Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Танлов ва рақобат етарлича. Телеканалларни томошабоп қилиш вақти келди

Танлов ва рақобат етарлича. Телеканалларни томошабоп қилиш вақти келди

Фото: «Asr.uz»

Бугун ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли ўртасида турли сўровлар ўтказилмоқда. Хусусан, томошабинларнинг қайси телеканални кўпроқ кўраётганлари борасида ҳам. Энг сўнгги сўров натижаларига кўра, телеканаллар орасида «Зўр ТВ» етакчилик қилмоқда.

Айрим томошабинларга юзлансангиз, улар учун кўнгилочар дастурларни кўриш 4 та зиёли йиғилган «ток-шоу»ни томоша қилишдан афзал. Айрим томошабинларга эса кўнгилочар кўрсатувлар бачкана туюлади ва улар учун маънавий-маърифий, таҳлилий кўрсатувларни томоша қилиш маъқул. Бу билан томошабинни иккига бўлмоқчи эмасмиз, шунчаки бугунги кунда уларнинг кўпчилик қисмини ана шу аудитория ташкил этяпти, холос.

Аввало танлов томошабинда. Улар телевизор пултини қайси каналга созласалар, шуни кўришади. Яна сўров натижаларига қайтамиз. Биламизки, «Зўр ТВ» телеканали асосан кўнгилочар кўрсатувларни эфирга узатади. Хўш, нима учун? Нега энди бу телеканалда маданий-маърифий кўрсатувлар саноқли. Боиси, бундай кўрсатувларга эҳтиёж унчалик юқори эмас. Кўнгилочар кўрсатувларга бўлган қизиқиш эса авжида.

Тўғри, зиёли инсон «Зўр ТВ» каналидаги кўпгина кўрсатувларни кўрганида тепа сочи тикка бўлиши аниқ. Бироқ бу дастурларни қанчалик бачканаликда, савиясизликда айблаганимиз билан томошабин бошқа канални танлаб кетаётгани йўқ. Шу боис, ҳукм ўқишдан аввал, сабабини ўрганганимиз маъқул.

Ҳар бир канални муҳокама этишга ожизмиз. Умумий қилиб айтадиган бўлсак, асосан, дастурлари маданий-маърифий кўрсатувларга мўлжалланган телеканалларда ёндашув умумий. Ток-шоуми? Демак, албатта, 5-6 та зиёли инсон ёхуд ташкилот вакиллари келиб, кўтарилган мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар билдиришлари ёки кўпроқ панд-насиҳат қилишлари керак. Бирор муаммо кўтарилса, ечим қолиб, муҳокамага ёпишилади.

Уй бекалари кун бўйи уйда ўтириб зерикишлари табиий. Уй ишлари тугагач, уларга кўпроқ бирорта кино ёки сериал кўриш, мусиқа тинглаш ва айтганимиздек, кўнгилочар кўрсатувларни томоша қилиш яхши. Энди ишдан ҳорғин чарчаб келган инсон телевизорни ёқса-ю, панд-насиҳат тингласа, ёқадими? Ундан кўра, дарров бошқа каналга олади-қўяди. Бунинг ҳам ўз сабаби бор.

Ҳар бир хонадоннинг ўзига яраша ташвиши, муаммоси мавжуд. Қолаверса, ишхонада ҳам бугун бўлмаса, эртаси куни бирор ҳамкасб билан тушунмовчилик, тортишувлар, қандайдир дилхираликлар кузатилиши мумкин. Шу боис, уйга келган инсон, албатта, бироз бўлса-да, муаммолардан йироқлашишни, миясини бироз жиддий ўй-фикрлардан узоқроқ тутишни истайди. Телеканалларни бир-бир кўздан кечириб, улар орасидан энг енгил, осон ҳазм бўладиган кўрсатувлар излайди. Ана бўлмаса!

Бу билан телеканаллардан бундай кўрсатувларни олиб ташлаш керак, демоқчи эмасмиз. Албатта, ҳар бир кўрсатувнинг ўз томошабини бор. Хоҳ у кўп бўлсин, хоҳ кам...

Биз юқорида ёндашув ҳақида сўз очдик. Ҳа, ёндашув ва услуб. Телекўрсатувларда борган сари четда аҳамиятсиз қолаётган икки нарса мавжуд. Балки бошқа телеканалларда эфирга узатилаётган маданий-маърифий кўрсатувларга ўзгача ёндашиш вақти келгандир. Балки муаммонинг оқибати ҳақида эмас, у бартараф этилгач, рўй берадиган ижобий томонлари ҳақида гапириш керакдир? Балки, бошқа телеканалларда ҳам кўнгилочар дастурлар сонини ошириш лозимдир? Ахир маданий-маърифий йўналишда ҳам кўнгилочар кўрсатувлар тайёрлаш мумкин-ку? Тўғри, айрим телеканалларда бундай кўрсатувлар мавжуд. Аммо улар озчиликни ташкил этади. Шу боис, томошабинларнинг эътиборини тортиш бироз мушкул.

Ҳа, албатта, аудитория катта. Уларнинг барчасини жалб этиш имконсиз. Шу билан бирга, томошабин эътиборини тортиш керак деб, уларнинг ортидан эргашиш ҳам хато. Гап аудиторияга эргашишда ҳам эмас, телеканалларда бир неча йиллардан буён ҳукм суриб келаётган бир хилликдан кечиш — катта муаммо. Аҳолига ҳар бир маълумотни қизиқарли, содда, халқчил тилда етказишга эришишдан иборат. Айтиш осон дейсизми?

Тўғри, ҳозир аудиторияни қизиқтириш, уларнинг эътиборини узоқ жалб этиш аввалги вақтларга қараганда анча мушкул. Сабаби, ҳозирда танлов кўп. Танлов кўп дегани, бу рақобат ҳам кучайганини англатади. Рақобатга бардош бериш учун эса томошабинбоп кўрсатувлар тайёрлаш керак.

«Зўр ТВ»ни танқид остига олмай, холис баҳо беришга ҳаракат қилайлик. Улардаги ёндашувга бироз эътибор қаратсак, ёмон бўлмасди. Бу канални мисол келтириш орқали уларни мақтамоқчи эмасмиз. Албатта, «Зўр ТВ»нинг бошқа телеканаллардан олиши мумкин бўлган жиҳатлари жуда кўп, шу билан бирга камчиликлари ҳам талайгина. Аммо ундаги креативликни бошқа телеканаллар ўрганишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Агар кузатадиган бўлсак, креативлик кўпинча нодавлат телеканаллар фаолиятида кўпроқ кузатилади. Бу борада «Менинг юртим», «Севимли ТВ», «Узрепорт» телеканалларини мисол тарзида келтиришимиз мумкин. Ижтимоий тармоқда ўтказилган сўровларда ҳам айнан уларнинг рейтинги доим юқори.

Афсуски, бу креативлик бошқа телеканалларда етишмайди. Фикримизча, томошабинни қизиқтиришнинг энг катта йўли бу кўрсатувдаги самимийлик.

Яна бир муаммолардан бири, айрим кўрсатувларда 15 дақиқада айтиш мумкин бўлган фикр 30-40 дақиқа давом этади. Обдон сақичдай чўзилган, олди-қочди жумлаларга бой кўрсатувлар томошабинга қизиқ бўлиши мумкинми? Албатта, йўқ.

Кейинги масала. Ҳар бир томошабин билган маслаҳатларни бот-бот такрорлашдан чарчамайдиган ток-шоулардаги ёндашув яна қачонгача давом этади? Барчага таниш муаммони такрорлашдан нима фойда? Яна бу ток-шоу нақ 40-50 дақиқага чўзилса! Ҳа, телеканалга шундай кўрсатувлар ҳам керак, албатта. Аммо ўша дастурда зиғирча интрига бўлса, бу маълум бир томошабинда қизиқиш уйғотиши мумкин.

Нафақат бизда, балки хориж телеканалларида ҳам турли аудиторияга мўлжалланган кўрсатувлар бор. Аммо уларнинг кўрсатувлари гарчанд кичик аудитория учун мўлжалланган бўлса-да, ёндашув қизиқ, ўзига хос услуб мавжуд.

Эътибор берган бўлсангиз, телеканаллардаги бирор-бир кўрсатувнинг номини тилга олмадик. Ўзаро солиштиришлар, таққослашлар, танқидлар доим бўлган. Бироқ натижанинг учи ҳеч кўринмайди.

Томошабинга айланиб, ечим сифатида ўз таклифларимизни билдирмоқчимиз. Ўртоқ ижодкорлар, илтимос, ўз телеканаларингиздаги кўрсатувларнинг кайфиятини кўтаринг. Муаммоларни айтаётганингизда, ечимини ҳам кўрсатинг. Масалан, киноларга болаларни олиб бораётган ота-оналарни танқид қилаётган бўлсангиз, «Болаларни киносаройларга олиб борманг, бу маданиятсизлик» дейиш билан чекланмай, «Балки киносаройларда кичик болалар ўйингоҳлари ташкил этиш керакдир», деган таклифларни ҳам беринг. Бир ижодкор ҳаётини жимжимадор сўзлар билан эмас, содда ва самимий сўзлар билан бойитинг, илтимос. Ток-шоуларда «Бу йил ажрашганлар сони шунчага етди» демай, «Агар мамлакатимизда ажрашишлар бўлмаганда, шунча бахтли оила бўлган бўларди» деб, маълумотларга позитив тус беринг, мултимедиавий имкониятлардан фойдаланинг.

Телеканалларда яхши кўрсатувлар ҳам бор. Аммо уларнинг кўпчилигидан томошабинлар бехабар бўлиши мумкин. Шундай экан, кўрсатувларни аудиторияга таништиришнинг янги усулларидан фойдаланинг. Масалан, ижтимоий тармоқлар орқали томошабинбоп кўрсатувларни тарқатинг. Балки бу таклифлар сизга маъқул келмас. Аммо бутун телеканалнинг қанчадан-қанча ходимлари бор. Уларнинг ҳар биридан битта таклиф олинганда ҳам, ҳеч бўлмаса 10 та оригинал фикр чиқиши мумкин. Ғоя ва таклиф беролмайдиган ижодкорларга эса телеканалларда ўрин йўқ. Сўнгги фикрга қўшиласиз, деган умиддамиз. 

Нигина Ҳакимова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг