Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Tashkent City» қурилиши сабабли катта оила аросатда қолиб кетди (видео)

«Tashkent City» қурилиши сабабли катта оила аросатда қолиб кетди (видео)

Фото: «Xabar.uz»

Ҳозирги кунда ўзининг янгича кўринишли лойиҳаси билан тилга тушган «Tashkent City» халқаро ишбилармонлар маркази қурилиши аллақачон бошлаб юборилган. Ушбу лойиҳа билан собиқ тадбиркор ва ҳозирги ҳоким Жаҳонггир Ортиқхўжаев шахсан шуғулланмоқда. Бунёдкорлик яхши нарса.

Қурилиш бор жойда бузилиш бўлади, албатта. Айниқса, шаҳар жойга битилган қисмат шундай. Янги нарса қурилиши учун эскилари бузилади. Аммо эскини бузмай туриб, янгини қуриш ҳам ярамайди. Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги ана шу нақлдан сал бехабарроқ шекилли. Таҳририятимизга айнан «Tashkent City» қурилиши бошланган Ўқчи маҳалласида яшовчи бир онахон мурожаат қилди. Айтишича, қурилишнинг ўртасида унинг уйи бузилмай қолиб кетган. Воқеани ўрганиш учун йўлга чиқдик.

«Tashkent City» сабабли ушбу ҳудудда кўп бинолар ва уйлар бузиб ташланди. Бузилган уйларнинг соҳибларига янгиларини тақдим қилишди. Ҳамма хурсанд, ҳамма рози. Лекин Мағзума Алимхўжаева негадир норози эди. Унинг мурожаатига қулоқ тутдик (видеони кўринг).

Хуллас, «Tashkent City» қурилиши бошлангач, бузилган уйлар эгаларига янгилари берилган. Бу табиий. Лекин бу онахонники ҳалигача бузилмаган, чунки унга уй бериш режада йўқ ҳозирча. Кинода айтади-ку, «дакимент чатақ». Ҳудудий комиссия мазкур уйга келиб, шароит билан танишган, уй соҳиблари билан гаплашган, муаммони ўрганган. Бироқ иккинчи гуруҳ ногирони ҳисобланмиш Мағзума Алимхўжаева катта ҳовлисининг ўрнини босадиган уй сўрагани учун ҳозиргача бу муаммо ҳал этилмай келинмоқда.

Тасаввур қилинг, февраль ойидан бери бу ерда электр энергияси узилган, сув йўқ, газ ўчган. Атрофи бузилиб, торайган ҳовлида яшаётган оила ҳар куни чанг-тўзондан нафас олади, катта-катта машиналар ва бошқа қурилмаларнинг овозидан уйлар ларзага келади, ойналар зириллайди, худди лава ўчоғига тушиб қолгандай...

Умид қиламизки, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар мазкур муаммони вақтида ва ижобий ҳал қилади.

Воқеалар ривожини кузатиб борамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг