Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тадбир мавсумий эмас: вилоят прокурори ҳар чоршанба ёшлар билан учрашмоқда

Тадбир мавсумий эмас: вилоят прокурори ҳар чоршанба ёшлар билан учрашмоқда

Ёшларга эътибор ҳар қачонгидан кучайди. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев  мамлакат ёшлари билан видеоселектор тарзида ўтказган учрашувидан (2019 йил 27 декабрь) кейин бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.

Ўша учрашувда қатор вазифалар белгилангач, мутасаддилар  амалий ҳаракатга тушишди. Бу борада Андижон пешқадамлик қилаётгандай. Куни кеча оммавий ахборот воситаларида хабарлар тарқалдики, вилоят ҳокими ўз ўринбосарларидан тортиб, туман ва шаҳар ҳокимларини вақтинча вазифасидан четлатди ва уларнинг ўрнига ёшларни тайинлади. Шу тариқа навқирон авлод вакилларида раҳбарлик кўникмасини шакллантиришга бел боғланган кўринади. Буям бир тажрибада. Албатта, ҳар қандай янгилик жамоатчилик томонидан бирдай қабул қилинавермайди. Бироқ натижалар барибир тажрибалардан келиб чиқади.

Андижон вилояти прокурори Ғайрат Фозилов эса ёшлар билан ишлашда анъанавий йўлдан бормоқда (прокурорга шуниси маъқул, негаки, вилоят ҳокимининг тажрибасини қўллашда унда имконият ҳам, ваколат ҳам йўқ). Яъниким, ҳар ҳафтанинг чоршанбасини вилоят прокурорининг ёшлар билан учрашуви куни деб белгилади.

Шунга мувофиқ, ёшлар билан учрашиб, уларнинг бандлиги, ният-у муаммоларини бевосита ўзларидан эшитмоқда. Эътиборлиси, бундай учрашувлар  вилоят прокуратурасининг кўркам ва шинам биносида эмас, балки жойларда уюштирилмоқда. Шу чоққача прокурор Жалақудуқ, Хўжаобод ва Марҳамат туманлари ёшлари билан учрашишга улгурди.

Қўрғонтепа туманида ўтказилган учрашувда ёшлар тумандаги пахтачилик кластери - «Khantex group» МЧЖ фаолияти билан яқиндан таништирилди ва корхонада ишлаш истагини билдирган 12 нафар ёшлар шу кунни ўзидаёқ мазкур даргоҳга жойлаштирилди.

Жалақудуқда ёшлар тумандаги ҳарбий қисм хизматчиларнинг фаолияти, жанговор тайёргарлиги, ўқув дала машғулотлари, яшаш шароитлари, жанговор қурол-аслаҳа ва техника воситалари билан яқиндан таништирилди ҳамда ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Хўжаобод туманидаги учрашув «Бунёдкор замин» хусусий корхонасида ташкил этилди. Унда асосий эътибор ёшларнинг санъат ва маънавиятга бўлган қизиқишларига эътибор қаратилди. Тўрт нафар ёшлар ташаккурнома билан тақдирланди, иштирокчиларга эса ўзбек ва жаҳон адабиёти намоёндалари қаламига мансуб юздан ортиқ бадиий китоблар тарқатилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг