Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Уч кун гапирадиган одам

Уч кун гапирадиган одам

Сергап кишилар ўзларини руҳлантириш ёки овунтириш учун гапирадилар.

Фото: EduMarket

Ўшанда ҳокимликда ишлардим. Бизнинг бўлимга тегишли деб бир мурожаат-аризани топширишди. Йигирма уч варақдан иборат матнни қайта-қайта ўқиб, тўғриси, ҳеч вақони тушунмадим. Ариза муаллифи келди. Ердаги турмушдан бошлаб, космик тараққиётга улаб юборди у гапини! Фазо тилсимлари, коинотдаги эврилишлар ва самодаги ўзининг иштироки борасида тўхтамай гапираверди. Мен “қисқа қилинг, Склифосовский” қабилида сўз қотдим. Чунки, ҳақиқатан, вақтим кам эди. У эса, талабимга кўра, гапларини қисқа, лўнда ифодалаши учун камида уч кун вақт ажратишим кераклигини таъкидлади. Афсуски, маза-матрасиз, қип-қизил утопиядан иборат каломини уч кун эмас, ўттиз уч кун эшитсам ҳам англаб етишим даргумон эди.

“Темур тузуклари”да шундай дейилган: “Кам гапиринг, кам ухланг, кам тановул қилинг”. Бироқ эзма одамлар соҳибқирон бобомиз даври-ю, ундан олдин ва ҳозирги кунда ҳам бор. Агар жўяли фикр, эътиборга молик ғоя, таклиф бўлса, жон қулоғинг билан эшитасан! Бироқ бўлар-бўлмас гап айтила бошласа, вақтинг беҳуда кетаётганини дарҳол тушунасан.

Газетада ишлардим. Ишим бошимдан ошиб ётибди, “номер” топширишим керак. Телефон жиринглади. Бир ҳамюртим экан: “Алё, ассалому алайкум, яхшимисиз? Мен Фалончи Писмадонман. Эсингиздами, ҳууув... Ҳа, ҳа, ўшаман!.. Эркин аканинг олдига келувдим. Соат иккидан кейин вақти бўларкан. Унгача тўрт соат вақт бор. Олдингизга боряпман, соат иккигача гурунглашиб ўтирамиз”. Бир кулгим келади, бир жаҳлим чиқади. Бекорчи одам бошқани ҳам бекорчи деб ўйлайди-да, а?

Энг катта исрофгарчилик – вақтни зое кетказишдир. Олтиндан қиммат вақтнинг қадрига етишни қачон ўрганамиз? “Вақтинг кетди – нақдинг кетди”, деб бежиз айтилмаган ўзбек мақолида. Вайсақилар шунчаки вақтингизни олади, холос. Уларнинг гап-сўзларида маъно-мазмун йўқ. Бундай эзмаларга ўзларини тинглайдиган қулоқлар керак, вассалом! Дарҳол гапга тушиб кетадилар-да, “нуқта” ҳақида тамомила унутадилар, аниқроғи, гапларига нуқта қўйишни хоҳламайдилар.

Сергап кишилар ўзларини руҳлантириш ёки овунтириш учун гапирадилар. Сафсата уларни муаммо ва кўнгилсизликлардан чалғитади. Бу инсонлар ўз овозларини яхши кўриб, товушлари жарангини эшитганда қониқиш оладилар. Энди тасаввур қилинг: улар қанчадан-қанча идораларда бўлиб, неча-неча мутасадди ва ходимларнинг фурсатини ўғрилаётганини!

Тўғри, баъзида ичинг тўлиб кетади, ким биландир суҳбатлашишни хоҳлайсан, бир соме одамни қидириб қоласан. Дардлашай дейсан! Бироқ бу ўзганинг вақтини олиши яхши эмас. Нима қиласан, бир бечорани қийнаб? Ишдан сўнг, бир сокин маскан топиб, яқин биродарингни таклиф қил ва тўйгунингча гурунглаш! Фақат маънили гапир! Бўлар гапни гапир!

Ёзувчи Абдуқаюм Йўлдош айтади: “Бизнинг домда биз эзма ижодкор яшайди. Агар уни узоқдан кўрсак, дарҳол қочиб қолишга ҳаракат қиламиз. Орқага бурилиб, домни айланиб ўтиб бўлсаям жуфтакни ростлаймиз! Чунки... мабодо бу одамнинг “қўлига тушсак”, гапираверади-гапираверади, сира тугатмайди. Юрагимиз зада бўлиб қолган!”

Психотерапевтлар аниқлашича, катта ёшдаги вайсақиларни болалигида кўпинча ёлғиз қолдиришган. Кичкиналигида ё ота-онаси келгунча уйда соатлаб якка ўзи ўтирган, ёки улар томонидан ташлаб кетилган, тенгдошлари назар-писанд қилмаган. Шу боис муносабат, алоқа ўрнини тўлдириш учун тўхтовсиз гапиришган. Ён-атрофдагиларнинг эътиборини тортиш воситаси сифатида ҳам вайсақиликни шакллантиришган.

Айрим ҳолатларда ортиқча гапириб юбориш психик, неврологик ва ирсий мутаносибликнинг бузилиш аломатлари деб ҳам ҳисобланади. Шу боис баъзи эзма одамларнинг саломатлигида жиддий муаммолар кузатилади.

Абдулла Қаҳҳорнинг “Нутқ” номли новелласини ўқиган бўлсангиз керак. Унда эр қўлига қадаҳ олиб, шундай нутқ ирод қиладики, бечора хотини толиқиб кетади. Узундан-узоқ маърузани тўхтатиш учун эрини қаттиқ ўпишга мажбур бўлади. Ниҳоят... нотиқ бўш келмайди. “Битта ўпични деб нутқимни тўхтатайми?” дейди!

Ўзбекнинг яна бир мақоли бор: “Оғзимга келди деб дема, олдимга келди деб ема”. Ортиқча гапириш, валдираш ўрнига фойдали иш билан машғул бўлайлик. Ҳар бир дақиқанинг қадрига етайлик. Оташин шоиримиз Ғафур Ғулом ёзганидек: “Фурсат ғаниматдур шоҳ сатрлар-ла, безамоқ чоғидур умр дафтарин”.

Ёзганларимни ўқишга сарфлаган вақтингизга рози бўлинг, азиз ўқувчи!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг