Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Суриядаги фуқароларимизни қайтариш учун иккинчи операцияга тайёргарлик кўрилмоқда

Суриядаги фуқароларимизни қайтариш учун иккинчи операцияга тайёргарлик кўрилмоқда

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Суриядаги фуқароларни қайтариш учун иккинчи операцияга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Azon.uz порталида маълумот келтирилган.

Шу йилнинг 30 май куни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, махсус авиарейсда 156 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилган эди.

Ушбу улкан аҳамиятга эга «Меҳр» инсонпарварлик операцияси муборак Рамазон ойида амалга оширилгани ҳам мусулмонларнинг қалбга катта сурур бағишлади. ОАВ маълумотига кўра, амалиётни ўтказишда бир қатор хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар кўмаклашган.

Кейинроқ Тошкент вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган видео селекторда Президент Шавкат Мирзиёев ушбу операция нақадар қийин кечганини ва юртдошларимизнинг Сурия ва бошқа давлатларга кетиб қолишига ўзимиз сабабчи бўлганимизни айтиб ўтган эди.

«Тан олиш керак, 156 нафар Сурияга кетганлар биз уларга шароит яратиб бермаганимиз учун кетган!

Суриядан фуқароларимизни катта қийинчилик билан олиб келдик. У ерга учган биринчи самолётимизни уриб тушириш билан таҳдид қилишди. Менга қўнғироқ бўлди, уриб туширишмоқчи деб. Мен энг яқин аэропортга қўниш ҳақида топшириқ бердим. Улар Озарбайжонга қўниб, кейин ортга қайтишди. Жангарилар лагерига 5 та автобусимиз кириб, 2 таси қайтиб чиқди. Қолган фуқароларимизни бермади», – деган эди Президент Шавкат Мирзиёев.

CABAR.asia портали Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг маълумотларига таяниб, яқин Шарқдаги юртдошларимиз ҳақида янги маълумотларни эълон қилди.

Ўзбекистон махсус хизматлари маълумотига кўра, Яқин Шарқдаги ҳарбий амалиётлар зонасида ҳамон ўзбекистонликлар қолмоқда. Ва энди Ўзбекистон яна 177 та фуқаросини қайтаришга тайёргарлик кўрмоқда.

«Улар ҳозир Суриянинг Ал-Хасака вилоятидаги «Ал-Хол» лагерида. Уларнинг шахслари аниқланган. Улар 48 та аёл, қолганлари эса болалардан, жумладан учта етим боладан ташкил топган» , – маълум қилади ДХХ.

Маълумот манбалари

Умуман олганда, Ўзбекистон террористик ташкилотлар қаторига қўшилиб қолган фуқароларини мамлакатга қайтариш бўйича фаол ишлар олиб бормоқда. Асосий эътибор биринчи навбатда аёллар ва болаларга қаратилган.

Шунингдек, хорижий ОАВлар Сурия ва Ироқ армиялари билан тўқнашувлар натижасида асирга тушган Ўзбекистоннинг бошқа фуқаролари ҳақида ҳам хабар бермоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг