Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда суд икки нафар судланувчини оқлади

Тошкентда суд икки нафар судланувчини оқлади

Иллюстратив сурат.

Фото: «Forbes.net.ua»

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди икки нафар фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқиб, унга нисбатан оқлов ҳукмини чиқарди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азизхон Обидов хабар қилди.

Маълум бўлишича, дастлабки тергов органи томонидан Фарҳод Авезов ҳамда уч нафар фарзанднинг онаси Дилором Додоматова Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан 2017 йил апрелида Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек қўрғони 16-уйнинг олдида 2 та чинор дарахтини тегишли рухсатсиз кесиб, ўсимликлар дунёсига кўп миқдорда моддий зарар етказганликда ва яна 1 дона дарахтни кесишга ҳаракат қилганликда айбланганлар.

Айбловга Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси 2017 йил 20 декабрда 2 та чинор дарахтини ноқонуний кесиш оқибатида 38 млн. 417 минг сўмлик моддий зарар етказилгани, агарда яна 1 дона чинор дарахти кесилганда, 14 млн. 827 минг сўмлик моддий зарар етказилиши мумкин бўлгани ҳақидаги маълумоти асос бўлган.

Судланувчилар Д.Додоматова уй бошлиғи бўлгани учун Ф.Авезов унга мурожаат қилгани, 2 та чинор ўсиб канализация қувурини кўтариб юборгани учун рози бўлгани, эвазига олинган 500 минг сўм пул маҳаллада Наврўз байрамида ҳалим қилиш учун ишлатилганини, ҳозирда афсусда эканини билдиришган.

Аммо, ҳар иккиси 16-уй 1-йўлагининг рўпарасидаги чинор дарахтини кесмоқчи бўлганликда ноқонуний айблашаётганлиги, ушбу дарахтни ҳеч ким кесишга ҳаракат ҳам қилмагани, унда мавжуд бўлган из бир неча йил аввал кир ёйиш мақсадида дор қилиш учун темир сим боғланганлиги оқибатида ҳосил бўлганлигини айтишди.

Судланувчиларнинг важларини текшириш мақсадида суд ишни сайёр суд тартибида жойга чиқиб атрофлича кўриб чиқди.

Судда сўралган гувоҳлар уй олдида ўсган 2 та Чинор дарахти домнинг канализациясини бекитиб қўйгани сабабли кесилганига яшовчиларнинг кўпчилиги қарши бўлмагани, нарироқдаги чинор дарахтига 20 йиллар олдин кир қуритиш мақсадида боғланган сим из қолдирганини кўрсатдилар.

Суд таркиби ва тарафлар кесилишга ҳаракат бўлган деб ҳисобланаётган дарахт диққат билан кўздан кечиришганда кичик энлик изни пўстлоқ билан қопланиб кетган темир сим хосил қилгани, симнинг маълум қисми ҳозир ҳам чиқиб тургани, бошқа излар йўқлиги аниқланди.

Бу ҳолат судланувчиларнинг ушбу дарахт кесилмагани ва судланувчиларга тергов органи томонидан бу айб тахминларга асосланган ҳолда эълон қилинганини кўрсатди.

Суд қонунга зид равишда 2 та дарахтни кесишдан оқибатида етказилган моддий зарар суммаси кўп миқдор бўлмаслиги сабабли ЖК 198-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят таркибини ташкил этмайди деб топди ва 2018 йилнинг 12 январь куни судланувчиларни айбсиз деб, оқлаш ҳамда реабилитация қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Бироқ Д.Додометова ва Ф.Авезовлар содир этган қонунбузаликлари учун жавобгарликдан озод этилмайди. Азизхон Обидовнинг маълум қилишича, суд уларни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳамда етказилган моддий зарарни ундириш учун тегишли ҳужжатларни Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига юборди.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида кейинги йилларда судлар томонидан бирорта ҳам оқлов ҳукми чиқарилмаганни танқид қилган, суд ёки оқлов, ёки қоралов ҳукмини чиқариши кераклиги таъкидлаган эди. ЎзАнинг маълумотига кўра, Ўзбекистонда 2017 йилнинг 10 ойи давомида судлар томонидан 191 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилган. Ўзбекистон Президенти Конституция қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бунга муносабат билдириб, илгари битта оқлов ҳукми чиқариш ҳам судлар фаолиятида ўта кам учрайдиган ҳодиса бўлганини қайд этган эди.

2017 йилнинг тўлиқ 12 ойи мобайнида, шунингдек, 2018 йилнинг ортда қолган даврида судлар томонидан неча нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилгани ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг