Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Таниқли блогер Бош вазир ўринбосари Абдуҳакимов ва соғлиқни сақлаш вазири Шодмоновга мурожаат ёзди

Таниқли блогер Бош вазир ўринбосари Абдуҳакимов ва соғлиқни сақлаш вазири Шодмоновга мурожаат ёзди

Таниқли блогер Санжар Саид «Фейсбук» ижтимоий тармоғида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга мурожаат йўллади.

Мурожаатда Фарғона шаҳридаги вилоят туғруқхонаси, халқ тилида «Ойбек» туғруқхонасининг жонлантириш бўлимида ётган 23 ёшли онанинг соғлиғи ва ҳаётидан хавотир билдирилган.

«1995 йилда туғилган Нилуфар Жабборова Азизжон қизи, турмуш қурганига икки йил бўлган, 1 июль биринчи фарзандини кесарова йўли билан дунёга келтирган. Туққанига қадар соғлом бўлган, аммо жарроҳлик амалиётидан сўнг аёлнинг иситмаси тушмаяпти. Баданига болани ўраб турган сув тарқаб кетган.

Аввалига шифокорлар инфекция тушган деб баҳона қилишган. Энди эса аёлнинг ўзи буйраги аввалдан шамоллаган экан, деб баҳона қилишяпти. 7 кундан бери аёлни гоҳ палатага олишади, гоҳ реанимацияга. Кечадан бошлаб аёлни сунъий нафасга ўтказишган.

Ҳозирда врачлар бачадонини олиб ташлаймиз, дейишаётган экан. Бир врачнинг ўзаро суҳбатда айтишича, кесарова пайтида аёлнинг ички аъзосига (аниғини билмайман қаерига) тиғ билдан зарар етказиб қўйишган.

Эри, қайнонаси, қайнотаси, аёлнинг онаси, синглиси – барча яқинлари ўша туғруқхона ҳудудида туну кун навбатчиликда бир яхши хабар илинжида кутиб ўтиришибди.

Сизлардан илтимосимиз, мазкур ҳолатни шахсан назоратга олсангиз, аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш бўйича барча чоралар кўрилиб, малакали ва ишончли шифокорлар ёрдами таъминланса. Шу билан бир қаторда, тизимда туғруқ жараёнини бизнесга айлантириб олган, ҳар қандай соғлом аёлни ҳам табиий йўл билан туғдиришга йўл қўймасдан, заруратсиз ўринларда ҳам қиммат ва осон йўл – кесарованинг амалга оширилишига чек қўйиш бўйича амалий чораларни кучайтиришингизни сўраймиз.

Чунки сўнгги вақтларда бундай нопок шифокорлар сабабли кўплаб оналар ва болаларнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда. Бундан барча хавотирга тушмоқда. Яқинда Бекободда бўлган ҳолат ҳам буни кўрсатмоқда», деб ёзади блогер.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг