Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентдаги аварияларда ҳайдовчи айбдорми ёки пиёда?

Тошкентдаги аварияларда ҳайдовчи айбдорми ёки пиёда?

Фото: «Спутник»

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасидан хабар қилишларича, 25 март куни соат 20:30 ларда Ғафур Ғулом кўчасида 1998 йилда туғилган М.Ю. шахсий «Спарк» автомашинасини бошқариб кетаётиб, пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган яшнободлик 26 ёшли И.У.ни уриб юборган. Натижада жабрланувчига «чап болдир суяклари пастки учлигидан ёпиқ синиб-силжиши» ташхиси билан тиббий ёрдам кўрсатилган.

Учтепа туманида ҳам 26 март куни соат 7:25 ларда 1983 йилда туғилган, масжид имоми К.Т. «Спарк» автомашинасида бектемирлик, 2001 йилда туғилган коллеж ўқувчиси Р.Т.ни уриб юборган. Жабрланувчи «ўнг болдир суяги синиши» ташхиси билан шифохонага етказилган ва тиббий ёрдам кўрсатилган.

Орадан икки ярим соат ўтгач Тошкентнинг яна бир бурчагида, яъни Миробод тумани Нукус-Авлиёота кўчалари чорраҳасида 1979 йилда туғилган  Ж.А. «ВАЗ-2110» русумли автоуловини бошқариб кетаётиб пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган, 1990 йилда туғилган учтепалик Ю.И.ни уриб кетган. Унга «ўнг тизза боғлами қисман узилиши ва гемаотрози» ташхиси билан тиббий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, Олмазор тумани Форобий кўчасида ҳам 19 март куни соат 21:00 ларда 1992 йилда туғилган А.Г. «Матиз» автомашинасини бошқариб кетаётиб, йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган. Натижада 1967 йилда туғилган учтепалик С.А.га «чап елка суяги синиши» ташхиси билан тиббий ёрдам кўрсатилган.

Бироқ ҳайдовчи мазкур ҳодиса ҳақида милицияга хабар бериш ўрнига воқеа жойидан кетиб қолган. Тезкор қидирув ва суриштирув ишлари натижасида ҳайдовчи 26 март куни аниқланди.

Ҳозир юқоридаги ҳолатлар юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Афсус, гоҳида ҳайдовчининг айби билан, гоҳида пиёданинг айби билан йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлмоқда. Қоидаларга амал қилмаганимиз, беш дақиқа аввал бўлмаса, беш дақиқа кечроқ етишимиз мумкин бўлган манзилга шошилганимиз учун шу воқеалар юз берди. Афсусланарлиси қилғиликни қилган ҳайдовчиларнинг айримлари жабрланувчига ёрдам бериш ўрнига жуфтакни ростлагани бўлди. Кимдан, қаерга қочасан дегинг келади уларга. Ахир пойтахтда йўлларга камера ўрнатилган бўлса.

Барибир барчаси учун қонун олдида жавоб беришга тўғри келади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг