Тиббий патронаж ва соғлом турмуш тарзи тарғиботига энди 1 та эмас, балки 5 та ташкилот масъул!

Тиббий патронаж ва соғлом турмуш тарзи тарғиботига энди 1 та эмас, балки 5 та ташкилот масъул!

Фото: «Uzbekistan24.uz»

Репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва касалликларнинг олдини олишга қаратилган бирламчи профилактика ишларига эндиликда 5 та ташкилот масъул этиб белгиланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) ахборот хизмати хабар берди.

Бизга маълум қилишларича, ушбу тартиб ССВ, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази томонидан «Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш тўғрисида»ги қўшма қарори асосида белгиланган.

— Ҳужжат билан жойларда аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва бирламчи профилактика ишлари Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий бўлимлари, ҳудудий халқ таълими бошқармалари ва мактабгача таълим бошқармалари билан ҳамкорликда бажарилиши белгиланди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова. — Шунингдек, ушбу ташкилотларга аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида ҳар бир маҳаллада жамоатчилик асосида «Саломатлик мактаблари» ташкил этиш ва улар фаолиятини тизимли олиб бориш вазифаси юклатилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертларининг маълум қилишича, инсон саломатлигининг 85-90 фоизи ҳаёт тарзи ва атроф-муҳитга боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, қарор асосида касалликларнинг олдини олиш бўйича олиб бориладиган профилактика ишларини нафақат оилаларда, балки ўқув муассасалари, боғча ва маҳалларларда ҳам ташкил этиб, профилактика қамровини янада кенгайтириш, аҳоли ўртасида ўз саломатлигига бўлган масъулиятни оширишга алоҳида аҳамият қаратилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг