Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент темир йўл муҳандислари институти битирувчилари тўлиқ иш билан таъминланди

Тошкент темир йўл муҳандислари институти битирувчилари тўлиқ иш билан таъминланди

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

Тошкент темир йўл муҳандислари институтида 2017-2018 ўқув йили битирувчилари бандлигини таъминлаш мақсадида тармоқ ташкилотлари ўртасида ишга қабул қилиш бўйича ўзаро меҳнат шартномалари имзоланди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот хизмати хабар қилди.

Айтилишича, бу йил институтни 21 та бакалавр йўналиши, 12 та магистратура йўналиши бўйича жами 1083 нафар талаба ўқишни тамомлайди. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти Персонални бошқариш ва кадрлар тайёрлаш бошқармаси томонидан темир йўл корхона ва ташкилотларининг ёш мутахассисларга бўлган эҳтиёжи атрофлича ўрганиб чиқилган. Шундан келиб чиққан ҳолда битирувчилар ишга жойлаштирилди.

— Маълумки, бугунги кунда тизим кўлами кенгайиб бормоқда, — дейди «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Персоналларни бошқариш ва кадрларни тайёрлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Олламов. – Хусусан, «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти ҳамда «Тошкент метрополитени» унитар корхонасининг тармоқ тасарруфига ўтиши билан соҳа мутахассисларига талаб ортди. Ушбу корхоналар ҳам битирувчиларни иш билан таъминлади.

Битирувчилар асосан «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхона ва тизим бирликларига ишга тақсимланади. Бундан ташқари, турли саноат корхоналарида ҳам институт битирувчиларига эҳтиёж мавжуд бўлиб, «Навоий тоғ-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти ҳамда «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамиятига ҳам йўлланмалар берилди.

Тақсимот комиссияси томонидан олиб борилган ишлар якунига кўра, институтни 2017-2018 ўқув йилида битирувчи бакалавр ва магистрлар 100 фоизи иш билан таъминланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг