Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тор жойдаги томоша: тузишми ё бузишми?

Тор жойдаги томоша: тузишми ё бузишми?

Фото: «Xabar.uz»

Фарғона шаҳрининг Қўқон кўчасида жойлашган 89-«дом»да истиқомат қилувчи аҳолининг ҳасратидан чанг чиқади. Шаҳар ҳокими (Ш.Эркабоев – эндиликда собиқ) шу кўчада жойлашган 89 ва 87-сонли кўп қаватли турар жой бинолари оралиғидаги ер майдонини мактабгача таълим муасасаси қуриш учун бир тадбиркорга хатлаб берибди. Ажаб, шу атрофда бир ёки иккита эмас, нақд тўртта болалар боғачаси бор, улар орасидаги масофа икки юз эллик метр ё чиқади ё чиқмайди. Аҳоли боласини боғчага жойлаштиришда шу чоққача муаммога дуч келмаган, аксинча, тўртта боғчанинг қай бирига кирманг, бўш жой топилади. Шунга қарамай, мактабгача таълим муассасасига эҳтиёж йўқ жойда «боғча» қуришга бел боғлаган тадбиркоргаям, унга ер майдони ажратиб берган ҳокимгаям ҳайрон қолмай илож йўқ. Рост-да, тадбиркор сарфлаган бир сўми камида икки сўм бўлиб қайтмаса,  бирор лойиҳага пул тикмайди. Шаҳар шароитида ҳатто товуқхона учун бир парча ер олмоқ амримаҳол, шунга қарамай, мактабгача таълим муассасасига ер майдони дарров топилгани-чи?

Хўп, майли, шаҳарнинг шу нуқтасида мактабгача таълим муассасасига эҳтиёж бор, дейлик ҳам. Унга ажратилган 87 ва 89-сонли «дом»лар оралиғидаги ер майдони шу уйларда истиқомат қиладиган аҳоли фарзандлари учун қурилган «болалар майдончаси» эди. Биласиз, бунақа майдончалар қўп қаватли уйларнинг шундоқ «бурнининг таги»да жойлашади. Уй йўлагидан чиқиб, етти қадам ташланг – «болалар майдончаси»! Энди шу майдончада мактабгача таълим муассасаси қад ростлашини тасаввур қиляпсизми? Иккинчидан, ушбу майдончани «Водий обод диёр» ХУЖМШ бор-йўғи бир йил аввал, яна денг, банкдан 10 миллион сўм кредит олиб қурганди. Майдончада  болалар тўйиб ўйнашга улгургани йўқ, бу ёқда кредит ҳам осилиб турибди. Аммо ҳоким қарори қўлга теккани ҳамоно тадбиркор майдончани бузиб (!), атрофини ўрашга тушган?!

Меҳнат ҳавога учгани, камига банкдан олинган кредит тўлови масаласи очиқ қолганига нима дейсиз?!

На аҳоли розилиги олинмай, на шаҳарсозлик меъёриларига тўғри келиш-келмаслиги тузукроқ чамаланмаган бу лойиҳа айни пайтда  «тор жойдаги томоша» бўлмоқда, холос.

Аҳоли жим қараб тургани йўқ, албатта: Бош прокуратурага арз қилинди. Унга жавоб йўллаган Фарғона шаҳар прокуратураси муаммони жойига чиқиб ўрганмаган кўринади. Негаки, ҳоким қарорида ер майдони Х.Жабборов номига ажратилган, прокуратура эса  «ер майдони Х. Бойқўзевга ажратилгани» таъкидланади. Қарор рақами ҳокимиятда 802-сон билан қайд қилинган бўлса, прокуратурада жавобида «806-сон» дейилади. Ваҳоланки, ажратилган ер майдони битта: 87, 89-сонли кўп қаватли уйлар оралиғидаги  болалар майдончаси...  Шунга қарамай  «...ҳокимнинг қарори назорат тартибида ўрганилганда уни бекор қилишга асослар» аниқланмабди. Бўлса бордир, негаки, қоғозда ҳаммаси рисоладагидек бўлади. Бироқ муаммога ҳужжат билан реал ҳолат таққос этилганда узил-кесил ечим топилмайдими?!

Гапимиз оҳангидан қийиқ топиб («Мактабгача таълим масаласи давлат сиёсати даражасига чиққан, нима, сиз бунга қаршимисиз?»), ёқадан олишга шошмай туринг, оғайни! Ҳар ҳолда, бугунги сиёсат, бугуннинг энг бирламчи талаби — одамларни рози қилиш, вассалом! Фуқаролар норозилигига сабаб бўлувчи лойиҳанинг якуни қачон хайрли бўлган?!

Гап шунда!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг