Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Улуғбек расадхонасида қуёш соати ишламоқда

Улуғбек расадхонасида қуёш соати ишламоқда

Фото: Xabar.uz

Самарқанддаги Мирзо Улуғбек музей мажмуаси ҳовлисида ўрнатилган қуёш соати тирик экспонат ҳисобланади. Ундан фойдаланиш, вақтни аниқлаш мумкин.

Шунданми, экспонат атрофида доимо томошабинлар гавжум бўлади.

«Қуёш соати қачон пайдо бўлгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Ўзбекистон ҳудудида асрлар оша қуёш соати қатори, қум соати, юлдуз соати, сув соатидан фойдаланишган» дейди музей илмий ходими Икромиддин Сирожиддинов меҳмонларга.

Фото: Xabar.uz

Диаметри 70 сантиметрли асос доира шаклидаги ясси юза осмонга қаратилган. Сояси вақтни белгилайдиган милда Самарқанд шаҳри рамзи – қанотли йўлбарс тасвири. Доирада тонгги 5 дан оқшом 7 гача бўлган соатлар рақамларда белгиланган. Ҳар бир рақамдан сўнг ярим соатни кўрсатиши учун икки  сон оралиғи тенг иккига бўлинган чизиқча ҳам бор.  Фаслларга кўра пайдо бўладиган фарқни тузатишда минутлар қўшилиши учун жадвал ҳам бор.

Икромиддин Сирожиддинов сайёҳларга қуёш соати орқали вақтни айтади. Тўпланганлар беихтиёр телефонларини олиб соатларига қарашади ва дақиқама-дақиқа тўғри айтилган вақтдан ҳайратларини яширишмайди.

«Ушбу соат фақат булутли ва ёмғирли кунларда ишламайди, бошқа вақтда эрталабки 5 дан кечки 7 гача вақтни бемалол қуёш соатидан аниқлаш мумкин» дейди тарихчи.

Фото: Xabar.uz

Маълум бўлишича, 1964 йилда яратилган Улуғбекнинг тик турган ҳолда хаёл суриб турган ҳайкали пойида диамерти 3 метрли худди шундай соат бўлган. 2010 йилда ҳайкал ҳукмроннинг тахтда ўтирган ҳолатдагиси билан алмаштирилганда улкан қуёш соати ҳам  олинган. (Ҳозирда аввалги ҳайкал ҳам, улкан бутун ҳолатда хазиналарда сақланмоқда)

Амалдаги қуёш соати жорий йил март ойида ўрнатилган. Уни Ўзбекистон Фанлар академияси астрономия институти ходимлари яратишган. Бунда қадимий қуёш соатлари нусхалари ўрганилган.

Астраномия институти академиги Шуҳрат Эгамбердиев қуёш соатининг бир неча тури бўлишини айтади.  Унинг айтишича, Улуғбек музей-мажмуаси учун ходимларнинг чизмалари асосида тайёрланаётган соат горизонт қуёш соати ҳисобланади.

Фото: Xabar.uz

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг