Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тожикистон Президенти келишидан олдин «Tadjik Air» самолёти Тошкентда кўрикдан ўтди

Тожикистон Президенти келишидан олдин «Tadjik Air» самолёти Тошкентда кўрикдан ўтди

Фото: Ўзбекистон ҳаво йўллари

Бугун, 16 август куни Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортига «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг «Uzbekistan Airways Technics» авиакорхонасида техник хизматдан ўтиш учун келган «Tadjik Air» авиакомпаниясининг ҳаво кемаси қўнди. Бу ҳақда МАК ахборот хизмати хабар берди.

Ушбу ҳаво лайнери «Tadjik Air» авиакомпаниясининг «Uzbekistan Airways Technics» авиакорхонасида техник хизмат кўрсатилаётган биринчи самолёти эмас. «Uzbekistan Airways Technics» ва Тожикистон авиакомпанияси ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик 2016 йилда йўлга қўйилган. Жорий йилнинг январь ойида корхона мутахассислари томонидан тожик авиаташувчисининг Boeing 767 самолётида S-чек шаклидаги таъмирлаш ишлари бажарилган.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг «Uzbekistan Airways Technics» авиакорхонаси ғарбда ишлаб чиқарилган самолётларга барча турдаги техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун зарур техник база ва малакали кадрларга эга. Авиакорхонанинг салоҳияти самолётларни бўяшдан тортиб, капитал таъмирлашгача бўлган техник хизматнинг мураккаб турларини нафақат МАК авиапарки, балки хорижий компаниялар самолётларига ҳам кўрсатиш имконини беради.

Авиакорхонада ҳар йили Қозоғистоннинг «SSAT», Тожикистонниг «Tadjik Air» ва бошқа хорижий авиаташувчилар ҳаво кемаларига хизмат кўрсатилади. Жорий йилнинг охиригача Тожикистоннинг яна бир самолёти техник хизматдан ўтиш учун келтирилиши кутилмоқда, шунингдек, узоқ муддатли ҳамкорлар - «Туркмен ҳаво йўллари» ва бир қатор Россия авиакомпаниялари билан музокаралар олиб борилмоқда.

«Тожикистон авиакомпаниясига тегишли Boeing 757-200 йўловчи самолётининг Тожикистон Республикаси Президентининг мамлакатимизга расмий ташрифи арафасида учиб келиши рамзий маъно касб этади», дейилади МАК ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, эртага, 17 август куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон сўнгги икки декададан бери илк марта давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг