Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда аҳоли ҳаётига хавф солаётган йўл мутасаддилар эътиборидан нега четда қолмоқда? (видео)

Тошкентда аҳоли ҳаётига хавф солаётган йўл мутасаддилар эътиборидан нега четда қолмоқда? (видео)

Таҳририятимизга Тошкент вилоятининг Қибрай тумани Бойжигит маҳалласида истиқомат қилувчи аҳолидан мурожаат келиб тушди. Уни қуйида жузъий ўзгартишлар билан ҳукмингизга ҳавола этамиз.

«Тошкент вилоятининг Қибрай ва пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманларини боғлайдиган Бойжигит ҳамда Азамат маҳаллаларидан ўтувчи йўл аҳоли ҳаётига жиддий хавф солмоқда. Поезд рельслари билан кесишадиган бу йўлдан ҳар куни юзлаб болаларимиз ўтади. Чунки боғча, мактаб ва ишга қатнаш учун бундан бўлак йўлимиз йўқ.

Ачинарлиси шундаки, бу ерда «Яланғоч» станцияси борлиги туфайли поездлар тез-тез, соатлаб тўхтаб туради ва одамлар йўлдан ўтиш учун унинг тагидан ўтишга мажбур бўлади. Афсуски, уларнинг орасида мурғак болаларимиз ҳам бор ва уларнинг ҳар бири ҳар куни камида бир марта хавф билан тўқнаш келади.

Бу муаммо неча йилдирки, бот-бот кўтарилган, мутасаддилар ўртасида муҳокама этилган бўлса ҳамки, ўз ечимини топмади. Шу ерда бир неча бор ўта кўнгилсиз воқеалар юз берган бўлса-да, маҳаллий раҳбарларнинг парвойига ҳам келгани йўқ. Муаммо ечим топиши, бу ердан ер ости ё ер усти йўли қурилиб, болаларимизнинг эмин-эркин ўтиб-қайтиши учун яна нечта болаларни қурбон беришимиз керак?!

Ҳурматли таҳририят ижодкорлари! Биз сизга юбораётган видеони кўриб, юқоридаги сўзларнинг қанчалик рост эканига ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Имкон топиб, маҳалламизга келсангиз бунга ўз кўзингиз билан гувоҳ бўласиз. Сизлардан илтимосимиз шуки, ушбу муаммони «Xabar.uz»да ёритсангиз. Зора шу орқали катта раҳбарларнинг ҳам шу муаммога кўзи тушиб, ижобий ҳал бўлса. Акс ҳолда бошқа мурожаат қилинмаган жойнинг ўзи қолмади..»

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг