ёт ғояларни тарғиб қилишга уриниш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Масалан, 2018 йилнинг ўтган даврида 7 нафар меҳнат мигрантнинг (Андижон шаҳри – 1 нафар, Андижон тумани – 1 нафар, Асака – 1 нафар, Қўрғонтепа – 1 нафар, Пахтаобод – 2 нафар, Хўжаобод – 1 нафар) диний экстремистик ташкилотларга аъзо бўлиб кирганлиги аниқланган. Бугунги кунда улардан
2 нафари яшаш манзилида, қолганлари эса хорижда юрибди.

Умуман олганда, вилоят ёшларидан айримлари халқаро террористик ташкилотлар сафида жангари бўлиб юргани барчамизни ташвишга солади ва уларнинг сафи кенгаймаслиги учун кенг жамоатчилик биргаликда ишлаши зарур.

Бўз туманида 6 нафар шахс қидирувда саналади. Уларнинг 2 нафари Сурияда террорчи ташкилотларга қўшилган. Иккитаси илгари террорчи ташкилотлар сафида бўлган, ҳозирда Туркияда яшамоқда. Бўз туманида “Деҳқонобод” ва “Янгиқишлоқ” маҳалларида махсус ҳисобдан чиқарилган, лекин хали-ҳануз ижтимоийлашуви қийин кечаётган ўндан ортиқ хонадонлар мавжуд.

Вилоятдан жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган оқим тарафдорлари билан профилактика суҳбатларини ўтказиш мақсадида тарғибот гуруҳлари ташкил этиб, уларда имом-хатибларнинг иштироки таъминланмаган.

Интернетдаги диний соҳадаги мавзуларни ёритадиган мавжуд 32 та расмий uz. доменидаги сайтлардан фойдаланишга, онлайн тизимидаги мулоқотлар орқали диний саволларга жавоб бериш аҳволи суст ва қониқарсиз даражада. Натижада қизиқувчан ёшлар мазкур сайтлардан ўзини ўйлантирган саволларга жавоб излаш ўрнига, ёт ғояларни тарғиб қилувчи мафкуравий босим ўтказувчи тармоқлар таъсирига тушиб қолмоқда.

Имом-хатиблар томонидан турли маросим ва тадбирларда аҳоли орасида оиланинг муқаддаслиги, ажрим ва ноқонуний никоҳнинг олдини олиш, уларни келтириб чиқараётган сабабларини аниқлаш, уларга самарали ечим топишда, маҳалла раислари билан яқиндан ҳамкорлик қилишда фаоллик кузатилмаяпти.

Лазиз Раҳматов
Республика ишчи гуруҳи аъзоси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг