Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Танзила Норбоева янги парламент Сенати раиси лавозимида қолмайдими?

Танзила Норбоева янги парламент Сенати раиси лавозимида қолмайдими?

Фото: «Xabar.uz»

Жорий йил 24 декабрь куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда қатор масалалар юзасидан сўз юритилди.

Сенат раиси Танзила Норбоева мажлисда умумий овқатланиш корхоналари ва таълим тизимида аҳолининг санитария-эпидемиологик ҳолат борасида ўз фикрларини билдириб, керак бўлса янги парламент аъзоларига ҳам тавсия қилиб кетишини таъкидлади.

– Сенат бу долзарб мавзуни эътибордан четда қолдирмайди. Шунчаки, Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориб қўйиш билан иш битмайди. Яқинда ваколатимиз тугайди. Лекин янги сайланган депутат, сенаторларга ҳам керак бўлса, ёзма равишда ушбу мавзуни эътибордан четда қолдирмасликларини тавсия қилиб кетамиз. Зеро, бунда фарзандларимиз саломатлиги кўндаланг турибди, – дейди Т.Норбоева.

Сенатнинг амалдаги раиси шу каби гаплар, айниқса, ваколати тугаши, янги сенаторлар келишини бир неча маротаба такрорлади.

Қизиқ, Танзила Норбоева парламентнинг навбатдаги чақириғида Сенат раиси лавозимида қоладими ёки йўқ?

2019 йил 21 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан парламент юқори палатаси раиси лавозимига илк бор раҳбар аёл, Танзила Норбоева сайланган эди. Хўш, янги раҳбар сенатда қандай ўзгаришлар қилишга муваффақ бўлди? Албатта, бу саволга дарҳол жавоб бериш бироз мушкул. Боиси, ҳали олдинда қилинадиган вазифалар кўп. Лекин ўтган қисқа вақт мобайнида Т.Норбоева раҳбарлигида кўплаб ишлар амалга оширилди. Бунга кенг жамоатчилик эътибор қаратиб, эътироф этмоқда ҳам.

Хўш, Т.Норбоева сенатда қандай ўзгаришлар қила олди?

  1. Аввало, фуқаролар мурожаати билан ишлаш тизимининг янги механизми йўлга қўйилди. 
  2. Халқ билан бевосита мулоқот қилиш орқали ҳудудлардаги реал ҳолат ўрганилди.
  3. Олий Мажлис Сенатининг виртуал қабулхонаси орқали мурожаатлар қабул қилиш жонланди.
  4. Сенат раисининг «facebook.com»даги расмий саҳифасида ҳам мурожаатлар қабул қилинди.
  5. Сенат раисининг ҳудудларда сайёр қабуллари ташкил этилди. Т.Норбоева Жиззах, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида аҳоли билан учрашиб, уларнинг муаммолари жойида ҳал қилинди;
  6. Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар мурожаатларни жойига чиқиб ўрганиши амалиёти жорий этилди;
  7. Ҳудудлардаги сенаторларнинг фуқаролар мурожаати билан ишлаш, қабуллар ўтказиши мунтазам амалга оширилди.
  8. Энг муҳими, қонунларнинг ҳудудлар манфаатларига мослиги ўрганиш тизими яратилди;
  9. Жойлардаги долзарб муаммоларни кўтариб чиқиб, ҳукуматга Парламент сўровлари юбориш жонланди;
  10. Халқаро ҳамкорлик янада кенгайди;
  11. Сенатнинг журналистлар билан ишлаш механизми янги босқичга кўтарилди. ОАВ, блогерлар билан ҳамкорлик ўрнатилди. Т.Норбоева танқид қилганларни тўғри қабул қилди. Ҳар бир долзарб мавзуга тезкор муносабат билдирилди.
  12. Сенатнинг ялпи мажлислари, қўмиталар мажлислари жонли эфирда трансляция қилиниб, халққа очиқ-ошкора кўрсатилди.

Шахсан мен навбатдаги Сенат раиси ким бўлишидан қатъи назар бундай фаолият изчил давом этиб, янада жонланишини истар эдим. Сиз-чи?

Жонибек Маърупов, журналист

 

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг