Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентдан Қозоғистонга янги автобус қатнови йўлга қўйилмоқда

Тошкентдан Қозоғистонга янги автобус қатнови йўлга қўйилмоқда

Фото:Ўзбекистон автомобил транспорти агентлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон автомобил транспорти агентлиги томонидан йўлга қўйилган халқаро йўналишлардаги автобуслар қатнови яна биттага кўпайди. Бугун Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридан йўлга чиққан автобус Тошкент автовокзалига етиб келди. Шундай қилиб қўшни Қозоғистон Республикасига йўлга қўйилган мунтазам халқаро автобус йўналишлари сони 6 тага етди. «Тошкент- Чимкент» (январ ойидан), «Тошкент-Олмаота»(апрель ойидан), «Тошкент-Қизилўрда»(июль ойидан), «Нукус- Ушкунур»(август ойидан), «Чирчиқ- Ушкунур»(14 ноябрдан) йўналишларида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон автомобил транспорти агентлиги матбуот хизмати хабар берди. 

«Туркистон – Тошкент – Туркистон халқаро автобус йўналиши масофаси 335 км бўлиб, йўналишга сарфланадиган вақт 6 соат 40 дақиқани ташкил этади. Йўналиш ҳаракат жадвали бўйича Қозоғистон Республикасининг «Жибек жоли» ва Ўзбекистон Республикасининг «Ғишт кўприк чегара масканлари орқали ўтилади. Мазкур халқаро автобус йўналишида Ўзбекистон томондан «Ўзавтотранс сервис» МЧЖ ва Қозоғистон Республикаси томонидан «Бақдаулет Сервис» компанияси фаолият кўрсатади.

Ушбу йўналишда қатновларни ҳар куни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Йўналиш бўйича йўл хақи тарифи Ўзбекистон Республикаси пул бирлигида 50 000 сўм, Қозоғистон пул бирлигида 2000 тенге этиб белгиланган.

Айни дамда Ўзбекистон автомобил транспорти агентлиги томонидан йўлга қўйилган халқаро автобус йўналишларида автобуслар ҳаракати жадвалига риоя этиш мақсадида чегара ва божхона назорат пунктларидан ўтиш жараёни устувор тартибда амалга оширилади. Бу эса йўловчилар учун муҳим ва аҳамиятли ҳоллардан биридир. Йўловчилар чегара ва божхона назорат пункти текширувидан ўтиш учун 30 дақиқадан вақт ажратилган.

Йўналишга чиқаётган ҳар бир автобус жиддий техник кўрикдан, ҳайдовчилар эса тиббий кўрикдан ўтказилади. Автобусларнинг санитар ҳолати ҳам назорат остида. Қолаверса, ушбу автобуслар ГПС навигация тизими билан жиҳозланган бўлиб, бу автотранспорт воситасини тўлиқ назорат этиш имконини беради. Мазкур йўналишларда энг сўнгги русумдаги замонавий автобусларда йўловчиларга хизмат кўрсатилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг