Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Таклифа Каримова: «Мен бўлғуси Президент оиласига 1964 йилда келин бўлиб тушганман»

Таклифа Каримова: «Мен бўлғуси Президент оиласига 1964 йилда келин бўлиб тушганман»

Суратда (ўнгдан чапга): Таклифа Каримова, Санобар ая (Ислом Каримовнинг онаси), Меҳринисо Каримова (Ислом Каримовнинг опаси)

Фото: «Fondkarimov.uz»

Самарқанднинг «Зарафшон» газетаси Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги арафасида Каримовлар хонадони келини, Қуддус Каримовнинг рафиқаси Таклифа Каримованинг хотираларини чоп этди. Айни вақтда Самарқанд шаҳридаги «Қўшбаққолли» маҳалла фуқаролар йиғини раиси сифатида фаолият юритаётган онахон Ислом Каримовни шундай хотирлайди:

— Мен бўлғуси Президент оиласига 1964 йилда келин бўлиб тушганман. Тўйнинг эртаси куниёқ бу оилада ўзаро иноқлик, меҳр, илмга ташналик бениҳоя юқори эканини англаганман.

Ислом Каримов оилада еттинчи фарзанд бўлиб, опаси Меҳринисо ҳамда ака-укалари билан аҳил-иноқ яшар, улар билан ўзаро илмий ва ақлий тортишувлар қилиб турарди. Айниқса, турмуш ўртоғим Қуддус Каримов билан фан, спорт, таълим-тарбия, диний ва дунёвий билимлар борасида мудом баҳслашарди.

Ўша пайтларда Ислом Каримов Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида ишлар, Самарқандга ҳар икки-уч ойда келиб турарди. Ҳар келганида хўжайиним билан тарих, иқтисодиёт ва астрономия соҳасида фикр алмашарди, тонггача баҳслашишарди. Бир сафар «Дадаси, укангиз ёш бўлса-да, катталардек фикрлайди, онг, тафаккур доираси ўта кенг. Бунинг сабаби нимада?», деб сўрадим. «Китобни севишида, мутолаа қилиш, ўқиб-изланишдан эринмаганлигида», деди ва бир воқеани айтиб берди. «Уруш йилларидан кейин отамиз Абдуғани ака Иштихон туманидаги «заготконтора» (ўша вақтда шундай номланган)га ишга ўтди ва шу сабабли Ислом Митан шаҳарчасидаги мактаб-интернатда таҳсил олди. Тўртинчи синфда ўқиб юрганида 2-синф ўқитувчиси қаттиқ бетоб бўлиб қолади ва уч-тўрт ой мактабга кела олмаслиги ойдинлашади. Шунда мактаб-интернат директори 4-синф ўқувчиси – укам Исломга ишонч билан ўша синф ўқувчиларини ўқитиб туришни топширади. Ёш Ислом бу ишончни оқилона уддалаш учун кечалари ухламай ўқийди, ўз устида ишлайди. Натижада уч ой давомида ўқувчиларни ўқитувчидан кам бўлмай ўқитади. Унинг бу салоҳияти нафақат мактабда, балки туманда алоҳида эътироф этилади».

Ислом Каримов ана шундай чуқур билим, истеъдод ва иқтидор эгаси эди. Буни мен яқин одами, қариндоши сифатида эллик йиллик ўзаро муносабатларимиз давомида теран англаганман.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг