Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Талаш бўлаётган обиҳаёт

Талаш бўлаётган обиҳаёт

Ҳозирда фойдаланилаётган мотор.

Фото: «Xabar.uz»

Сув муаммоси, айниқса ичимлик суви масаласи юртимизнинг кўплаб ҳудудларида жиддий муаммо ҳисобланади. Унинг ечими ҳар бир мутасаддидан, аҳоли вакилларидан жонбозлик талаб қилади. Лекин шундай ҳолатлар ҳам кузатиладики, масалани ҳал қилиш ўрнига зиддиятларга киришиб кетилади ва охир-оқибат бундан оддий аҳоли жабр кўради — сув зарур жойларга етиб бормайди. Таҳририятимизга келган навбатдаги мурожаатда ҳам шу ҳақда сўз боради.

«Ассалому алайкум! Мен, Айитқулов Неъматилла, аҳолининг норозилигига сабаб бўлган вазият юзасидан мурожаат қилмоқдаман.

Биз яшайдиган Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани Боғистон маҳалласи Зулфия кўчасида маҳаллий аҳолисидан ташқари «Баркамол авлод» ёшлар ижодиёт маркази ҳамда 3-мактаб жойлашган. Таълим даргоҳларида юзлаб ўғил-қизларимиз таълим-тарбия олиш билан бирга кўплаб тўгаракларда қатнашиб керакли касб-ҳунарларга эга бўлмоқдалар.

Кўчамизда 1970-йилларда қурилган эски сув кўтариш иншооти бўлиб, вақтида уч-тўртта қишлоқ аҳолисини тоза сув билан кеча-ю кундуз таъминлаб келган. Иншоотнинг айнан шу жойга қурилишига сабаб бизнинг қишлоғимиз бошқа қишлоқларга нисбатан тепаликда жойлашган бўлиб, сув бошқа қишлоқларга ҳам муаммосиз етиб борган.

Кейинги вақтларда иншоотнинг сув ғамлайдиган идиши (бочкаси) занглаб чириб кетиб, ер ости насоси ишламай қолди. Бочканинг тешикларидан сув мунтазам оқаверганидан кейин унинг пойдевори юмшаб қолиб тасодифан йиқилиш хавфи кучайди.

Шундай бўлса-да, иншоотнинг ер ости сув насоси бир неча йиллар аввал кичикроқ ер усти насосига алмаштирилди. Натижада маҳалланинг беш-олтита кўчасигагина бир кунда 1 соат сув бериладиган бўлди. Ер усти насоси ҳам тез-тез бузилиб қолиб аҳолининг сувдан қийналишига сабаб бўлмоқда. Лекин қишлоғимиз одамлари иноқ бўлганлиги ва бир неча жонкуярларимиз борлиги сабабли ўз маблағимиз ҳисобидан доимо таъмирлаб, бир кунда 1 соат бўлса-да узлуксиз равишда сув истеъмол қилиб келмоқдамиз. Доимий равишда таъмирлашлардан чарчаб икки-уч йил давомида ҳокимиятга тинимсиз мурожаат қилганимиздан кейин вилоят «Сувоқава» корхонаси раҳбариятидан туман вакиллари билан биргаликда келиб кўришиб, сув кўтариш иншоотини фойдаланишга мутлақо яроқсиз деб топишган бўлса-да, ҳеч қандай ўзгариш бўлмади.

Ниҳоят туман прокурорининг аралашувидан кейин туман сувоқава кохонасига топшириқ берилиб, янги сув кўтариш иншоотининг қурилиши 2018 йил давлат дастурига киритилди. Маблағ ажратилганидан кейин сув ва тупроқ таҳлиллари олиниб, лойиҳа-смета ҳужжатлари тузилиб, жорий йилнинг май ойида Зулфия кўчасидаги «Боғистон» МФЙга тегишли бино ёнида қурилиш ишлари бошланди. Лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича 1,5 километрга режалаштирилган қувват билан ишга туширилса, худди аввалгидек нафақат «Баркамол авлод» ёшлар маркази ва мактаб ўқувчилари, балки атрофдаги қишлоқлар аҳолисининг ҳам сув билан боғлиқ муаммоси шубҳасиз ҳал бўлар эди.

Лекин ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир деганларидек, бизнинг қишлоққа нисбатан пастда жойлашган қишлоқнинг гапга уста оқсоқоллари келиб, лойиҳа бўйича бошланган қурилиш ишларини тўхтатиб, бурғучилар қазиган чуқурни кўмдириб, техникани қишлоғига олиб кетишган.

Сабаби улар Президентга ёзишган экан! Мазкур иншоот лойиҳага зид бўлса-да, уларнинг қишлоғида қурилиши керак эмиш. Мен юқорида сувимизни халқнинг кучи билан, ҳар қандай қийинчиликларга чидаб, бир кунда 1 соатгина ишлатиб, амал-тақал қилиб ичаётганимизни баён қилдим. Қолаверса тинимсиз югур-югурлардан кейин қонуний равишда 2018 йил давлат дастурига киритилган қурилиш ишлари бошланганида зўравонларнинг бу қилиғи ортиқча бўлди. Ваҳоланки, ўша қишлоқнинг ҳам ўзларининг сув иншооти мавжуд, доимо сув истеъмол қилишади. Агар уйларидан сув чиқмаётган бўлса, харажат қилиб қувур тортишса бўлади-ку, нега бировларнинг ишларига аралашишади? Ахир бу ердаги мактабларда уларнинг ҳам ўғил-қизлари ва неваралари таҳсил олишади-ку.

Ўртада низо чиққанидан кейин ҳудудга лойиҳа институти раҳбари келиб сув иншооти лойиҳадаги жойида, яъни Зулфия кўчасида қурилиши керак деб кетди. Сирдарё вилояти «Сувоқава» корхонаси бош муҳандиси Орзумурод ака ва корхонанинг туман бўлими раҳбари Шерзод билан келишиб, дастлаб қурилиш лойиҳа бўйича шу ердан қурилиши керак дейишди.

Шундай бўлса-да, можаро қилаётган қишлоқни ҳам кўриб келамиз деб ўша чоллар билан бирга кетишди. Бизлар эса уларнинг қайтиб келишини кутиб турдик. Орзумурод ака Шерзод билан қайтиб келганидан кейин улардан қарорини айтмасдан олдин яна бир бор эски иншоотимизни кўришларини сўрадик. Улар қурилмани кўздан кечириб зудлик билан алмаштириш кераклиги ва у қулаб тушиши мумкинлигини айтди. Шунда биз кўз қорачиғимиздек асраётган мўъжазгина сув насосимизни ҳам кўрсатдик. Орзумурод ака уни кўриб насосларинг ҳам яроқсиз экан-ку деб ҳайрон қолди. Энди қарорингизни айтинг десак, у киши «билмайман» деди-да машинасига ўтириб жўнаб кетди.

Орзумурод аканинг жанжалли қишлоққа бориб, у ерда нималарни сўзлашганлари, нималарни ваъда қилганлари бизга номаълум. Лекин вилоят «Сувоқава» корхонаси бош муҳандиси Орзумурод аканинг фикри тезда ўзгариб қолганига ҳайрон қолдик. Сув иншооти эса лойиҳага зид равишда, сувдан ва ердан ҳеч қандай таҳлил олинмасдан, сувнинг яроқли эканлиги ўрганилмасдан, лойиҳага зид равишда пастки қишлоқда, даланинг ёнида қурилмоқда.

Бизлар 3 йил югуриб энди эришганимиз сув муаммосини қонуний ҳал қилиш мақсадида Мирзаобод тумани халқ қабулхонаси мудири Улуғбек Ҳайдаровга мурожаат қилдик.

Улуғбек Ҳайдаров низоли жойга ишни жойида ҳал қилиш учун туман ҳокимияти ва сувоқава корхонаси вакилларини таклиф қилгач, бизнинг маҳалламиз нуронийлари ва бошқа аҳолиси эрталабдан то соат 12 ларгача комиссияни кун иссиғида, рўза пайтида кутиб туришди.

Ниҳоят комиссия аъзолари етиб келишди. Орзумурод ака сув иншооти пастки қишлоқда қурилишини эълон қилди. Шунда нега лойиҳага зид равишда, ҳеч қандай таҳлил олмасдан ноқонуний иш қилаётганининг сабабини сўрадик. «Пастдан тепага сув чиқмайди-ку» дедик. Шунда у киши «Мен «заказчикман», хоҳлаган жойимда қураман, хоҳламасам қурмайман, қонунни бузаётган бўлсам қонун олдида жавоб бераман» деб жавоб қайтарди. Шунда мен «Орзумурод ака, ўзингиз иншоотимизни яроқсиз, авария ҳолатида деб айтдингиз-ку» дедим. «Қолаверса ишларни дастурга киритиш, қурилишга маблағ ажратиш туман прокурорининг кўмаги билан бўлган» дедим. Аммо барибир рад жавобини эшитиб, ҳафсаламиз пир бўлди. Майли, пастдаги қишлоққа ҳам сув зарур дейлик, лекин нега уларни сув билан таъминлаш учун биз шунча югуриб етай деган лойиҳамиз барбод бўлиши керак? Агар қуриш зарур бўлса, ҳар икки жойга қуриш мақсадга мувофиқ бўлмасмиди?!

Белгиланмаган жойда ва таҳлил қилинмасдан, ноқонуний қурилаётган сув кўтариш иншооти 2018 йил давлат дастури асосида, белгиланган жойида қурилсагина халқимиз рози бўлар эди.

Мазкур мурожаатномага яна 22 нафар фуқаронинг имзолари ва исм-фамилиялари илова қилинмоқда».

Биз бу мактубни деярли ўзгаришсиз чоп этмоқдамиз. Борди-ю мутасадди ташкилотлар ёки мақоладаги шахслар ўз муносабатларини билдирса, мавзуга қайтишга тайёрмиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг