Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Абдумажид Аҳмедов

Тақдирга ишонганимдан мана шу ёзаётганларим сизгача етиб боришидан умидворман. Ризқ деб аталмиш бебаҳо нарсадан сиқмаганига шукр...

Тожик маросимларининг ўзига хосликлари: «артист»сиз тўй, овқатсиз аза ва бошқалар ҳақида

Тожик маросимларининг ўзига хосликлари: «артист»сиз тўй, овқатсиз аза ва бошқалар ҳақида

Фото: «Asia-travel.uz»

Халқимизда «бошинг тўйдан чиқмасин», «топганинг тўйларга буюрсин» каби ажойиб мақоллар бор-а?! Ўз манфаатимиз учун балки минг йиллик мақоллардан воз кечармиз. Топганимизни тўйларга ва яхши кунларга сарфлаганимиз яхши-ю, тўйдан кейин бошимиз қарздан чиқмаслиги ёмон-да.

Олий Мажлис Сенатининг «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси халқимиз томонидан кенг муҳокама қилинди, ОАВнинг қатор кўрсатув, мақола, эшиттиришлари ана шу мавзуга бағишланди. Яқин кунларда расмий ҳужжат ҳам тасдиқланиши эҳтимолдан холи эмас. Шахсан давлатимиз раҳбари томонидан кўтарилган, жиддий, бош қотиришга арзигулик муаммо. Қизиғи, қўшни Тожикистонда ҳам худди шундай муаммо мавжудлиги боис 2007 йилда махсус қонун қабул қилинган.

«Тожикистон Республикасида урф-одатлар, байрамлар ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонунга никоҳ ва суннат тўйлари, мотам маросимлари, ҳожи тўй ва ҳатто туғилган кун ҳам қандай нишонланиши ҳақида нормалар киритилган. Қизиғи, қонуннинг 8-моддасига амал қилган мамлакат фуқаролари туғилган кунини фақатгина оила даврасида нишонлашлари мумкин.

Хатна қилиш бепул, фақат шифохонада!

Қонунга кўра суннат тўйи фақат оила даврасида ўтказилади. Хатна қилиш чақалоқ туғилганидан кейинги 20 кун ичида шифохонада бепул амалга оширилади.

Янги меҳмон туғилиши билан боғлиқ гахворабандон (бешикка ётқизиш), чиллагурезон (чақалоқ туғилганидан қирқ кунлик муддат ўтиши билан қилинадиган маросим), мўйсаргирон (соч олиш маросими) ва бошқа одатлар оила даврасида жонлиқ (мол, қўй) сўймасдан, санъаткорлар иштирокисиз бўлиб ўтиши лозим. Ақиқа маросими тақиқланган.

Тўйлар янада ихчамроқ

Никоҳ тўйининг барча маросимлари икки кун ичида амалга оширилиши керак. Базмга 150, ош бериш маросимига 200 тагача меҳмон чақирилиши мумкин. Харажат ҳар икки томон ўртасида бўлиниши лозим.

Ноншиканон (фотиҳа), «идонабари» (ҳадя улашиш), модарталбон (она чақирди), падарталбон (ота чақирди), чодарканон (юз очар), муборакбоди (табриклаш), роҳбандон (йўл тўсиш), «сарупобинон» (келин-куёвнинг кийимларини намойиш қилиш), «чойгаштак» (қиз мажлиси) ва бошқа маросимлар ҳамда келин-куёвнинг қариндош-уруғларига (ота-онасидан ташқари) совға тарқатиш қонун билан тақиқланади.

«Домодталбон» (куёвнинг келиннинг ота-онасининг уйига биринчи марта бориш одати) ва «арусбинон» (келин кўриш) маросимлари оила даврасида 15 киши иштирокида ўтказилиши лозим. Никоҳ маросимида тўртта енгил автомобилдан фойдаланиш мумкин.

Овқатсиз таъзия

Жаноза намозида иштирокчилар сони чекланмаган. Аммо барча мотам маросимларида («Учинчи кун», «қирқ», «йил») жонлиқ сўйиш ва меҳмонларни овқатга таклиф қилиш мумкин эмас. Шунингдек, «оши сари тахта», «душанбеги», «жумаги», «ҳафт», «бист», «шашмоҳаги» маросимлари ва келганларга пул бериш одатлари тақиқланган. Фақатгина гўрков ва маййит ювувчи хизмати учун ҳақ берилиши мумкин.

Ҳожиларни зиёрат қилиш мумкин эди...

Мамлакатда ўрнатилган тартибга кўра 40 ёшдан ошмаган фуқаро ҳаж ва умра ибодатини адо этиш учун сафар қила олмайди. Боз устига, мусофирлар рўйхати республика ҳукумати томонидан шакллантирилади. Қонуннинг 12-моддасида ҳожиларни зиёрат қилиш билан боғлиқ «ҳожиталбон» (ҳожи зиёрати) ва «ҳожиоши» (ҳожи оши) маросимлари ҳам бекор қилинган. 2017 йилгача бу маросимлар оила даврасида ўтказилиши мумкин эди.

 Тўй вақти чегараланган

Қонунда тўйлар тўйхона эгалари ва тўйчилар ўртасида тузиладиган шартнома асосида ўтказилиши, шунингдек у билан боғлиқ қонунбузарликка ҳар икки томон бирдек жавобгар бўлиши белгиланган.

Тўйлар шаҳарларда дам олиш кунлари соат 8:00 дан 20:00 гача, иш кунлари 18:00 дан 22:00 гача, қишлоқ ва қўрғонларда дам олиш кунлари 1 апрелдан 31 октябргача 6:00 дан 22:00 га қадар, 1 ноябрдан 31 мартгача 8:00 дан 22:00 гача, иш кунлари 18:00 дан 22:00 гача ўтказилиши белгилаб қўйилган. Уларнинг давомийлиги 3 соатдан ошмаслиги лозим.

Қонунбузарлар ким? Жарима қанча?

Қонун қабул қилинганига 10 йилдан кўпроқ вақт бўлди. Табиийки, унинг талабларини ҳамма ҳам бирдек бажара олгани йўқ. Аммо йиллар давомида аҳоли онги, тўйга муносабати сезиларли даражада ўзгарди. Тўйларга сарфланаётган маблағлару ортиқча дабдабалар кескин камайди. Қонунга риоя этилиши бўйича тузилган маҳаллий комиссиялар юқорида айтиб ўтилган талаблар бўйича иш олиб бормоқда.

Президент матбуот хизматининг маълумотига кўра, ўтган йиллар давомида мазкур қоидаларни асосан мансабдорлар, давлат хизматчилари, ўзига тўқ оилалар, тадбиркорлар ва дин вакиллари бузаётгани аниқланган. Мазкур қонун талаблари ҳукумат аъзолари, вилоят, шаҳар ва туман раҳбарлари, давлат хизматчилари, судьялар, хавфсизлик, прокуратура, ички ишлар, давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши кураш, солиқ ва божхона органлари ходимлари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг фарзандлари томонидан бузилса, мансабдор ўз вазифасидан озод қилиниши белгиланган. Шунингдек, Тожикистоннинг Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексига махсус норма киритилган бўлиб, унга кўра мазкур қонун талабларини бажармаган мансабдор ва юридик шахслар учун жарима миқдори 25-26 минг сомонийдан 35 минг сомонийгача белгиланган. Ушбу талабларни қўпол равишда, такроран бузган жисмоний шахс 30 минг, юридик шахс 50 минг сомоний жарима тўлашга мажбур. Агар 1 сомоний тахминан 1000 ўзбек сўмига тўғри келишидан хабарингиз бўлса, қонунни бузган шахслар яхшигина молиявий зарар кўриши мумкинлигига амин бўласиз.

Олий Мажлис Сенатининг «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорининг (лойиҳа) иловаси ҳисобланган низом* ҳамда «Тожикистон Республикасида урф-одатлар, байрамлар ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонунининг ўхшаш ва фарқли жиҳатлари

Тожикистонда

Бизда

Туғилган кун фақат оила даврасида нишонланиши мумкин.

Аниқ кўрсатилмаган

Никоҳ тўйи

Шаҳарларда:

дам олиш кунлари – 8:00 дан 20:00 гача;

иш кунлари 18:00 дан 22:00 гача.

 

Қишлоқ ва қўрғонларда:

дам олиш кунлари – 1 апрелдан 31 октябргача – 6:00 дан 22:00 гача;

1 ноябрдан 31 мартгача – 8:00 дан 22:00 гача;

иш кунлари – 18:00 дан 22:00 гача;

 

давомийлиги: 3 соатдан ошмаслиги лозим.

Тўй-ҳашамлар – 10:00 дан 23:00 гача;

 

ош бериш маросимлари – 12:00 дан 15:00 гача.

 

Соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.

Базмга 150, ош бериш маросимига 200 тагача меҳмон чақириш мумкин.

Базмга 150, ош бериш маросимига 200 тагача меҳмон чақириш мумкин.

Никоҳ маросимида 4 енгил автомашинадан фойдаланиш мумкин.

 

келин-куёвнинг тўйхонага келиши учун 2 та енгил автомашинадан фойдаланиш мумкин.

Ноншиканон (фотиҳа), идонабари (ҳадя улашиш), модарталбон (она чақирди), падарталбон (ота чақирди), чодарканон (юз очар), муборакбоди (табриклаш), роҳбандон (йўл тўсиш), сарупобинон (келин-куёвнинг кийимларини намойиш қилиш), чойгаштак (қиз мажлиси) ва бошқа маросимлар ҳамда келин-куёвнинг қариндош-уруғларига (ота-онасидан ташқари) совға тарқатиш қонун билан тақиқланади.

Танишув, сеп ёйди, қуда таниш, ота кўрди, ота келди, чарлари, қуда чақирди, куёв чақирди, келин чақирди, куёв навкар, келин навкар, келин салом, тоғора юбориш ва шу каби бошқа тадбирларни ўтказиш ман этилади. Шунингдек, пул қистириш, пул сочиш, одобсиз шоулар, севги тарихи (Love story) каби ахлоқ-одобга зид бўлган бошқа ҳолатларга йўл қўйилмайди.

Аниқ кўрсатилмаган.

Диний мавзуда дин соҳаси вакили маъруза қилади.

Қонунда тўйлар тўйхона эгалари ва тўйчилар ўртасида тузиладиган шартнома асосида ўтказилиши, шунингдек у билан боғлиқ қонунбузарликка ҳар икки томон бирдек жавобгар бўлиши белгиланган.

Тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 киши ва ундан ортиқ шахслар иштирокида ўтказиладиган оилавий тадбирлар учун тадбир ўтказувчи шахс ва тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ўртасида шартнома тузилади.

Аниқ кўрсатилмаган.

Оилавий тадбирларда санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатади.

Аниқ кўрсатилмаган.

Оилавий тадбирларда бир нафардан ортиқ санъаткорнинг (гуруҳнинг) иштирок этиши (хизмат кўрсатиши) ман этилади.

Суннат тўйи

Суннат тўйи фақат оила даврасида ўтказилади.

Аниқ кўрсатилмаган.

Хатна қилиш чақалоқ туғилганидан кейинги 20 кун ичида шифохонада бепул амалга оширилади.

Аниқ кўрсатилмаган.

Ҳожи тўй

Ҳожиларни зиёрат қилиш билан боғлиқ «ҳожиталбон» ва «ҳожиоши» маросимлари ҳам бекор қилинган.

Аниқ кўрсатилмаган.

Мотам маросимлари

Жаноза намозида иштирокчилар сони чекланмаган. Аммо барча мотам маросимларида («Учинчи кун», «қирқ», «йил») жонлиқ сўйиш ва меҳмонларни овқатга таклиф қилиш мумкин эмас.

Дафн этиш ва мотам маросимларида чекланмаган миқдорда фуқаролар иштирок этиши мумкин, ош бериш маросимлари бундан мустасно.

«Оши сари тахта», «душанбеги», «жумаги», «ҳафт», «бист», «шашмоҳаги» маросимлари ва келганларга пул бериш одатлари тақиқланган.

Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ миллий қадриятларимиз ва муқаддас динимиз қоидаларига зид бўлган ортиқча тадбирларни ўтказиш ман этилади.

Жавобгарлик

Қонун талабларини бузганларга жарима миқдори тахминан 25 минг сомонийдан 50 минг сомонийгача белгиланган.

Низом ҳамда тегишли қонун ҳужжатлари талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

* 2018 йил 30 мартда кучга кириши режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг