Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Текин маслаҳат: Янги йил учун кам пул эвазига кўп совға олишни истайсизми?

Текин маслаҳат: Янги йил учун кам пул эвазига кўп совға олишни истайсизми?

Янги йил совғаси

Фото: «myday.uz»

Янги йилда барча ўз яқинларига совға-саломлар олади. Шу боис, бу байрамни кўпчилик сарф-харажатларга бой байрам сифатида эътироф этади. Сабаби, совғалардан ташқари яна байрамона дастурхон тузаш учун ҳам мўмайгина пул керак, шундай эмасми? Биз сизга совғаларолишда барча пулингизни сарфлаб юбормаслигингиз учун бир неча маслаҳатларни тақдим этамиз.

Дастлаб рўйхат тузамиз

Рўйхат тузиш — севимли нарсаларимизни харид қилишдаги энг муҳим қоида. Янги йил совғалари ҳам бундан мустасно эмас. Сиз кимларга ва қандай совғалар бермоқчисиз? Рўйхатни тузинг ва тахминан қанча маблағ сарф этишингизни ҳисобланг. Балки харажатларни кўргач, уни янада камхаржроқ совғалар билан алмаштирарсиз. Энг муҳими, харид учун йўл олганингизда рўйхатни унутманг!

Янги йилгача улгуриш

Совғалар сотиб олишни қанча эрта бошласангиз, шунча уларни арзон ва кўп харид қилиш имконига эга бўласиз. Шу боис, совға олиш ишини байрам ҳафтасига тақамасдан, вақтлироқ ҳаракатни бошланг. Шунда керакли совғаларни топишда ҳам қийналмайсиз.

Вақт — пул

Вақтни тежаш — Янги йил арафасида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, бир кун ичида барча режалаштирган ишларингизни амалга оширишга урининг. Ундан ҳам яхшиси, совғаларни бир жойдан харид қилинг.

«Интернет-шопинг»

Вақт ва пул тежашнинг яна бир усули «интернет-шопинг»дир. Сабаби, ҳозир интернет-дўконлардаги нарх-наво шаҳар дўконларидаги нархлардан деярли фарқ қилмайди.

Агар сиз интернет-дўкон орқали совға харид қилмоқчи бўлсангиз, у ҳолда унутманг, байрамолди буюртмалар кўп бўлгани боис, маҳсулотларни етказиш бироз қийинлашади. Шу боис, совғани вақтида олишни истасангиз, унда уларни аввалроқ буюртма қилинг.

Ярмаркалар

Янги йил учун мўлжалланган махсус ярмаркаларни ҳам эътибордан четда қолдирманг. У ерда сиз истаган барча маҳсулот ўрин олади. Қолаверса, у ердаги нарх одатдаги дўкондаги нархлардан анча арзон бўлади.

Қай бири муҳим: совға ёки унинг ўрами?

Албатта, қимматбаҳо совға олиш шарт эмас. Дўстларингиз, ҳамкасбларингиз учун масалан, қиммат бўлмаган арча учун ўйинчоқлар, байрамона сувенирлар совға қилишингиз мумкин. Қолаверса, совғаларни рангли қоғоз ёки байрамона пакетларга солиб беришингиз мумкин. Ижтимоий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кишилар кўпроқ эътиборларини айнан совға ўрамига қаратишар экан.

Энг муҳими — эътибор!

Агар бюджет тўғри келганда, биз ҳамма яқинларимизни янги йил совғаси билан сийлаган бўлар эдик. Бунинг имкони йўқ, шу боис, балки мактаб даврини эслаб, ўз қўлингиз билан бирор нарса тайёрласангиз ҳам бўлади. Масалан, ўзига хос откриткалар тайёрлашингиз мумкин. Бу орқали ҳам яқинингизни хурсанд қиласиз, ҳам пулингизни тежайсиз.

Байрамдан сўнг

Агар барча яқинларингизга совға олган тақдирингизда ҳам, уларни байрамга қадар беришга вақтингиз вахоҳишингиз бўлмаслиги мумкин. Шу боис, янги йилгача кўришмайдиган яқинларингизга байрам ўтгач, совға олишингиз мумкин. Сабаби, кўпинча сотувчиларда байрамгача совғалар нархини кўтариш, сўнг эса уларнинг нархини арзонлаштириш ҳолатлари учрайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг