Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Суриядан келган рейс. Ёки мўмин бир чуқурдан иккинчи марта чиқарилмайди

Суриядан келган рейс. Ёки мўмин бир чуқурдан иккинчи марта чиқарилмайди

Фото: azon.uz

Куни кеча бортида бир юз эллик нафардан ортиқ юртдошларимиз бўлган самолёт Суриядан пойтахтимизга эсон-омон қўнди.

Мамлакат раҳбарининг сиёсий идораси ва тегишли орган мутасаддиларининг саъй-ҳаракати билан махсус рейс орқали бир юз элликдан ортиқ юртдошимиз (аёллар ва ёш болалар) бир неча йилдан буён хунрезликлар маконига айланган  ўлкадан олиб келинди.

Том маънода тарихий воқелик бу.

Инсонпарварликнинг яна бир намунаси.

Бу борада ишлар давом эттирилмоқда. Демак, айни мавзу ҳақида кўп ва хўп ёзилади.

Таниқли исломшунос Мубашшир Аҳмад айни воқелик юзасидан қуйидагича мулоҳаза билдирди.

***

Кеча Шом (Сурия)дан келган рейсни янги бир даврнинг мантиқий ва зоҳирий якуни дея кўриш мумкин. Аслида бу давр тугаши аниқ бўлганди, аллақачон тугаганди ҳам. Кечаги воқеа эса буни ҳамманинг кўз олдида тасдиқлаб берди, холос.

Бу давр бир ўн йилликни тўлиқ қамраб олди. Якуни эса ҳаммамизга дарс ва ибрат бўлиши керак. Алоҳида бу даврнинг юзага келишига жиҳодга бўлган масъулиятсизларча чақириқ, мусулмон биродарларга мадад бериш даъвоси ва динни яхши билмаслик кабилар сабаб бўлди. Тўғри, бунга ичкаридаги турли омиллар ҳам ўз таъсирини ўтказди. Аммо ечим Шомга бориб «жиҳод» қилиш эмасди-да!

Бу ишларнинг нотўғрилигини бутун дунё уламолари, хусусан, диёримизда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бошчиликларида уламолар таъкидлаб келишди. Унинг жиҳод эмаслиги ва ёмон оқибатларидан огоҳлантириб туришди.

Бу давр тугаган бўлса, нега яна эсламоқдамиз? Мақсад, бунда адашган тоифаларни маломат қилиш ва йиқилганни тепкилаш эмас. Шундоқ ҳам улар Шом фожиаларидан аччиқ сабоқлар олишган бўлса керак. Айтмоқчи бўлганимиз мазкур фожиадан биз, яъни муаммо ташқарисидагилар ҳам сабоқ олишимизда.

Биз қандай дарслар ва ибратлар олишимиз керак:

  1. 1. Диннинг нусрати қурол билан келмайди. Қўлидаги қурол нари турсин, ҳатто ўқини ҳам душманидан оладиган жангчининг муҳорабадаги аянчли ҳолатини сўз билан изоҳлаб бўлмайди. Яна денг, ўша «жангчи» фақат ўзининг мусулмон биродарига қурол ўқталди, холос.
  2. 2. Исломга фақат шижоатнинг ўзи билан хизмат қилиб бўлмайди. Агар шундай бўлганда, ҳозир Шомда вазият бошқача бўлган бўларди. Балки диннинг нусратига ихлос, илм, ҳикмат ва тўхтовсиз меҳнат орқали эришилади. Бу ишлар шижоатга солиштирганда жуда оғир ва машаққатли вазифалардир. Чин мусулмонлар ана шу майдонларда ҳаракат қилишади. Шунданми, уламолар Шом қирғинларига кетганларни қўрқоқлар, дея аташган. Чунки биз санаб ўтган майдонларда туриб беришда ўзига ишонмаган кишилар, ўзини Шомга уришди, оғир вазифалардан шу йўл билан «қутилишди».
  3. 3. Суриядаги уруш шаръан жиҳод майдони бўла олмасди. Балки у ерлик аҳолининг золим ҳукмронга қарши исёни эди. Бу исён шаръан тўғри бўлганми, йўқми, бу катта уламоларнинг ижтиҳод ва ихтилофи эди. Аммо нима бўлганда ҳам ватандошларимиз бориб, аралашадиган муаммо эмас эди. Бу томондан ҳам ҳамюртларимиз нотўғри иш қилишганди.

Булардан бошқа яна кўплаб муаммо ва масалалар бор.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг