Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сурхондарёда чақалоғини 5 миллион сўмга сотмоқчи бўлган она жазоланди

Сурхондарёда чақалоғини 5 миллион сўмга сотмоқчи бўлган она жазоланди

Фото: «1ul.ru»

Бутун дунёни тебратгувчи катта юрак соҳибалари, сабр-матонат, меҳр-муҳаббат тимсоли бўлмиш оналарни таърифлаш учун қалам ожиз, сўзлар эса чексизлик қилади. Ўз боласини, этининг бир парчаси бўлмиш гўдагини сотишга уринган оналар-чи, уларнинг қилмишини оқлаб бўладими?

Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида ўз боласини беш миллион сўмга сотган она тезкор ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинди.

Дилафруз (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзаро келишмовчиликлар сабаб, эри билан ажрашиб, алоҳида яшай бошлади. Бир неча бор ота-онаси келиб, биргаликда яшаш масаласини муҳокама қилганида, Дилафруз уларнинг таклифини кескин рад этди.

Ёлғиз боши билан тўғри йўлда юрмаганлиги учун қўшмачилик содир этганликда айбланиб 2017 йилда судланди.

Энди у ўзига анчадан бери «халақит» қила бошлаган чақалоқ қизидан қутулиш пайида юрарди. Бироқ режасини қандай қилиб амалга оширишни билмай боши қотарди. Шу боис бу масалада ўзи билан пинҳона учрашиб юрган Тоҳир исмли танишидан ёрдам сўради. «Маслаҳат оши»ни пишириш учун ёлғиз яшаб келаётган Тоҳирнинг уйига серқатнов бўлиб қолди.

Маҳалла посбони бир неча бор Дилафруздан узоқ юриши, унинг  ахлоқсизлиги обрўсини тушириши мумкинлиги ҳақида бир неча бор огоҳлантиришига қарамай, Тоҳир Дилафруз билан учрашишда давом этди. Маҳалла посбони ва қўшниларга эса Дилафруздан катта қарзим бор, шуни кам-камдан олиб кетяпти, дея баҳонани тўқиди.  

Хуллас «шериклар» биргаликда моддий наф кўриш мақсадида, жиноий тил бириктириб, Дилафрузнинг 2017 йил 6 ноябрда туғилган қизи Мунисани 5 000 000 сўмга сотишни режалаштиришди. Режага асосан Тоҳир Бойсун тумани, «Тоқчи» маҳалласида яшовчи Маликага қўнғироқ қилиб, унга «Бир таниши қиз чақалоқ туққанлиги, лекин унга бола керак эмаслиги, шунинг учун чақалоқни 5 000 000 сўмга сотмоқчилиги, агар «мижоз» топиб, сотиб беришда ёрдам берса, чақалоқ сотишидан тушган пулдан беришни таклиф қилди. Ўз ўрнида, Малика 2017 йил 23 ноябрь куни Тоҳирнинг жиноий таклифи тўғрисида Сурхондарё вилояти ИИБ га ариза билан мурожаат қилиб, ўз хоҳиши билан жиноят содир қилмоқчи шахсларни жиноят устида ушлаб беришини маълум қилди.

2017 йил 24 ноябрь куни Тоҳир Термиз шаҳридаги ресторанларнинг бирида ўтирган Маликанинг олдига Дилафруз билан бирга кириб борди. Ресторандаги алоҳида хонада ўтириб, Маликадан чақалоқни сотганлиги эвазига 5 000 000 сўм олди. Дилафруз эса Маликага чақалоқни 5 000 000 сўмга сотганлиги тўғрисида тилхат ёзиб бериб, тилхатга Тоҳир ҳам гувоҳ сифатида имзо қўйди. Дилафруз Маликага сотилаётган қизига тегишли барча ҳужжатларни тақдим қилди. Малика «Мен чақалоқни олиб бориб берай» деб чиқиб кетгач, Тоҳир стол устида турган сариқ рангли пакет ичидаги пулларни чиқариб санаб кўрди. Шу пайт, орадан 2-3 дақиқа ўтгач, Тоҳир ва Дилафрузнинг олдига Сурхондарё вилояти ИИБ ходимлари холислар иштирокида етиб келишди.

2017 йил 24 ноябрь куни соат 14:00 ларда Сурхондарё вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида «чақалоқ сотиб олувчи мижоз» сифатида жалб қилинган Маликага Тоҳир ва Дилафруз вояга етмаган Мунисани 5 000 000 сўмга сотаётган вақтда, жиноят устида  қўлга олинди. 

Судда Тоҳир ўзига нисбатан эълон қилинган айбловларга тўлиқ,  Дилафруз эса қисман иқрорлик билдирди.  Тоҳир берган ўз кўрсатмасида 2017 йилнинг тахминан ноябрь ойи ўрталарида Ангор туманидаги Перинатал марказига бориб, Дилафрузни туғилган қизи билан бирга чиқариб, уйига жўнатиб юборганлиги, орадан тахминан бир неча кунлар ўтганида Дилафрузнинг уйига яна борганлиги, оилавий шароити оғир бўлганлиги учун унга «болани ўлдириб қўясан, иложи бўлса, бирор кишига бериб юбор» дея маслаҳат берганлигини айтди. Шунингдек, Дилафруз «Бирор киши борми, болани оладиган, 5 000 000 сўмга сотаман» деганида, таниши Маликага  қўнғироқ қилиб, ундан «Чақалоқ сотиб оладиган одам бор йўқлиги» ҳақида сўраганини, Малика «Чақалоқни сотиб оладиган одам топсам, ўзим телефон қиламан» деганида, унга «Агар чақалоқни сотиб оладиган одам топсанг, сенга 500 000 сўм, ўзимга 1 500 000 сўм олиб қолиб, қолганини чақалоқнинг онасига 3 000 000 сўм қилиб берамиз» деганини тан олди.

Судланувчи Тоҳир ва Дилафруз Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, Тоҳирга жазо тури ва миқдорини белгилашда унинг айбига иқрорлиги, қарамоғида икки нафар фарзанди борлиги ва яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини жазони енгиллаштирувчи, жиноятни ғараз ва паст ниятларда содир этганлигини эса жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар дея эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми «а» банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Дилафрузга нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда эса суд айбига қисман иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, қарамоғида уч нафар фарзанди борлиги, оилавий аҳволи ва аёл киши эканлиги, жазони енгиллаштирувчи, илгари ҳам қасддан жиноят содир этиб, такроран қасддан янги жиноятни ғараз ва паст ниятларда содир этганлиги жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми «а» банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, муддати 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Б.Мамадаминов,
Жиноят ишлари бўйича
Қизириқ туман суди раиси,
М.Эшмирзаева,
журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг