Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкент метроси қурилиши учун Германиядан бурғулаш ускунаси келтирилди (фото)

Тошкент метроси қурилиши учун Германиядан бурғулаш ускунаси келтирилди (фото)

Фото: «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати

Бугунги кунда метро қурилиши Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида амалга оширилмоқда. Узунлиги 2,93 километр бўлган янги метро қурилиши ер остида олиб борилмоқда. Бу Юнусобод метро йўлининг иккинчи босқичи бўлиб, у 2019 йилда тўла ниҳоясига етказилади.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати хабар беришича, ушбу бунёдкорлик ишлари тугатилгандан сўнг Юнусобод метро йўналиши яна иккита бекатга узаяди. Булар — «Янги Юнусобод» ва «Туркистон» бекатлари бўлиб, ҳар иккиси ҳам ўзига хос меъморий ечимга асосланган ҳолда бунёд этилмоқда.

Бу ерда қурилиш-монтаж ишлари очиқ ва ёпиқ усулда олиб борилаяпти. Линиянинг ёпиқ қисмида қурилиш ишларини бажариш учун Германиянинг «HERRENKNESHT AG» гуруҳи билан ҳамкорликда горизонтал бурғулаш техникаси келтирилди. Германиялик ва маҳаллий мутахассислар иштирокида мазкур бурғулаш комплекси тўлиқ монтаж қилиб бўлинди. Яқинда ушбу техника билан ер остида бурғулаш ишлари бошлаб юборилди. Бу линияда икки навбатда иш ташкил этилган, унда жами 200 нафарга яқин ишчи-ходим фаолият олиб бораяпти.

Фото: «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати

Янги техника билан ҳар ойда 300 метрдан зиёд бурғулаш ишларини амалга ошириш мумкин. Мазкур  техника билан амалга ошириладиган иш жараёнида ҳар навбатда 30 нафарга яқин ишчи фаолият олиб боради. Мутахассисларимиз бу техникада бемалол ишлай олади. Чунки улар Германияда ушбу йўналишда малака ошириб келишган. Бугунги кунгача 200 метрдан зиёд масофада очиқ усулда қурилиш ишлари олиб борилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур техника билан бурғулашдан ташқари, ер ости йўлида тюбингларни монтаж қилиш ишларини ҳам амалга ошириш мумкин. Маълумотларга кўра, ҳозиргача Германия, Италия, Хитой ва Сербия давлатларининг жаҳонга машҳур корхоналаридан республикамизга замонавий қурилиш техникалари олиб келинди. Марказий Осиёда ягона бўлган 2та 220 тонналик юкни кўтарадиган занжирли кран, 3та 70 тонналик юқори аниқликдаги (телескопик) автокран, свай қоқадиган ва бурғулаш ускуналари, шулар жумласидандир. Мазкур техникалар қурилиш ишларини сифатли ва тез амалга оширишда жуда катта самара беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг