Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Узоқ кутилган янгилик! Тошкент аэропорти ҳудуди «киракаш»лардан тозаланади (фото)

Узоқ кутилган янгилик! Тошкент аэропорти ҳудуди «киракаш»лардан тозаланади (фото)

Сир эмаски, шу вақтгача Тошкентга келган меҳмонларни аэропорт ташқарисида кутиб турувчи хусусий таксичилар мижозларни меъёридан бир неча баробар юқори нархларда манзилга элтишга одатланган, баъзида иш фирибгарлик даражасигача етиб борган. Бундай ҳолатни кўрсатувчи видеолавҳа яқинда интернет, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалиб, кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлган эди.

Бундан ташқари, ноқонуний киракашлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларнинг ўзини тутиши, кийими, муомаласи, маданияти, унинг бошқарувида бўлган автоуловнинг техник ва гигиеник ҳолатини хам талаб даражасида деб бўлмайди.

Узоқ йўлдан чарчаб келаётган одам ҳали аэропорт ҳудудидан чиқмасидан «такси керакми, фалон сўмга олиб бориб қўяман» дея, унинг қўлидаги юкига ёпишиб, ҳар томонга тортқилаш, ҳатто мижоз талашиб, бир-бирлари билан ёқа бўғишлар эса юртимизга ташриф буюрган меҳмонлар ва сайёҳларда ёқимсиз таассуротлар қолдириши тайин.

Бундай нохуш ҳолатларга барҳам бериш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда қатор тадбирлар амалга ошириладиган бўлди. Жумладан, аэропорт биносига автомашиналари белгиланган талаблар асосида жиҳозланган, ҳайдовчилари хушмуомала, тоза ва озода кийимда бўлган такси хизмати кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун махсус жойлар ажратилди. Такси корхонаси номи, хизматлар нархи ҳақидаги ўзбек, рус ва инглиз тилларида маълумотлар жойлаштирилади.

Эндиликда пойтахтимизга учиб келган меҳмонлар, аэропорт ҳудудидан чиқмасдан туриб ўзларига маъқул бўлган тадбиркорлик субъектларининг сифатли хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасининг ахборот хизмати хабар берди.

Шунингдек, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш ҳолатларига барҳам бериш мақсадида, Тошкент халқаро аэропорти билан ҳамкорликда аэропорт ҳудудидаги автомобиллар тўхташ жойларига ноқунуний фаолият учун белгиланган жазо чоралари ҳақида эслатма тарзидаги ахборот стендлари жойлаштирилди.

Аэропорт ҳудудига кириш назорат пунктига, ҳудудга кириб-чиқаётган автомобилларнинг давлат рақамларини ҳамда автоулов ҳайдовчисининг юзини қайд этувчи, йўловчиларни кутиш ва кузатиш жойларига ноқонуний йўловчи ташиш хизматларини таклиф қилаётган шахсларнинг хатти-ҳаракатларини ёзиб олишга мўлжалланган видеокамералар ўрнатилди.

Мазкур видеокамералар ёрдамида олинган тасвирлар асосида ҳуқуқбузарларнинг автоуловлари давлат рақамлари рўйхати шакллантирилади ҳамда Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базаси ёрдамида ҳуқуқбузарларнинг шахси ва яшаш манзили аниқланади.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳуқуқбузарлар билан профилактик тадбирлар ўтказилиб, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилиши батафсил тушунтирилиб, расмий огоҳлантириш хати берилади.

Агар шундан кейин ҳам ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилса, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 176-3-моддасига асосан, энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солинади.

Мамлакатимизда бугунги кундаги энг кам ойлик иш ҳақи 172 240 сўм эканини ҳисобга олсак, жарима миқдори 3 444 800 сўмдан 17 224 000 сўмни ташкил этиши маълум бўлади.

Шунингдек, мониторинг натижаларига кўра аниқланган ҳуқуқбузарлар ҳақидаги маълумотлар матбуот нашрларида эълон қилиб борилади.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг