Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Тушунмайман, гапнинг рости — тушунмайман...

Тушунмайман, гапнинг рости — тушунмайман...

Нисбатан секинроқ ишласа-да, интернет бизга ҳам кириб келган.

Фото: PaySpace Magazine

2018 йил — Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили

Йилимиз номини жуда зарур соҳа билан боғладик, дастур ҳам муҳокамага қўйилди, ҳар бир амалий қадам халқ фаровонлигига йўналтирилмоқда. Аммо бугунги кун кўзи билан қараганда мутлақо мантиқсиз айрим талаб ва чекловлар борки, масалан, мен оддий фуқаро сифатида бу чекловлар нечук ҳануз яшаб келаётганига ҳечам тушунмайман.

Метро

Пойтахтга келган одам метрога тушади, метрога тушган одам суратга олгиси келади. Сайёҳ учун суратга олмаса, бу ерга ташриф буюришнинг нима кераги бор? Лекин суратга олиш мумкин эмас. Сабаби — хавфсизлик (бўлса керак). Хўш, бугун интернетда ҳар бир метронинг ҳар қандай ракурсдаги суратини топиш мумкин бўлган бир замонда, бу чоранинг нима кераги бор (қолган)?

Туннел

Қамчиқ довонидан ўтган одамни бу ернинг табиати мафтун қилади. Тоғларни тешиб ўтган бунёдкорлик намунаси — туннел ифтихор ҳиссини уйғотади. Лекин минг фахрланманг, суратга ололмайсиз. Яна ўша гап...

Божхона

Божхоначилар телефонингизни текширишади. Улар тақиқланган материаллар, айниқса беҳаё сурат ва видеоларни топишга усталар. Талаб, буйруқ шундай, бажаришади-да. Лекин қайси замонда яшаяпмиз? Интернет (секинроқ ишласа-да) бизга ҳам кириб келган, ўша беҳаё суратни бир тугмани босиш орқали топиш мумкин. Модомики маънавият масаласига жиддий қаралган экан, курашишнинг — «кетмон билан билан бир сол» усулини эмас, бошқа, ҳақиқий инновацион усулларини излаш вақти келмадими? Масалан, интернетда шунақа саҳифа очилганда, «Сиз шундай ахборотлар тарқатилувчи сайтга кирдингиз. Бунинг оқибати фалондақа» деган огоҳлантиришлар сингари.

Темир йўл чиптаси

Поездга олдиндан чипта олишга борганлар билади — паспортнинг аслини тақдим қилмасангиз, чипта сотиб ололмайсиз. Нусхаси ўтмайди. Қизиқ, нусхаси билан сотишга (ҳамма маълумотлар борку) нима тўсқинлик қилади? Ахир чипта бўлгани билан, вокзал ҳудудига киришдан бошлаб поездга чиққунча камида уч марта паспорт текширилади-ку. Нега йўловчи аввал шунчаки телефонидаги паспорт сурати билан чипта сотиб олиб, кейин уйидан паспорти-ю юкларини олиб келиб, поездга чиқа олмайди? (Сотилаётган онлайн чипталарни рўкач қилманг, улар ҳали оммалашишига кўп қовун пишиғи бор).

Прописка

Буниси мавзуларнинг энг ажойиби ва муҳокамасевари. Майли, қонун талаби шундай, Тошкентга келган одам уч кун ичида рўйхатдан ўтиши керак (лекин бу муддатда бирор киши улгурганини эшитмадим). Шу бир парча қоғоз билан инсон қандайдир тарафга ўзгариб қолади, деган фикрда ҳамон собитмиз. Бунга ҳам кўнайлик. Лекин шу бир парча қоғозни олиш учун мингта қоғоз тўплаш усулидан кўра, онлайн олиш усулини қўллашимизга нима халақит беради? Ахир мақсад вилоятликни (вилоятликни, Ўзбекистоннинг бир вилоятида яшовчи шахсни!) қандайдир чора билан рўйхатга олиш экан, нега шу вилоятлик битта порталга паспорт маълумотларини жўнатиб, пойтахтдаги тураржойини киритиб, зарур ҳужжатларни ололмайди? Ёки бунинг учун жорий йилдагидай йигирмата инновация йили ўтиши керакми? (Дарвоқе, «прописка» деган сеҳрли сўз жорий қилинганига ҳам янаги йил 20 йил тўларкан).

Тушунмайман, агар сизнинг ақлингиз етса — тушунтириб беринг!

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг