Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ислом Каримовнинг 80 йиллиги Тошкент ислом институтида ҳам кенг нишонланди

Ислом Каримовнинг 80 йиллиги Тошкент ислом институтида ҳам кенг нишонланди

Фото: «islaminstitut.uz»

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори асосида бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов топшириғига асосан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам 20-30 январь кунлари Ўзбекистон мустақиллигининг асосчисига бағишлаб қатор тадбирлар амалга оширилди.  Бу ҳақда ТИИ ректори Уйғун Ғафуров маълум қилди.

Хусусан, Тошкент ислом институти устоз ва талабалари томонидан 80 марта Қуръони карим хатм қилинди ва савоби халқимизнинг буюк фарзанди Ислом Каримов руҳониятларига бағишланди.

Институт талаба қизлари учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур иштирокида «Динимиз ривожига улкан ҳисса қўшган инсон ёди» деб номланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Шунингдек, Ахборот-ресурс маркази томонидан институт фойесида «Ислом Каримов – мустақиллигимиз асосчиси» мавзусида И.А.Каримовнинг 61 номдаги 103 та асарлари ҳамда дин, маънавият ва миллий қадриятларимиз ҳақидаги сўзлари намойиш қилинди.

Фото: «islaminstitut.uz»

Бундан ташқари, 2-3 курс талабалари учун Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов иштирокида «Буюк карвонга – муносиб сарбон» мавзусида маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.  Институт талабалари ва мураббийлари Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мемориал мажмуага ташриф буюриб, Ислом Каримовнинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти билан боғлиқ кўплаб маълумотларга эга бўлдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг мамлакатимиз мустақиллигини қўлга киритишга, миллий давлатчилигимизни қуришга қўшган улкан ҳиссаси ва унинг тарихий ролини абадийлаштириш мақсадида талабалари ўртасида «Энг яхши иншо» танлови ўтказилди.  Танлов ғолиблари Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Тошкент ислом институти ректорининг махсус дипломи ва қимматбаҳо совғалар билан тантанали тақдирланди.

Фото: «islaminstitut.uz»

Институтнинг 1-курс талабалари учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, тарих фанлари доктори, Тошкент ислом университети профессори Аҳаджон Ҳасанов иштирокида «Буюк йўлбошчимиз хотираси мангу барҳаёт» мавзусида маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида институт профессор-ўқитувчилари ва талабаларга Ислом Каримовнинг ибратли умр йўли, самарали раҳбарлик фаолияти, Ватанимиз олдидаги фидокорона меҳнати, энг оғир дамларда ҳам фарзандлик бурчини муносиб адо этгани, халқимизнинг орзу-умидлари ва эртанги куни учун яшаган чин ўзбек фарзанди бўлганлиги, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозониб, буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдиргани ҳақида маълумотлар берилди.

Фото: «islaminstitut.uz»
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг