Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Тошиссиққуввати»нинг қуввати қани?

«Тошиссиққуввати»нинг қуввати қани?

Кўп қаватли уйда яшаймиз. Қиш келиши билан «отопления»нинг атрофига тиқиламиз. Чунки «дом»имиз совуқ. Бир неча йиллардан буён аҳвол шу. Уй ичида ҳароратни илимилиқ дейиш мумкин. Қишлоқда печкага ёқиш учун ўтин тополмай зир югураётган ёки уни қандай иситишни билмай боши қотганларни кўриб, шунисига ҳам шукр қиламан. Ҳар ҳолда, уйимиз иссиқ эканидан яйрамасак-да, совуқдан қотаётганимиз йўқ...

Уч-тўрт кун бурун тўлов қилиш учун Миробод туманидаги «Тошиссиққуввати» ДУКка бордим. Одам жуда кўп. Навбатим келгунича у ёқ-бу ёққа назар солдим. Эшикдан кирганда чап томонда «Ахборот ва эълонлар» тахтаси илиб қўйилган. У ердаги ёзувларнинг барчаси рус тилида эди. Давлат тили бу ерда ҳам «иккинчи даражали», афсус...

Мижозларга хизмат кўрсатаётганларни кузатдим: саломга алик йўқ даражада, шундай экан, муомала маданияти ҳақида гапириб ўтириш ортиқча. Компьютер ёнида ўтирган йигитча мен узатган тўлов қоғозини олиб «Ким ёзди буни?» — деди дағ-даға оҳангида. «Кеча сизнинг ўрнингизда ўтирган қиз. Тўловнинг ярмини тўлагандим. Бугун қолганини ҳам тўлаб кетмоқчиман», — дедим мулойимлик билан. У «Ҳмм...» дея тўлов қоғозини тўлдириб ёзиб берди.

Тўловни амалга оширгач, ўша ердаги «отопление» қувурини ушлаб кўрдим: иссиққина! Бизда эса... «Диспетчер»га кириб бу ҳақда айтгандим «Ўзингларда ЖЭК бор. Ўшалар шуғулланади», — деди бамайлихотир. ХЖМШга бориб вазиятни айтдим. «Босим паст, — деди ХЖМШ раиси. — Биз бу ҳақда ҳокимиятга ҳам ёздик. Аммо натижа йўқ!».

Шундай қилиб, хонадонимни илитишга қуввати етмаётган «Тошиссиққуввати»га 270 минг сўм пул тўлаб келдим.

Иссиқлиқ қувватининг қуввати қачон иситишга етаркин?

Хонбиби Ҳиммат қизи,
журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг