Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тўйсиз ўтган йиллар

Тўйсиз ўтган йиллар

Иллюстратив сурат.

Фото: «tjk.rus4all.ru»

Тўй мавзусида кўп гапирилмоқда. Умуман, гапиришга, ёзишга арзийдиган мавзу, сабаби айни шу маросим туфайли миллатнинг бугунги ҳолати ҳақида яққол тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Аммо биз ниҳоятда унутувчанмиз...

Келинг, узоқ эмас, яқин ўтмишга, тахминан йигирма йиллар ортга қайтайлик. Адашмасам 1994 — 1995-йилларда масалан бизнинг маҳаллада бирорта тўй бўлганини эслай олмайман. Ҳозир бирор жойда бир ой давомида тўй бўлмаслигини тасаввур қила оласизми? Лекин айтганим рост: катта бир маҳаллада икки йилдан ортиқроқ тўй бўлмаган!

Бир куни кечқурун мусиқа овози эшитилганда ҳамма, ёшу кекса ҳайрон бўлиб кўчага чиққанди. Бечора тўй эгаси ими-жимида тўй бошлаб юборгани бежиз эмас экан. Тўйки икки қатор темир стол, тўйки стол устида бўлка нон, данакдек гўштли шўрва ва оз-моз ичкилик, тўйки хонанда мактабнинг мусиқа ўқитувчиси-ю бошловчи адабиёт муаллими...

Лекин шу тўйда ҳам жой талаш, юз киши ўтирган бўлса уч юз киши атрофни ўраб томоша қилиб турибди. Ҳамма даврани соғинган, кўзларда қувонч, ҳайрат...

Бу гапларим кимгадир лоф туюлар. Лекин тўйсиз йиллар бўлгани наҳот эсимиздан чиқди? Ҳозир тўйга айтилсак энсамиз қотаяпти. Дастурхонга қўйилганининг ярмини есак катта гап, қолгани шундай қолиб кетаяпти. Энг чиройли даврадан ҳам нари борса бир соатдан кейин қочиш пайига тушаяпмиз. Албатта, тўкинлик яхши, сахийлик зўр хислат. Лекин исроф-чи? Эртага мана шу исрофларимиз эсимизга тушиб қолмаса бўлгани...

Аброр Зоҳидов

Мавзуга доир:

«Тут пишиққа етиб олсак, ўлмаймиз»га келиб қолгандик ўша йиллар. Одамлар тўй йўқ, гурас-гурас якшанба ва пайшанба кунлари фотиҳахонликда юрганини, қишлоқларда 25-30 ёшли келинлар ҳам фотиҳахонликларда юриб қолгани, мақсад фақатгина ўша ерда бир бурда нон ейиш, салгина қорин тўйғизиш мумкин бўлганини биламиз. Фожеа эмас бу, ўзимизнинг «ўткан кунлар». Унаштирилган қизлар 2-3 йил туриб, орада фотиҳаси бузилиб кетганлари ҳам бўлди. Келинни тушириб олишга имкони бўлмай тўйни бузган оталар бўлди...

Тўра Мурод

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг