Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентдаги каналлар бўйида Wi-Fi ҳудуд, китоб-кафелар ташкил этилади (фото)

Тошкентдаги каналлар бўйида Wi-Fi ҳудуд, китоб-кафелар ташкил этилади (фото)

Фото: «Uza.uz»

Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ҳаёт Иноғомов пойтахтимиздаги каналлар атрофини обод сақлаш, бу ерларда одамлар дам оладиган, болалар чўмиладиган сўлим ва хавфсиз ҳудудлар ташкил этиш бўйича президент кўрсатмаси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

«Тошкент шаҳри каналлари узоқ йиллар давомида эътибордан четда қолиб, экологик ҳолати ачинарли бўлиб қолган эди. Каналлар атрофи ўзбошимчалик билан ўзлаштирилиб, ноқонуний қурилишлар амалга оширилган, бу турли ноқулайликларни юзага келтирганди. Президентимиз топшириғи билан 2018 йилда шаҳар каналлари тозаланиб, атрофи ободонлаштирила бошланди. Бу жараён бугун ҳам давом этмоқда», — дейди Ҳаёт Иноғомов.

Фото: «Uza.uz»

Унинг қайд этишича, Президент фармонига асосан Тошкент шаҳридан ўтадиган каналлардан фойдаланиш ва бошқариш ҳамда уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш тизими яратилди. Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси ташкил этилди.

Бошқарманинг асосий вазифалари каналлар ва улардаги иншоотларни сақлаш бўйича ягона техник сиёсатни олиб бориш, уларнинг санитар ҳолати ва ишончлилигини таъминлашдан иборат. Эндиликда каналларни санитар тозалашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, уларга туташ ҳудудлар ободонлаштирилмоқда. Бундан ташқари, каналларнинг шаҳардан ўтадиган қисмларини реконструкция қилиш, қирғоқ бўйларида замонавий ландшафт меъморчилиги усулларини қўллаган ҳолда рекреацион ҳудудларни шакллантириш, махсус техника ва асбоб-ускуналардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш кабилар амалга оширилади.

Бир вақтлар Тошкент шаҳрида 129 канал бўлган. Бугунга келиб ишчи ҳолатдаги 92 канал мавжуд. Ўтган йили ана шу каналларнинг муҳофаза ҳудудидаги ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш мақсадида «Тоза канал» кампанияси тадбирлари йўлга қўйилди. Ташкил этилган 44 ишчи гуруҳ томонидан магистрал каналларнинг қирғоқбўйи минтақаларида аниқланган 1 минг 330 дан ортиқ ноқонуний қурилма бартараф этилиб, каналларнинг санитар ҳолатини яхшилашга эришилди.

Фото: «Uza.uz»

Бошқарма томонидан 2019 йилда ҳам Тошкент шаҳридаги каналларни тозалаш, қирғоқларини бетонлаш, фавқулодда вазиятлар содир бўлиши мумкин бўлган ҳудудларни бартараф этиш бўйича тизимли ишлар давом эттирилади.

Каналларнинг қирғоқларига 20 километрдан ортиқ узунликдаги муҳофаза панжаралари ўрнатилади. Айрим каналлар ва коллекторлардаги сув тошқини билан боғлиқ фавқулодда ҳолатлар юз бериши мумкин бўлган ҳудудлар бартараф этилади. 250 километрдан ортиқ каналлар ўзани тозаланади.

Эксперимент тариқасида шу йил баҳор мавсумида Бўзсув канали ўзанида моторли қайиқларда сайр қилиш хизмати йўлга қўйилади. Шунингдек, магистрал каналларга туташ ҳудудлар ҳам ободонлаштирилади, дам олиш масканлари барпо этилади. Жумладан, 137 километрлик магистрал каналларнинг 22 километрдан ортиқ бўлган туташ ҳудудларида сайилгоҳлар ташкил этилади.

Фото: «Uza.uz»

Бу сайилгоҳларда шаҳар аҳолисининг дам олиши, ҳордиқ чиқариши, югуриш ва велоспорт билан шуғулланиши учун шароитлар яратилади. Мавжуд имкониятлар ва сувнинг таркиби таҳлил қилиниб, чўмилиш ҳавзалари ташкил этилади. Канал бўйларига энергия тежовчи ёритгичлар, Wi-Fi ҳудудлар, китоб-кафе, шахмат-шашка ўйнаш ва расм чизиш учун аллеялар ташкил этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг