Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкент шаҳар ҳокими қарори лойиҳаси бўйича

Тошкент шаҳар ҳокими қарори лойиҳаси бўйича

Фото: «gulobodtongi.uz»

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тайёрланиб, муҳокама учун қўйилган лойиҳа ижтимоий тармоқларда турли тушунмовчиликлар келтириб чиқарди, дейилади Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Шу муносабат билан Адлия вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади:

Биринчидан, «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги Қонун билан ушбу йўналишдаги асосий муносабатлар тартибга солинади. Хусусан, Қонуннинг 4-моддасига асосан дафн этиш жойлари туман, шаҳар давлат ҳокимияти органларининг бевосита тасарруфида бўлади.

Иккинчидан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига мувофиқ ҳокимлар ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳудуддаги барча ташкилотлар ва аҳоли учун мажбурий бўлган қарорлар қабул қилиши мумкин. Бундай тусдаги қарорлар лойиҳалари ҳудудий адлия органлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.

Учинчидан, муҳокамага сабаб бўлаётган лойиҳада назарда тутилган ижтимоий муносабатни тартибга солиш ҳокимликлар зиммасига юкланган. Хусусан, Ҳукуматнинг 2011 йил 4 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Дафн этиш жойларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низомда эса гўр қазиш ва маросим хизматлари учун пулли хизматлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланадиган тарифлар бўйича амалга оширилиши белгиланган.

Тўртинчидан, қабристонларни ободонлаштириш, мукаммал ва жорий таъмирлаш, уларни зарур даражада сақлаш маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Қабр қазиш ва маросим хизматлари бўйича ишчилар эса пулли хизматлардан тушган маблағлар ҳисобидан ойлик олишади.

Бешинчидан, ҳозирги вақтда ҳам барча ҳудудларда дафн этиш жойларидаги хизматлар ҳақи миқдори тегишли вилоят ҳокими қарори билан тасдиқланган тарифлар бўйича ундирилади. Масалан, Самарқанд вилоят ҳокимининг 2019 йил 13 августдаги 213-қ-сон қарорига мувофиқ, катта ўлчамда мусулмонча қабр қазиш учун 84 964 сўм пул ундирилиши назарда тутилган. Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 3 майдаги қарорига асосан катта ўлчамда мусулмонча қабр қазиш учун 92 000 сўм миқдорда пул ундирилиши белгиланган.

Олтинчидан, таклиф этилаётган лойиҳа ҳудудий молия органи билан келишилган. Нархлар ойлик иш ҳақи, сарфланаётган материаллар қийматининг ошганлиги муносабати билан қайта кўриб чиқилмоқда.

Юқоридагиларга кўра, Адлия вазирлиги ахборот тарқатувчилардан ахборот тарқатишда жамият ва фуқаролар олдидаги масъулиятни унутмасликни сўраб қолади, дейилади вазирлик хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг