Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Термиз шаҳрида янги мадраса очилди

Термиз шаҳрида янги мадраса очилди

Фото: «Muslim.uz»

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида «Имом Термизий» ўрта махсус ислом таълим муассасаси очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси (ЎМИ) сайтида хабар қилинди.

Янги диний илм даргоҳи давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифлари давомида берган топшириқлари ижроси юзаси ўлароқ ташкил этилган.

Қайд қилинича, ушбу таълим муассасаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим маскани бўлиб, ўрта махсус диний маълумотли ислом шариати ва ҳадис илмлари мутахассиси, имом-хатиблар тайёрланади.

Мазкур таълим муассасасига 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентлар қабул имтиҳонлари асосида ўқишга қабул қилинади. Абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш 2020 йилнинг 15 июндан бошлаб онлайн шаклда амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Таълим муассасасига умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасасини тугатганлиги ҳақида ҳужжат (диплом)га эга бўлган фуқаролар қабул қилинади.

Кириш имтиҳонлари ўтказишнинг тасдиқланган тартиби ва қабул жараёнларига оид маълумотлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz сайти ва бошқа ижтимоий тармоқлар саҳифалари орқали бериб борилади.

«Юртимизда яна бир диний таълим муассасаси ташкил этилиши халқимизга, айниқса, воҳаликларга жуда катта Рамазон туҳфаси бўлди, Аллоҳ таоло ушбу мадрасани муборак айласин!» дейилади ЎМИ хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг