Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Туғилганликни қайд этиш бўйича янги лойиҳа ишлаб чиқилди

Туғилганликни қайд этиш бўйича янги лойиҳа ишлаб чиқилди

Фото: ЎзА

Давлат хизматлари агентлиги мутахассислари томонидан Туғилганликни қайд этиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг «Самарали давлат бошқарувини ривожлантиришга кўмаклашиш ва рақамли трансформация» қўшма лойиҳаси ҳамда БМТнинг «Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш» қўшма дастури доирасида амалга оширилиши режалаштирилган.

Лойиҳада регламентнинг жисмоний шахсларга (боланинг ота-онаси ёки улардан бири, алоҳида ҳолларда эса қариндошлари, қўшнилари ёки ота-онаси ёхуд ота-онасидан бири ваколат берган бошқа шахслар) (кейинги ўринларда ариза берувчилар деб юритилади) туғилганликни қайд этиш бўйича давлат хизмати кўрсатиш тартибини белгилаши назарда тутилмоқда.

Унга кўра,  қуйидаги ҳолларда:

  • никоҳда бўлмаган ота-онадан туғилган боланинг туғилиши уларнинг биргаликдаги аризаси (оталикни белгилаш) асосида туғилишини қайд этишда;
  • топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг туғилишини қайд этишда;
  • ёлғиз онанинг аризаси билан боланинг туғилишини қайд этишда;
  • ўлик туғилган боланинг туғилганлигини, ҳаётининг биринчи ҳафтасида ўлган (перинатал ўлим) болаларнинг туғилганлигини, шунингдек эгизаклардан бири ўлик туғилганда ёки ҳаётининг биринчи ҳафтасида (перинатал ўлим) вафот этганда тирик эгизакнинг туғилганлигини қайд этишда;
  • суднинг ҳал қилув қарорига асосан боланинг у ёки бу онадан туғилганлик фактини қайд этишда татбиқ этилмайди.

Давлат хизмати кўрсатишда қуйидагилар амалга оширилади:

а) Тиббий муассаса (туғуруқхона, шифохона туғуруқ бўлими):

- ота-она ва бола ҳақидаги барча маълумотларни тегишли сўровномага ва электрон тиббий маълумотномасини шакллантириш учун махсус электрон бланкага киритилади;

- тўлдирилган сўровнома ва унга илова қилинган электрон тиббий маълумотномаси, сўровномада кўрсатилган (ота-онанинг яшаш манзили ёки бола туғилган манзили бўйича) Давлат хизматлари марказига юборилади.

б) Давлат хизматлари маркази:

- сўровнома ва унга илова қилинган электрон тиббий маълумотномани ФҲДЁ бўлимига электрон тарзда етказиб беради;

- ариза берувчининг сўровига кўра, тегишли электрон тиббий маълумотномаси ва алмашиш картасини ариза берувчининг яшаш жойидаги тиббий поликлиникага юборади;

- туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ариза берувчига беради.

в) ФҲДЁ бўлими:

- туғилганлик ҳолатини қайд этади;

- туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани Давлат хизматлари марказига етказиб беради;

- бир марталик нафақани бериш учун тегишли Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига сўровнома ва туғилганлик ҳақидаги маълумотномани электрон тарзда юборади.

г) Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси тегишли сўровномани ва илова қилинган ҳужжатни ўрганиб чиқиб, сўровномада кўрсатилган банк ҳисоб рақамига бир марталик нафақани ўтказади.

д) Тиббий поликлиника алмашиш карта ва тиббий маълумотнома асосида болани ушбу тиббий поликлиникада ҳисобга қўяди.

Давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ бўлимлари, тиббий муассасалар, бюджетдан ташқари пенсия жамғармалари ҳамда тиббий поликлиникалар ўртасидаги ахборот алмашинуви орқали фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, бола туғилган жойдаги тиббий муассаса ходими ариза берувчи номидан давлат хизматини олиш учун сўровномасини электрон тарзда тўлдиради.  Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар электрон кўринишда илова қилиниши регламент лойиҳасида акс этган, яъни:

  • туғилганлик ҳақидаги электрон тиббий маълумотнома;
  • электрон алмашиш картаси;
  • ота-оналарнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (нусхаси);
  • никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома (маълумотнома) (нусхаси).

Ота-оналардан бирининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаган алоҳида ҳолларда ота ёки она ҳақида маълумотлар никоҳ тузилганлиги ёки аввалги болаларининг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари асосида кўрсатилади.

Ота-онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаганда боланинг туғилганлигини қайд этиш тиббиёт муассасасининг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг ёзма мурожаатларига асосан амалга оширилади.

Бола туғилгунга қадар унинг отаси вафот этган вақтдан, ота-онаси никоҳи бекор қилинганлигидан ёки ота-онасининг никоҳи суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилгандан кейин 300 кундан кўп вақт ўтмаган бўлса ариза берувчи томонидан никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳнома, суднинг никоҳдан ажратиш ҳақидаги қароридан кўчирма (нусха) ёки никоҳни ҳақиқий эмас деб топганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган қароридан кўчирма (нусха) ёки отасининг ўлими ҳақидаги гувоҳномаси тақдим этилади.

Сўровнома тўлдирилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, ўз имзоси билан тасдиқлайди.

Ариза берувчида сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганлиги ёки ҳужжатлар белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган бўлса, шунингдек давлат хизматлари кўрсатиш учун тўловни тўламаслик давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади. Бунда, давлат хизматини кўрсатиш учун тўланган маблағлар қайтарилади.

Тиббий муассаса ходими томонидан сўровнома тўлдирилиб, у ариза берувчининг имзоси билан тасдиқланганидан сўнг, барча ҳужжатларнинг электрон нусхаси 1 иш соат давомида Давлат хизматлари марказларига юборилади.  Давлат хизматлари маркази сўровнома тушганидан сўнг 30 дақиқа мобайнида марказда жойлашган ФҲДЁ бўлимларига сўровнома ва илова қилинган ҳужжатларни юборади. Ариза берувчининг сўровига кўра, тегишли электрон тиббий маълумотномаси ва алмашиш картасини ариза берувчининг яшаш жойидаги тиббий поликлиникага болани ҳисобга қўйиш учун юборади.

ФҲДЁ бўлимлари туғилганликни қайд этиш масаласидаги сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни қабул қилиб олганидан сўнг 3 иш соати ичида Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарори билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига асосан кўриб чиқади ва натижасига кўра болага нисбатан туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини расмийлаштиради.

ФҲДЁ бўлимлари 20 дақиқа ичида қайд этилган туғилганлик ҳақида далолатнома ёзуви, туғилганлик ҳақида гербли гувоҳнома Давлат хизматлари марказига етказиб беради.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига сўровнома ва туғилганлик ҳақида маълумотномани юборади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига сўровнома ва туғилганлик ҳақида маълумотномаси келиб тушганидан сўнг 1 иш куни мобайнида сўровномада кўрсатилган банк ҳисоб рақамига бир марталик нафақани ўтказади, ёки ариза берувчини сўровига кўра, ўзи мурожаат қилган тақдирда, нақд кўринишда беради.

Тиббий поликлиника боланинг электрон тиббий маълумотномаси ва алмашиш картаси келиб тушганидан сўнг 1 иш куни мобайнида, болани ҳисобга қўяди ва болага белгиланган шаклда анкета очиб беради.

Давлат хизматлари маркази ФҲДЁ бўлимлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни қабул қилиб олгандан сўнг 10 дақиқа ичида ариза берувчини ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади ва ариза берувчига болага нисбатан туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини имзолатган ҳолда тақдим этади.

Агар ариза берувчи туғилганликни қайд этиш ва у билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни 3 иш куни давомида Давлат хизматлари марказидан олиб кетмаса, Давлат хизматлари маркази ушбу ҳужжатларни далолатнома тузган ҳолда тегишли ФҲДЁ бўлимларига топширади ва бу ҳақда ариза берувчини хабардор қилади.

Давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ бўлимлари, тиббий муассасалар, бюджетдан ташқари пенсия жамғармалари ҳамда тиббий поликлиникалар ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган ариза берувчилар ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаши керак.

Хулоса шуки, лойиҳа фуқароларимизнинг бир неча идора орасидаги сарсонгарчиликлари, бюрократиянинг олдини олиш ва бир жойнинг ўзида бир неча ташвишлардан халос бўлишига имкон яратади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг