Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тирноқ остидан кир қидирмайлик!

Тирноқ остидан кир қидирмайлик!

Фото:«Yi.uz»

Муқаддас динимизда «Ҳамма нарса ниятга боғлиқ» деган ажиб ҳикмат бор. Ният холис бўлмас экан, оқни қора, қорани оқ кўриш мумкин. Дунёда бундан ёмони йўқ. Чунки бунда ҳақиқат пойдеворига дарз кетади.

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган воқеа-ҳодисаларга айрим фуқароларимизнинг ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдиришга қизиқаётгани яхши. Бироқ муносабатда муносабат бор-да. Яъни муносабат ҳам холис бўлиши керак.

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг бир шеърида одамлар эшакка миниб кетаётган чол билан неварани танқид қилишади. Уларни эшакка раҳм қилмаганга чиқаришади. Кейинги қишлоқдан ўтаётганда чол эшакка миниб олади-ю, невара пиёда юради. Бу гал чолни неварага раҳм қилмаганликда айблашади. Учинчи қишлоқдан ўтишаётганда невара эшакка минади-ю, чол пиёда юради. Яна танқидга учрашади...

Нима қилсанг ҳам, одамлар гапираверади экан-да деган хулоса чиқади асардан. Элнинг оғзига элак тутиб бўлмас экан-да.

Йўқ, бунақаси кетмайди!

Кеча мамлакатимизга Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг давлат ташрифи билан келиб-кетгани айрим фуқароларимизнинг ижтимоий тармоқларда турли-туман муносабат билдиришлари учун мавзу бўлди. Уларнинг аксариятини бундай яқин қўшничилик ниҳоятда хурсанд қилган. Бироқ айримларга қўшни давлат раҳбарининг иззат-ҳурмати учун пойтахтимиз кўчаларига талаба ёшларнинг саф тортиб, икки давлат байроғини кўтариб туриши маъқул тушмабди. Ана холос!

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ташқи сиёсатини янги поғонага кўтариш, халқаро майдонда обрў-эътиборимизни янада ошириш, аввало ён қўшниларимиз билан икки тарафлама манфаатли, дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ташаббускори бўлиб келаяпти. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан алоқаларимиз борасида ўтган бир ярим йилдан ошиқроқ давр мобайнида тамоман янги саҳифалар очилди.

Туркманистон Президентини кутиб олиш билан боғлиқ тадбирларда ёшларимизнинг иштирокига нек ният билан қараш зарур деб ўйлайман. Ахир яқиндагина Ўзбекистон Президенти Тожикистонга борганда ҳам бу мамлакат ёшлари худди шундай ҳурмат-эҳтиром кўрсатди-ку.

Меҳмоннавозлик халқларининг қон-қонига сингиб кетган.

Икки давлат ҳаётида юз бериб турган шундай катта ижтимоий-сиёсий воқеага муносабатда бундай майдалашиш яхшилик аломати эмас.

Хуллас, тирноқ остидан кир қидирмайлик!

Дилдора Олимова,

 журналист

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи расмий сайтидан олинди.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг